Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Уруш манзаралари: «Қалбдаги жароҳат битмайди»

Уруш манзаралари: «Қалбдаги жароҳат битмайди»

Фото: «RIZVAN»

Киши ўз олдига бирон мақсад қўйиб, майда-чуйда ташвишларга ўралашмай, бутун салоҳиятини шунга йўналтириб, чин дилдан интилса, албатта ниятига етади. Мана бир мисол: Жиззах вилояти Янгиобод туманидаги Сармич қишлоғида яшовчи Мамарайим Тўрақулов деган юртдошимиз сув чиқмайдиган икки гектарлик тошлоқни бола-чақаси билан бир йил давомида тошдан тозалаб, боғ яратганига минглаб гувоҳлар бор. Бу 1996 йилги гап. Ҳозир «Ҳусни Юсуф», «Дилафрўз», «Шоҳиди аъло», «Нанни» деб аталувчи олма, ўрик, узум, анжирларнинг эртапишар, ўртапишар, кечпишар навлари мўл ҳосил бериб, соҳибининг кўнглини шод, элдошлари дастурхонини обод қилмоқда. Бу ҳақда «Ишонч» газетасининг 2010 йил 14 январ кунги сонида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Хонимқуловнинг «Тушларида жилмаювчи боғ» номли очерки эълон қилинган.

Ҳақиқатан ҳам дунёда ҳамма нарсанинг иложи бор. Бироқ ер юзида қанча одам яшаган бўлса ҳаммасини бир туйғу ўртаган бўлиши керак — болалик соғинчи, болаликка қайтишнинг иложи йўқлиги.

Биз тенги авлоднинг болалиги ўтган асрнинг етмишинчи йиллари охири — саксонинчи йилларига тўғри келади. Бугунги кун нуқтаи назаридан қараганда у кунлар дунёдаги икки буюк давлат ўртасида қуролланиш пойгаси давом этаётган, миллионлаб одамлар кўнглининг бир чеккасини совуқ уруш хавфи музлатиб турган давр эди. Ҳар-ҳар замон газеталарда у ёки бу давлат атом бомбасини синовдан ўтказганлиги тўғрисидаги хабарларга кўзимиз тушарди. Бу хабарларни ўқиб болалиги уруш кўланкасида қолиб кетган оталаримиз, биз учун жанггоҳларда қон кечган боболаримизнинг кўнглидан не ўйлар кечган экан? Биз эса мактабдан келибоқ чойни ҳам чала-чулпа ичиб, футболга, гоҳида «лой уриш», «чим уриш», «отишма», «пақ-пақ» деб аталишидан қатъи назар моҳиятан бир хил уруш-уруш ўйинига ошиқар эдик.

Раҳматли отам Маҳмарайим Нишон ўғли(1939-1999)нинг ҳикоя қилишича, уруш йиллари катта отам Нишон Аҳмад ўғли колхознинг йилқисини боққан. Унга иш ҳақи сифатида кунига учта нон беришаркан. Уни катта отам уч маҳал катта энам ва болалари — Зулайҳо, Мукаррам ва Зумрад аммаларим, Иброҳим бобом ва отамга бўлиб берар экан.

«Жудаям эрка бўлганман, — дейди отам. — Зулайҳо амманг нимжон, Мукаррам амманг бақувват қиз эди. Доим кўтар деб хархаша қилиб, елкасидан тушмас эдим».

Халқимизда «Бировнинг нонини туя қилди» деган гап бор. Осмондан олинмаган. Тақсимотда отам «менга энг каттасини беринг» деб жанжал қиларкан. Қорни нонга тўймаган боланинг бу кичкинагина эркалигини ўйласам, ҳар сафар кўнглим бир газ чўкади.

«Энди кимнинг нонини туя қилиб берай?», — деб сўрар экан катта отам. «Меникини, меникини», — дейишаркан бобом билан аммаларим кулиб. Катта отам уларникидан номигагина бир-бир тишлам олиб ер экан. Эркатойи эса «Меникини катта туя қилинг» дегани учун уникини катта тишлар экан.

Отам «мана бундай» деб бир бўлак нонни тишлаб кўрсатарди. Нон нимаси биландир тик турган туяга ўхшаб қоларди.

Ёш бўлганмиз, унинг аммаларим Бегим момо, Хадича момо, Азиз момо сингари дугоналари билан қишлоғимиз этагидаги Ашрафсойдан, дашту далалардан фронтдаги аскарларимизга консерва қилиш учун тошбақа териб келганликлари, ўзлари эса баҳор чоғлари бир қозон сувга бир ҳовуч ун ва исмалоқ солиб атала пишириб еганлари, Узоқ малим, Омон малим каби ўсмир болаларнинг қўш қўшиб ер ҳайдаганлари, хотин-халажларнинг гектар-гектар буғдойни ўроқ билан ўрганлари, машоқ терганлари, уруш йиллари тоғаси Элмурод Дўстмурод ўғлининг Эронда хизмат қилганлиги ҳақидаги ҳикояларини эртак эшитгандай тинглардик.

Дарвоқе, ўзаро гурунгларда тошбақа ҳақидаги гапларни боёвутлик дўстимиз, «Ишонч» газетаси бош муҳаррири Жаҳонгир Шарофбоев ҳам ёши тўқсонга бориб қолган бувиси Ҳанифа Қорабоевадан эшитганини айтган эди.

Қишлоғимиз (Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги Қизилкарвон қишлоғи) кичкина, аҳолиси мингдан зиёд. Аммо уруш йиллари эркаклари армияга олинмаган, чоллар, аёллар ва болалари фидокорона меҳнати билан фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшмаган биронта хонадон йўқ ҳисоби.

Абдураззоқ Дониёров, Абдурайим ва Абдураҳмон Азимовлар, Ўрол Бобохонов, Ўрол Ражабов... Булар урушдан яраланиб бўлса-да омон-эсон қайтган қишлоқдошларим. Қайтмаганлари эса бундан ҳам кўп: Абдуллаев Абдураҳмон, Болтаев Қурбон, Жўраев Ниёз, Бекмуродов Қўнгирот, Одиров Омон, Умиров Ниёз... Уларнинг номлари пойтахтимизнинг Мустақиллик майдонига ўрнатилган «Хотира китоби»да қайд этилган. Умуман қишлоғимиздан 45 киши урушга бориб, 16 нафари қайтиб келган, 29 нафари қайтмаган. Бугунги дориломон кунлар, болаликдаги беғубор орзуларимиз рўёби, болаларимизнинг кўзларидаги ҳайрату кулгулар учун улардан қарздормиз.

Иккинчи катта отам (онамнинг отаси), қўшни қишлоқда яшовчи Омон Шерали ўғли бизникига меҳмон бўлиб келса, ҳар гал дастурхонга фотиҳа қилаётганда «Илойим, биз кўрган урушни сизлар кўрманглар!» деб дуо қилгувчи эди.

Биз, уруш кўрмаганлар, ўша суронли йиллар ҳақидаги киноларни қанча кўп кўрмайлик, китобларни ўқимайлик, атиги бир кунлик қирғинбаротнинг даҳшатини ҳам тўлиқ тасаввур қила олмаймиз. Буни уруш қатнашчиларининг ўзидан сўранг. Агар бардоши етса баданларидаги аллақачон битиб кетган яралар, қалбларидаги ҳамон битмаган жароҳатлар ҳақида сўзлаб беришади. Эҳтимол, халқимизнинг энг сара ўғлонлари 1941 — 1945-йилги урушдан олдинги ва кейинги ўн йилликларда Сталин бошлиқ мустабидлар қатағонининг жабрини тортганини ҳам эсингизга солишар. Буларни унутишга эса ҳеч қайсимизнинг ҳаққимиз йўқ.

Бундан етти йил бурун, Каттақўрғон туманидаги 28-мактаб директори Азиза Боймуродова сабаб бўлиб, уруш қатнашчиси, кўплаб жанговар орден ва медаллар соҳиби, каттақўрғонлик гўри нурга тўлгур Ражаб Муҳаммадиев(1922-2004)нинг хотира дафтари қўлимга тушиб қолди. Дафтарни менга у кишининг набираси, Янгийўл технология-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Алишер Иброҳимов тақдим этди. Ражаб бобонинг кўрган-кечирганлари асосида «Каттақўрғондан Берлингача» деган китобча тайёрладим ва у «Тафаккур» нашриётида 2011 йили чоп этилди. Китобча уруш ҳақидаги тасаввурингизни бироз бойитса, Ўзбекистон раҳбарияти юритаётган тинчликпарвар сиёсатнинг қадрига етишга ундаса ажабмас.

Қуйида китобчадаги айрим лавҳаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ҳасан Карвонли

 * * *

Ражаб Муҳаммадиев

Ўзим ҳақимда

Мен 1922 йили Каттақўрғоннинг Янгиобод қишлоғида камбағал оилада туғилганман. Отам Муҳаммади Турсун ўғли деган киши бўлган. Бойлар эшигида мардикорлик қилган. Ўзининг ери бўлмаган. 1930-йилларда колхоз тузилгандан кейин унда ишлаган. 1934 йили ўз ажали билан уйда вафот этган.

Онам Муқим Ҳазрат қизи деган аёл эди. Отамнинг вафотидан кейин Бекмурод деган кишига турмушга чиққан. У кишидан икки синглим бор: Нортош Бекмуродова ва Севар Бекмуродова. Иккови ҳам бола-чақали.

Онам мен армиядан келиб ишлаб юрганимда 1952 йили вафот этди. Ўгай отам 1950 йилда боқий дунёга рихлат қилган.

Мен 1935 йили Болтабек қишлоғида 4-синфни тамомлаб, 1936 йили Суннатулла, Жаҳонгир, Раббим деган болалар билан Кадан қишлоғига бориб ўқидим. 7-синфни Каданда тамомлаб, Пайшанбадаги ўрта мактабни 1941 йили тугатдим.

Пайшанбада бирга ўқиган синфдошларимдан Кўмирда Мавжуда, Қўштепада Нозик, Қиммат, Мундиёнда Ўрол, Пайшанбада Ойниса бор. Ўғил болалардан битта Қуролов Сарсон деган қозоқ ўқитувчи Қирғизда бор. Қолганлари урушда ўлиб кетган.

Пайшанба ва Каданда интернат ҳисобида овқатланиб, ётиб ўқир эдик.

Илк жанг

...Дўхтирхонадан қайтиб келганимда ноябр ойининг ўрталари эди. Жангга тайёргарлик кўрилаётганди. Ҳаво жуда совуқ. Шамол қорни у томондан бу томонга учириб юрарди. Ертўламизнинг эшиги ичкарига очиларди. Кечаси билан эшик олдини қор қоплаб қоларди.

Биз жанг қилмоқчи бўлиб турган жой очиқ қир, пасти сой, қирнинг этагида пиёда аскарлар жойлашган, уларнинг олдида Волга дарёсининг Москва тарафга оқадиган бир тармоғи. Дарёнинг биз тарафдаги ёқасида ҳам немислар бор эди. Полкимиз урушга тайёр ҳолатда. Кечаси тўпларни қўриқлаб, мудофаада турамиз.

Жанг қилишимиздан уч кун олдин кечаси траншеяда бораётсам, Шохўжаев Муҳиддин жўрам окоп деворига суяниб қотиб қолибди. Олдига бориб «Муҳиддин!» десам, «Ҳа?» дейди. «Нимага буйтиб турибсан?» десам, «Шундай бўлиб қолдим» дейди. Қимирлаёлмайди. Уни ертўлага судраб олиб келдим-да, санитар-инструкторни уйғотдим ва унга топшириб қайтиб кетдим. Шу-шу, Шохўжаевни урушдан кейин кўрдим.

Шохўжаевни жўнатиб юборгандан кейин 1942 йил 25 ноябр куни жангга кирдик. Немисларни дарёнинг бу томонидан ҳам, у томонидан ҳам ҳайдаб, беш-олтита қишлоқни озод этиб, 11 километр қувиб бордик. Тўртта тўпимиз бор эди, взводимизда битта қолди. Бошқаларини немислар ишдан чиқарди. Тўпларни тортадиган 41 та отимиз бор эди. Улар ҳам жароҳатланиб, ўлиб тамом бўлди. Гўштини қайнатиб едик.

Урушда фақат бир маҳал, кечаси овқат келтириб беришар эди. Баъзан шу ҳам бўлмай қоларди.

Шу 11 километр жойни озод қилгунча ҳалок бўлган аскарларни кўз олдимга келтирсам — ҳисоби йўқ. Ҳар бир ўрмондан иккинчисига ўтиб олгунча орадаги очиқ жойда ўлган одам ҳар қадамга биттадан тўғри келади десам ҳам бўлади. Одамни аямай олдинга ҳайдашарди...

 Оёғингдан отаман...

Шундай қилиб, битта тўпимиз бутун қолгандан кейин бизларга уни олдинга олиб чиқиб, маскировка қилиб қўйиб, немис танки пайдо бўлса отасизлар деган буйруқ бўлди. Снарядни ўртасидан ипга боғлаб, ипни бўйнимизга осиб, судралиб тўп ёнига олиб борардик. Бир куни судраб келаётганимда немислар ўққа тутди. Бир ўқ снарядни ўртасидан тешиб ўтиб кетди. Эсон-омон олиб бордим. Биттаси яроқсиз бўлиб қолди.

1942 йил декабр ойининг бошлари эди. Ўзимиз арча дарахтларининг тагида, қорда ётамиз. Фақат взвод командири билан бўлинма бошлиғи битта сабзи ўрадай чуқур окопда ётади. Шохўжаев Муҳиддин кетганидан кейин Тарнов қишлоғидан Шавқиев Муҳиддин деган бола билан бирга бўлдим. 10 — 11-декабр кунлари бизга овқат келмай қолди. Қорнимиз оч. 11 декабр куни туш пайти немислар ҳам, биз ҳам отишмай, тинч бўлиб қолдик. Уруш йўқдай. Шунда мен Муҳиддинга «Жўра, мен немислар томонга қараб тураман. Сен орқамизда ётган ўликларнинг сумкасини кўр, нони бўлса олиб кел» деб 40-50 метрча орқага жўнатдим. Ўзим йиқилган арчанинг панасида душман тарафга қараб ётдим.

Бир вақт Муҳиддин жўрам ярим тўрва нон олиб келди. Нондан ташқари икки қўлтиғига солиб кўп пул ҳам олиб келибди. Дарров нонни олиб, тўрвамдаги яхна от гўшти билан ея бошладим.

«Пулларни санаш», — деди Муҳиддин қўйнидаги пулларни ерга тўкиб. «Нима қиласан бу пулни?», — дедим. «Ярадор бўлиб чиқиб кетсак еймиз, уйга юборамиз», — деди.

Мен унга «Жўра, менга пул керак эмас. Керак бўлса санаб оласанми-санамай оласанми, ихтиёринг. Ўлмасам бир кунимни кўрарман» дедим. Шундан сўнг у нонни ҳам еёлмай пул санашга тушди. 30 сўмлик қизил пуллар ҳам бор эди.

Пулни киссаларига солиб олди. Кейин ўйланиб қолди. Менга қараб «Жўра, сендан илтимос, мени қўлимдан от» деди. Уни сени отиб мен ҳам ўлайми деб уришдим. Бироз туриб яна менга «Сенинг оёғингдан отаман, сен менинг қўлимдан от» деб қолди. Аччиғим келди. Кўкрагига милтиқни тўғрилаб, ҳозир отиб ташлаб, командирга хабар қиламан деб қўрқитдим. Шундан кейин индамай, олиб келган нонидан ея бошлади.

Арча тагида туриб, валёнка этигим қўнжидан темир қошиғимни олиб, шохдаги қордан сув ўрнига еб турувдим, қўққисдан немислар миномётдан ўққа тутиб қолди. Бир мина орқамга тушиб ёрилди. Йиқилиб тушдим. Нон еб турган Муҳиддин Шавқиев дод деб қолди. Қарасам, пешонасидан қон оқаяпти. Уни командир олдига, 50 метрча орқадаги окопга олиб бордим. Лейтенант унинг ярасини боғлаб, менга «Бор, бунинг милтиғини келтириб бер, ўзи орқага — дўхтирхонага борсин» деди.

Муҳиддин «Ўзим кетолмайман, жўрам олиб борсин» деб илтимос қилди. Шу орада командир окопига кирган эди, битта мина шу чуқурга тушиб ёрилди, командир титилиб кетди.

Мен Муҳиддинни эргаштириб дўхтирга жўнадим. Дўхтирхона икки километрча орқада, бир қирдаги ертўлада экан. Боргунча ўнг оёғимни босишга қийналдим. Жуда сувсаган эдим, етгунча қор еб бордим.

Дўхтирхонада сизлар бошқа полкдан экансизлар, қабул қилолмаймиз деб чиқариб юборишди. Ташқарига чиқиб тўйиб сув ичувдим, қорнимда бир иссиқлик сездим. Ичимга қўлимни суқиб кўрсам, қонга бўялиб чиқди.

Елкамдан, чап қўлимнинг тепасидан яраланган эканман. Камарим қисиб боғлангани учун қон пастга кетмай, орқамдан олдимга оқиб келибди. Хурсанд бўлиб кетдим. Чунки урушда ярадор бўлиб тирик қолиш ҳам бахт ҳисобланади.

Қайтиб яна шу дўхтирхонага кирдик. Қабул қилмасанг кетмаймиз деб туриб олдик. Дўхтир сўкина-сўкина рози бўлди. Муҳиддиннинг яраси яхши боғланган экан, унга қоғоз ёзиб берди. Менинг ҳамма жойим увишиб ётган эди. Оёғимнинг оқсаши ўнг қуймичимга осколка кириб қолганидан экан. Дўхтир: «Соғ еринг қолмабди, ўлмайсан!», — деди. Бу гап менга малол келди.

Шундан сўнг унинг айтгани бўйича икковимиз 1942 йилнинг 11 декабрида кунботар пайти қорнинг ёруғида пиёда полк дўхтирхонаси томон жўнадик. Олти километрча юриб айтилган дўхтирхонани топиб келдик. Бу ерда мени оғир ярадор деб машинада, Муҳиддинни эса юриш қобилиятинг бор деб юра оладиган бошқа ярадорларга қўшиб орқага — дивизия медсанбатига жўнатишди. Шу тариқа Шавқиев Муҳиддин билан ажрашиб кетдик. У ўзи айтганидай ўликлардан олган пулини ўзи едими, уйига жўнатдими — хабарим йўқ. Муҳиддин масаласига кейинроқ яна тўхталаман.  

Палов

...Одер дарёсидан ўтганимизда ленинградлик Катя деган санитаримиз яраланди, воронежлик Паша деган ҳамширамиз, яна бир врач, учта фелдшер, старшинамиз ўлди. Ишқилиб, ярим одамимиз нобуд бўлди.

Орадан икки кун ўтгач, Чёрнов билан мени яна полк штабига чақириб қолишди. Қоронғи тушгач борсак, битта махфий пакет бериб, шуни кечаси ўнта кам ўн иккига 1-ротага олиб бориб, натижасини етказиб келасизлар деб буюришди.

Йўлга тушдик. Ҳалиги ярадор лейтенантни олиб келган жойнинг чап томонидаги ўрмонгабораяпмиз. Ўрмон ичи жуда қоронғи, уруш йўқдай жимжит. Ўзимизникилардан кўпчилик ўлиб, ротанинг одами взводникичалик ҳам қолгани йўқ эди.

Махфий пакет киссада, ўрмон оралаб аста-секин кетаяпмиз. 1-рота қаердалигини сўрайлик десак, ҳеч ким учрамайди. 200 метрча чап тарафимизда бир сарой ёниб ётибди. Бизга айтилган жойда ҳеч кимни учратмай, таваккалига боравердик. Бир вақт немис аравакашларига тўқнашиб кетишимизга озгина қолди. Иккита от-аравага нимадир ортиб олишган. Немислар отни ҳийё-ҳийё деб ҳайдар экан. Йўлдан беш метрча узоқда, дарахтлар орасида яшириниб турдик. Улар ўтиб кетгандан кейин қўрқиб, аста-секин орқага қайтдик. Адашиб, ўзимизникилардан ҳам, немисларнинг олдинги қисмидан ҳам ўтиб кетибмиз.

Бояги ёнаётган сарой чап томонимизда эди, энди қайтишда ўнг томонимизда бўлади деб мўлжал қилдик-да, ҳушёрлик билан қайтавердик. Киссадаги конвертда нима ёзилганини билмаймиз.

Бу томонга келишдан ҳам қайтишимиз хавфли бўлиб қолди. Синган шохни босиб олсак, шақирлаб кетишидан ҳам хавотирланамиз.

Анча юрдик, ёниб ётган саройдан ҳам ўтдик. Бир вақт бир аскар дарахт тагида окоп қазаётган жойга келиб қолибмиз. Ўзимизникиларданми, немисларданми — билмаймиз. Ўтириб кузатиб турдик. Бир маҳал у ўрисчалаб сўкиниб қолди. Секин бориб ўзимизни танитдик. Шу 1-ротанинг аскари экан. Муддаомизни билгач, бизни командирининг олдига олиб борди. Унга штабдан берилган махфий пакетни топширдик.

Командир хатни маскировка қилиб ўқиди-да, «Ўртоқлар, ҳозир ўрнимизга бошқа полк келар экан. Биз ўрмондан чиқиб кетамиз», — деди. Шундан сўнг секин-аста орқага юз метрча чиқсак, ўзи бошқа армия келаётган экан.

Кейин полкимизга одам беришди. Ўлган, ярадор бўлган аскарларимиз ўрнига одам олиб, полкимизни тўлдириб, Найси деган дарё ёнидаги Найси шаҳрига бордик. Бу вақт 1945 йилнинг 20 апрели эди.

Армиямиз Берлинга ҳужум қилиш учун куч тўплаётганди. Бизнинг 286-полкимиз Найси шаҳрининг жануби-ғарбий томонидаги иккита қишлоқдан фашистларни қувиб чиқарди.

Найсида мудофаада турганимизда бир иморатнинг ичида яшикка солинибқумга кўмилганқизил сабзи кўриб қолдим. Ўзимизнинг паловни қўмсаб, гуруч ахтаришга тушдим. Иккита уйда шарти кетиб парти қолган икки кампир ётган экан. Мени кўриб немисчалаб «сув бер» деб қолишди. Афсуски, у ерда сув йўқ эди. Кейин бошқа уйларни қарадим. Шаҳарда шу кампирлардан бошқа одамни кўрмадим. Бари мол-мулкини ташлаб қочиб кетган экан. Охири бир уйдан яхши гуруч топиб олиб бордим-да, санитаримиз — фарғоналик Абдуқодиров Абдураҳмон акага «Мен сабзи-гуруч топсам ош қиласизми?» дедим. У киши ишонмай, «Қанийди, агар топсангизбитта фарғонача палов қилардим-да» деди. Масаллиқларни кўрсатган эдим, хурсанд бўлиб кетди. Гўшт-ёғ кўп эди. Чўян қозон топиб, сергўшт, серсабзи қилиб ош дамладик. Бошлиғимизнинг хонасига бир чинни товоқ палов олиб бордим. Эшигини оёғим билан тақиллатсам хотини Нина очди. Қўлимдаги паловни кўриб, «Бу қанақа овқат?» деб сўради. Эри — полкимизнинг бош врачи, капитан унга «Муҳаммадиевнинг қўлидан товоқни ол, бу қанақа овқатлигини сенга ўзим айтаман» деди хурсанд бўлиб ва мендан бунинг масаллиғини қаердан топдиларинг деб сўраб қолди. Миллати озарбайжон эди.

Бошқа жўраларга ҳам ош улашдик. Шундай қилиб Германияда бир марта палов қилиб еган эдик.

Ажалдан қочиб бўлмайди

Шу орада полкимизга қўшимча одам келиб қолди. Орасида иккита ўзбек бола ҳам бор экан. Улардан «Қачон армияга олиндингизлар, қаердансизлар?» деб сўрадим. Фарғона вилоятидан экан, март ойида армияга олишибди. Биттаси шундай деб қолди: «Уруш бошлангандан бери мени олти марта ҳарбий комиссариатга чақиришди. Ҳар сафар ўн минг сўм пул бериб қолардим. Бу гал ҳам ўн минг сўм олиб борган эдим, военком олмади. “Энди борасан, фронтга етмасдан йўлда эканлигингдаёқ уруш тугайди. Сен урушга борган бўлиб, юзинг ёруғ бўлади” деди. Мана, уруш тамом бўлмай етиб келдик».

Улар мендан «Сиз ўзбек экансиз. Биз 1-баталёнга тушдик. Ҳолимиздан хабар олиб туринг» деб илтимос қилишди.

Орадан бир-икки кун ўтиб 1-баталёнга борсам, бир бойнинг ҳовлисининг кунчиқар томонида, тол дарахтининг тагида окоп қазиб ётган эканлар. 26 апрел куни немислар повлис патрон деган қуролдан отиб, бизнинг олдинги траншеяни тортиб олибди. Бу ҳақда полк штабига хабар келган заҳоти 1-баталён командирига қоқ туш вақти — соат 12 да ўша жойга яқин бойнинг ҳовлисидаги иккита миномётдан душманни ўққа тутиб, ҳужумга ўтиб траншеяни қайтариб олиш тўғрисида буйруқ берилди. Мен ҳам соат 12 бўлмайярадорларни жанггоҳдан олиб чиқиш учун иккита санитарим билан 1-баталён турган жойга бордим.

Белгиланган вақтда душман миномётлардан ўққа тутила бошланди. Кейин аскарлар ҳужумга ўтиб, немисларни траншеядан қувиб чиқаришди. Қаранг-а, шу орада фақат ўша фарғоналик икки йигит ўлибди.

Ота юрт соғинчи

...1942 йили фронтда туш кўрдим. Катта бир қора ит келиб чап қўлимдан тишлади. Шундан кейин шу қўлимдан оғир яраландим. Ўша ит 1945 йил январ ойида яна тушимга кириб, югуриб келиб ташланди. Қўлимда қиличим бор эмиш. У билан итни иккига бўлиб ташладим, яна иккига, жами тўртга бўлибман. Уйғонсам, қора терга ботиб кетибман. Қарангки, урушда Германия енгилиб, тўртга бўлиниб кетди.

1945 йил 7 ноябр куни кекса аскарлар қатори менга ҳам жавоб беришди. Жанг майдонида уч йил хизмат қилган эканман. Ҳар йилга 900 сўмдан, жами 2700 сўм пул, кийим-кечак, совға-саломни тантана билан топширишди. Уйга беш килодан учта посилка жўнатдим.

Биз минган поезднинг пешонасига Сталиннинг катта расми илинган, тагига русчалаб «Она ватан, ғолиб ўғлонларингни кутиб ол!» деб ёзилган, ҳар вагоннинг олдинги бурчагига байроқ ўрнатилган, ўртасига шиорлар ёзилган эди. Бизни тантанали равишда кузатишди, ҳарбий оркестр мусиқа чалиб, суратчилар расмга олиб қолишди. Поезд икки километрча аста-секин, кейин тез юриб кетди.

Австриядан Венгрияга, ундан Руминияга, ундан Бессарабияга, кейин Украинага етиб келдик. СССР ҳудудига ўтганимиздан ҳар бекатда бизни халқ кутиб ола бошлади. Тошкентга 1945 йил 4 декабр куни етиб келдим. Хурсандлигимдан иштаҳам боғланиб, мутлақо овқат еёлмай қолдим.

Тўй

Шундай қилиб Тошкентдан Самарқандга 6 декабр куни тунги соат иккиларда поездда келдим. Мени учта ўғри кутиб олди. Бири новча, иккитаси қилтириқ киши эди. Шу орада поезддан каттақўрғонлик Михаил деган жуҳуд киши ҳам тушди. Ёнимда немис ханжари бор эди (1980-йилларгача уйда турарди, кейин Ҳусан ўғлим йўқотдими, билмадим). Шу ханжардан ҳайиқишдими, ўғрилар бизга яқинлашолмадилар. Аммо станциядаги чойхонага кирганимизда улар ҳам ортимиздан киришди.

Чойхонада армиядан қайтганлар учун махсус жой бор экан. Чойхоначи бизни одамлардан ажратиб, ўша томонга ўтказди. Қўлимда бир чамадон ва бир тўрва қимматбаҳо нарсалар бор эди. Эрталабгача шу чойхонада ўтирдик.

Эрталаб Зирабулоқ кўчасидаги чойхонага келдим. Бу ерда нонушта қилиш учун халтамдан чўчқа гўштидан бўлган консервани олиб очдим-да, олдимдаги оппоқ соқолли бир отахон билан неварасини ҳам таклиф қилдим. Ўзимча агар шу гўштнинг чўчқаники эканлигини айтмасам гуноҳига қоламан деб ўйлаб, «Отахон, гўшт чўчқаники, сизга айтиб қўйганим яхши» десам, у киши менга «Болам, бу мозорбости, савоб бўлади» деб гўштдан олиб еяверишди. Кейин билсам, ўзимизда очарчилик экан, менинг бундан хабарим йўқ.

Чойхонадан пиёда Нарпай ёқасига келдим. Пайшанбага бориш учун биронта машина йўқ. Қарасам, пахта заводидан тўртта туя етаклаган бир эшакли отахон келаяпти. Илтимос қилувдим, битта туяга юкларимни ортиб, ўзимга ҳам «мин» деди. Туяга минмай ёнида Пайшанбага қараб пиёда жўнадим. Пашканинг боғига келсам, бир шофёр бир ярим тонналик юк машинасини тузатиб, жўнамоқчи бўлиб турган экан. Унга илтимос қилган эдим, дарров юкларимни туядан олиб, машинасига миндириб жўнади.

Пайшанбага тушга яқин кириб бордик. У ерда колхозимизнинг саройи бор эди. Саройга келдим-да, уйга хабар қилдим. Келганимни бутун қишлоқ билиб, ҳовлига икки қишлоқ одами — эркак-аёл йиғилиб турганида кунботар маҳали Неъматнинг отаси Шомамат тоғанинг аравасида уйга кириб бордим.

Ўзимизнинг дарвозадан то мен келаётган тошлоққача одамлар подшони кутиб олаётгандай қатор бўлиб турган экан. Аравадан тушиб бир бошидан кўришиб келавердим. Онам билан ўгай отам хурсандчиликдан супада қотиб қолишибди. Улар билан ҳам қучоқлашиб кўришдим.

Қариндош-уруғ, қишлоқдошлар менинг, мен уларнинг дийдорига тўймайман. Анча гурунглашдик. Бор пулимни бобойга бердим.

Эртаси куни катта тўй қилдик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг