Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Унинг қарори фуқаролик журналистикасини гўрга тиқади». Вазир журналистлар билан тўқнашди... (2-қисм)

«Унинг қарори фуқаролик журналистикасини гўрга тиқади». Вазир журналистлар билан тўқнашди... (2-қисм)

Ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаев журналистлар қуршовида.

Фото: «bnews.kz»

Қозоғистонда оммавий ахборот воситалари ходимларини ғазаблантирган ва уларнинг кескин норозилигига сабаб бўлаётган воқеа рўй бераётгани ҳақида хабар бергандик. Ахборот ва коммуникациялар вазири Даурен Абаевнинг биргина буйруққа ўзгартириш қилиш истаги Қозоғистон журналистлари ва аҳолиси, ижтимоий қатламларида катта акс-садо берди.


Мавзуга оид: Вазир журналистлар билан тўқнашди... (1-қисм)


Журналистдан бўлмаса, такси ҳайдовчисидан оласиз

Қозоғистонлик сиёсатшунос Эдуард Полетаев бу бўйича шундай дейди: «Афсуски, бугунги амалдорлар иш хонасини ўзининг шахсий макони, деб қабул қилади. Журналистларнинг улар хонасига қўққисдан кириб келиши ёқмайди. Аммо журналистлар буни бекорчиликдан қилмайди, балки уларни оёғи боқади.

Ҳукумат ва медиа-ҳамжамият ўзгаришлар ва жараёнларни турлича қабул қилади. Амалдорлар ўзига ҳисобдор соҳалар фаолиятини доимо регламентлаштиришга интилади. Уларнинг ўзи ҳам ана шундай буйруқлар тизимида яшайди ва ишлайди. Аммо журналистлар бу ҳолат уларнинг ҳуқуқларини камситаётгани нуқтаи назаридан норози бўлмоқда. Журналистик фаолиятини тартибга солиш масаласи бутун дунёда ҳам турлича қабул қилинади ва бунда жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак.

1999 йилда ОАВ тўғрисида қонун қабул қилинган эди. Яхшими-ёмонми ишлаб турибди. Махсус қонун ости ҳужжатларини қабул қилишга ҳозир алоҳида эҳтиёж ҳам йўқ. Тарбия кўрган журналистлар қандай кийинишни, қаерга ва қай вақтда боришни жуда яхши билишади.

Ҳамонки, амалдорларимиз ахборот очиқлиги билан мақтана олмас экан, журналистлар уларни турли йиғилишлар доирасида, иш хонаси атрофида кутишга мажбур-да. Аккредитация журналистлар учун ортиқча куч ва ғайрат сарфлашига олиб келади, зиммасига қўшимча мажбурият юкланади.

Ўзи мамлакатимизда ҳақиқий журналистлар кам. Уларга тўсиқ қўйиш эмас, балки ҳамкорлик қилиш керак. Акс ҳолда,келгусида одамларимиз маълумотларни билимдон такси ҳайдовчиларидан билиб олишига тўғри келади.

Ўзи «аккредитация» сўзининг маъноси «ишонч» демакдир. Аккредитация бюрократик тўсиқ эмас, балки шинам ва қулай шароитни яратиш жараёнига айланиши керак. Ҳокимият матбуот билан муросага бориши зарур. Йўқса, ахборот асрида жуда эскирган бир машмашага гувоҳ бўлиб қолаяпмиз.

Ҳозир журналистларга ёпишавермасдан, амалдорларнинг медиа маконда самарали ишлаши учун мезонларни ишлаб чиқишимиз керак. Айнан шу йўналишдаги ташаббуслар ҳалақит қилмас эди».

Бу очиқдан очиқ цензура ва журналистлар профессионал фаолиятига тўсиқдир!

Парламент сенати депутати, Қозоғистон журналистлар конгресси ижроия қўмитаси раҳбари Дарига Назарбаева вазирлик ташаббуси ҳақида баҳо берар экан, янги тартиб билан таниш эмаслигини, аммо уни тезда кўриб чиқишга ваъда берган эди.

Обрўли хоним ҳозир журналистлар «оғзини ёпиш»нинг имконсизлигини, ахборотни чеклашга бўлган ҳар қандай уриниш бефойдалигини айтиб ўтди.

Дарига Назарбаева. Фото: «otyrar.kz»

«Журналистлар ўз касби учун курашишга қодир бўлиши керак. Ҳозир ҳокимият билан ўзаро ҳамкорлик учун барча имкониятлар бор. Қонун лойиҳаси муҳокама қилинаётган вақтда ўз фикрингизни билдиришингиз, депутатлар ва ҳукумат билан ишлашингиз керак», дейди Дарига Назарбаева.

«Бу очиқдан очиқ цензура ва журналистлар профессионал фаолиятига тўсиқдир! Ўтинаман, ҳужжатга бундай бандларни қўшманг», дейди таниқли журналист Альберт Ахметов.

«КазТАГ» ахборот агентлиги Қозоғистон Бош прокурори Кайрат Кожамжаровга Ахборот ва коммуникациялар вазирлигининг ушбу ташаббуслари қонунчиликка қанчалик мос-мос эмаслиги бўйича тушунтириш сўраб, расмий талабнома жўнатди.

Таҳририят тузатиш лойиҳасининг ҳар бир банди бўйича тушунтириш сўрамоқда ва назорат органи бу факт бўйича қандай ва қанча вақтда жавоб чораларини кўриши ҳақида ҳам саволлар қўйган.

Бош прокуратура эса журналистлар аккредитацияси тартибининг оғирлаштилиши бўйича тартибнинг қонунийлигини фақатгина у қонуний кучга кирсагина текшира олишини совуққина маълум қилди. 

Вазир жаноблари ким томонда ўзи?

Вазирликнинг тутуриқсиз режасини Қозоғистон журналистлар уюшмаси раиси Сейткази Матаев ҳам танқидий баҳолади: «Аминманки, давлат органлари аккредитациясининг янги тартиблари оммавий тадбирларга журналистлар иштирокини чеклайди. Бу мантиқсиз талаб. Масалан, тадбир ўтадиган жойда ички тартибга риоя қилиш ҳақида журналистнинг ёзма розилиги олиши Қозоғистонда ҳеч қачон бўлмаган эди.

Асосан, аккредитация билан давлат органлари шуғулланмоқда. Ортиқча кўз ва қулоқ бўлмаслиги учун улар янги тартиблар, янги баҳоналар ишлаб чиқишмоқда. Мустақил матбуот ходимларини қандайдир тадбир ва учрашувларга киритмаслик учун ҳар қандай йўлни излашмоқда.

Модератор белгиловчи регламент ва ички тартибга амал қилиш бўйича ёзма розилик дегани нимани англатади? Модератор нимани ҳал қилади? Авваллари стандарт тартиб бўларди. Бош муҳаррир аккредитация учун журналистлар рўйхатини ҳукуматга ёки парламентга тақдим этар, ҳеч қандай ёзма розилик талаб қилинмас эди. Агар розилик сўралаётган бўлса, демак Бош муҳаррирга ҳам ишонч йўқми?

Фото: «Sputnik Казахстан»

Журналист ва оммавий ахборот воситаси ўртасидаги шартнома борлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиш бўйича банд эса бизни ғазабга келтирмоқда. Бу фуқаролик журналистикасини гўрга тиқади.

Шу йўл билан блоггерлардан тўлиқ қутилишмоқчи, шекилли. Чунки улар ҳеч ким билан шартнома имзоламасдан ишлашади. Улар энди ким билан шартнома қилишсин. Марк Цукерберг биланми?

Нодавлат журналистлари эса бу тадбирларга бормай ҳам қўяверади. Шу тариқа давлат органлари фаолиятини ёритиш ўлда-жўлда қолиб кетади, ахборот макони сунъий равишда қисқаради. 

Ҳали вақт бор экан жамоатчилик фикрини шакллантиришда муҳим сегмент бўлган ижтимоий тармоқларда танқидни кучайтиришимизга тўғри келади.

Биз «Одил сўз» халқаро сўз эркинлигини ҳимоя қилувчи жамғарма ва фаол ҳамкасбларимиз билан лойиҳани ҳар томонлама муҳокама қилаяпмиз. Хуллас, энди тинч ўтирмаймиз».

Айрим ижтимоий  тармоқлар аллақачон Абаевнинг истеъфосини талаб қилмоқда. Вазир бу лавозимда журналистларни қўллаб-қувватлаш ўрнига уларни сиқиштириш ва босим ўтказиш билан шуғулланганини айтишмоқда.

Таниқли журналист Сарикжан Маулетбой «eGov»даги очиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сайтида шундай ёзади: «Вазир жаноблари ким томонда эканини унутиб қўшган кўринади? Алоҳида вазирликлар эмас, балки сўз эркинлиги ва журналистикани ҳимоя қилишингиз зарурлигини Сизга айтишмаган кўринади. Бу Қозоғистон қонунчилигига зид ва журналистларни танлаб-саралашга, айирмачиликка олиб келади.

Аккредитация олиш учун шахсий гувоҳнома копияси, таҳририят билан меҳнат шартномаси, аккредитация қилувчи ташкилот ички тартибига амал қилиш тўғрисида ёзма розилик, бош муҳаррир аризаси талаб этилади. Аммо булар қонунларга зиддир. Мен бу буйруқни чиқаришдан қандай фойда бор эканлигини кўрмаяпман».

Йил бўйи бўйинбоғ тақсин!

Таниқли ижодкорлардан бири Тамара Симахина янги тартибни танқид қилар экан бундай дейди: «Қонунда ким аккредитациядан ўтказиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳақида кўрга хассадек қилиб ёзиб қўйилган. Журналистлар ахборотни ўзи учун эмас, балки бутун қозоғистонликларни хабардор қилиш учун йиғади. Демак, халқнинг ахборот олиш ҳуқуқи чекланаяпти.

Иш берувчи билан ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасини учинчи шахсларга берилиши ҳам қонунга зиддир. Бу шартномада иш ҳақи ва бошқа мажбуриятлар кўрсатилган бўлади. Кўплаб таҳририятларда маош тижорат сири ҳисобланади. Буни аккредитациядан ўтказувчи ташкилот билиши умуман шарт эмас.

Штатдан ташқари ишловчилар ҳам гарчи меҳнат шартномасига эга бўлмаса-да, журналист ҳисобланади. Улар қалам ҳақи эвазига вақти-вақти билан ёзиб туришади. Бу ерда блоггерларга нисбатан катта камситишлар бор. Улар ҳеч қандай меҳнат шартномасига эга эмаслар. Шу сабабли аккредитациядан ўтказилмади. Аммо блоггер шўрликлар ОАВ тўғрисидаги қонунни бузса, барча журналистлар қатори жавобгарликка тортилади. Мажбурият ва масъулияти бошқалар каби тенг-ку, бироқ ҳуқуқлари кам бўлса...

Бу иш бизда яна қачон бўлаяпти, интернет ресурсларига фойдаланувчилар томонидан талаб ҳар қачонгидан ошаётган бир даврда бўлаяпти.

Аккредитация бериш рад этилса, журналист ёки унинг таҳририяти ташкилотни судга бериши мумкин. Биринчи босқич 4 ойдан олти ойгача давом этиши мумкин, ундан кейин апелляция бор.

Ички тартибга келсак, ҳамма ишни ташлаб журналист кун бўйи борган ташкилотининг ички тартиб-қоидалари билан танишиб ўтирадими. Агар у ўзларига қандай маъқул келса, шундай ёзиб олинган бўлса-чи. Ички тартиб аслида бу ерда ишловчилар учун керак, журналистлар учун эмас.

Масалан, аккредитациядан ўтган журналист футболка ва шимда академикдан интервью олиш учун борди, дейлик. Фанлар академиясига кириш жойида уни ичкарига қўйишмади. Интервью ухлади, тўғрими? Энди тартибни бузиб қўймайлик, деб журналистнинг йил ўн икки ой давомида костюм ва бўйинбоғда юришни тасаввур қилаверинг.

Ички тартибларда ташкилот ҳудудида телефон ёки фотоаппаратдан фойдаланиш тақиқлаб қўйилган бўлса-чи. Журналист автоматик тарзда ишчи воситасидан айрилиб қолади. Буларнинг барчаси Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари ҳақидаги халқаро пактнинг сўз эркинлигига доир 19-моддасини бузишдир», дейди журналист.

Буларнинг барчаси нимани кўрсатади?

2016 йил майда Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев янги вазирликни ташкил этганида, бу ижро органига журналистларнинг фаолиятини назорат қилишни ва уларга тўсиқ қўйишни топширмаган эди. Балки ахборот маконини мониторинг қилиш, энг муҳим масалалар бўйича жамоатчиликнинг фикрини ўрганиш, ОАВни ривожлантириш учун инвестициялар жалб этиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун маҳсулотлар сифатини ошириш, давлат ташкилотларининг ахборот фаоллиги ва фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган.

Ҳукумат аъзосига нисбатан қандай чора кўрилади, буни шиддат билан ривожланаётган воқеалар ривожи яқин орада кўрсатади.

А.Ҳасанов


P.S. Ушбу мақола тайёрланган бир пайтда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ижро ҳокимияти ишидан қониқмай, 21 февраль куни мамлакат ҳукуматини истеъфога чиқарди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг