Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Уят деб билсангиз, бу мақолани ўқиманг!

Уят деб билсангиз, бу мақолани ўқиманг!

Эркаклар-ку бир амаллашяпти, аммо аёллар нима қилишади?

Фото: АиФ Омск

(Мақола ўтган йили ёзилган)

Ҳеч ҳисоблаб кўрганмисиз, умрингизнинг қанча вақтини дам олишга сарфлайсиз? Ухлаш, ўтириб телевизор кўриш эмас, айнан хорижда ёки ўзимиздаги дам олиш масканларида дам олишга. Энг илғорларимиз ҳам йилига бир ҳафта ўн кун ҳисобида, айтайлик, йигирма йил боришганда ҳам нари борса беш ой атрофида узлуксиз дам олишаркан.

Лекин етмиш йил яшаган инсон ўз умрининг тахминан олти ойини ҳожатхонада ўтказади. Бу жараён нафақат бир инсон учун, балки бутун жамият учун муҳим. Кексаларимиз «Бирор оила ҳақида тасаввурга эга бўлмоқчи бўлсанг, ҳожатхонасига кириб кўр» деб бежизга айтишмайди. Бу тизимнинг қандай ишлаши бир оила эмас, ташкилотлар, давлат муассасалари, кўнгилочар ва умумий овқатланиш масканлари ва умуман бутун бир мамлакат ҳақида ҳам етарлича хулоса чиқаришга асос бўлиши мумкин.

Агар бу мақоладаги мавзу сиз учун бемаъни, бачкана ва қоғозга туширишга арзимайдиган туйилса, давомини ўқимай қўяқолинг.

Бу борада энг мураккаб вазият Африканинг қатор давлатлари ва Ҳиндистонда экан. Африка давлатларида сув танқислиги ва тиббий маданиятнинг пастлиги бунга сабаб бўлса, бизнинг тасаввуримиздаги гўзал Ҳиндистонда ўта зич аҳоли учун керакли миқдорда ҳожатхоналарнинг йўқлиги, санитар ҳолатга эътибор сустлиги ва кўпчилик учун асрлар давомида дуч келган жойда бавл қилиш одатга айланиб қолганлиги экан.

Ҳожатхона тизимининг яхшилиги бўйича энг етакчи давлат Сингапур эканлиги эътироф этилган. Бу давлатда ҳамма учун қулай жойлардаги ҳожатхоналар шу қадар тоза ва бенуқсон ишлайдики, ҳатто Европанинг энг ривожланган давлатлари ҳам ҳавас қилса арзийди.

Муаммо ўта долзарблигини «Бутунжаҳон ҳожатхона ташкилоти» тузилгани ва бу ташкилот ўзининг биринчи конгрессини 2001 йилда айнан Сингапурда ўтказганлигидан ҳам билса бўлади. Чунки канализация сувларини қайтадан ичиш даражасида тозалай олган бу давлат тажрибаси бутун дунё бўйлаб ўрганишга лойиқ, деб тан олинган. Ҳозирда ҳар йили бу ташкилот навбати билан турли давлатларда катта саммитлар ўтказиб, дунё бўйлаб ҳожатхоналардаги санитар аҳволни ўрганади, зарур тавсиялар беради.

Хўш, бизда-чи, бу борада ҳолат қанақа? Албатта, “Бутунжаҳон ҳожатхона ташкилоти” рейтингида етакчи бўлмасак-да, шармандали ўнликка ҳам тушиб кетмаганмиз, яъни айтмоқ мумкинки, қониқарли ўрталик нарисидамиз. Аммо умуминсоний ва тиббий маданиятимизни ошириш учун қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп.

Айниқса, ҳудуд маълум ташкилотга ёки шахсга бириктирилмаган жамоат жойларида шундай ҳолатларга дуч келамизки, бундай одамлар қаердан пайдо бўлишига ҳайратда қолмай илож йўқ. Келинг, уларнинг қилмишларини тасвирлаб ўтирмайлик, кўргансиз, яхши биласиз, энсангиз қотган, нафратлангансиз…

Юртимиз бўйлаб узоқ сафарларга отлансангиз, албатта йўл бўйлаб тик турганича тескари қараб… иш бажараётган эркакларга дуч келасиз. Эркаклар-ку бир амаллашяпти, аммо аёллар нима қилишади? Йирик трассалар атрофида онда-сонда учрайдиган, пахсадан кўтарилиб бўз матодан «эшик» қилинган ҳожатхоналарга-ку, киргандан-кирмаган маъқул. Албатта, шуларни ҳам кимдир савоб умидида қурган, фойдаланиш учун шунчалик топшириб қўйибди, лекин уларнинг аҳволига ҳавас қилиб бўлмаслиги рост.

Пулли бўлса ҳам ҳожатхоналарни кўпайтириш зарур, айниқса шаҳарларда, аҳоли гавжум жойларда бутун бир кўчаларни кезсангиз ҳам баъзан бундай жой топа олмаймиз.  Топганимиз ҳам кўнгилдагидек эмас. Ахир давлатимиз ривожланиб бормоқда, кун сайин юртимизга сайёҳлар кўпроқ ташриф буюришмоқда, шундай экан инсон ҳаёти учун элементар эҳтиёжни таъминлаш лозим. Бутун дунё фойдаланаётган биоҳожатхоналар, кўчадаги кўчма кабиналар ҳам биз учун бегоналигича қолмоқда. Ўз ҳисобларидан чиройли ҳожатхона ташкил қилганларни ва беғараз фойдаланиш учун бераётганларни умуман эшитмаганмиз. Ахир бу ҳам савобку. Яхшики масжидларимиз бор, таҳоратхоналари ишлаб турибди, ибодат қилинмаса ҳам кириш мумкин, лекин бу камлик қилади-да.

Бу масала бутун бир миллат маданиятининг бир тимсоли, демак, жиддий қараш лозим.

 

Қизиқарли фактлар:

* Санкт-Петербург шаҳри раҳбарияти сайёҳлардан ва аҳолидан кўплаб шикоятлар тушгани учун шаҳардаги ҳар қандай муассаса ҳар қандай инсонга ўз ҳожатхонасидан беғараз фойдаланиш имкониятини яратиши шартлиги ҳақида қарор қабул қилган.

* Саёҳат қилганлар айтишади: Ҳиндистоннинг айрим жойларида совчи бўлиб келган куёв томонга бериладиган энг муҳим савол нима деб ўйлайсиз? Уйми, машинами, банкдаги ҳисоб рақамими? Йўқ. «Алоҳида, яъни ўзларингнинг ҳожатхоналаринг борми?» деб сўрашаркан. Бу биринчи рақамли савол экан. Шундай жойлар бор эканки, эрталаб эркаклар қатор турволиб, йўл четига «чоптирар» эканлар. Ўт ўчириш машиналари уларга сув сепиб, қочирар экан. Аммо машина ўтиб кетгач, қолган жойидан давом эттиришаркан. Айрим қизлар ҳожатхонаси йўқлиги учун мактабга бормай қўя қолишаркан. Сари нимага керак? Бу ҳимоя воситаси, аниқроғи, тўсиш учун ҳам хизмат қиларкан. Қизлар, аёллар сарида масалан, бир чиройли гулзор ичида ўтириб, гул ҳидлаётгандек кўриниб, аслида ўша гулзор ичида…

Муаллифдан: хабарларга қараганда, мамлакатимизда жорий йилдан бошлаб жамоат ҳожатхоналарини кўпайтириш ва уларнинг ҳолатини кескин яхшилаш бўйича жиддий лойиҳалар мўлжалланган. Бундан, албатта, жуда хурсандмиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг