Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қамоқхонадаги узоқ муддатли учрашувлар учун тўловлар деярли икки баравар камайтирилди

Қамоқхонадаги узоқ муддатли учрашувлар учун тўловлар деярли икки баравар камайтирилди

Фото: «Ohrana.ru»

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи — Ички ишлар вазирининг Матбуот котиби Қутбиддин Бурҳонов ЎзА мухбирига янги ҳибсхона ҳақида маълумот бергани ҳақида хабар қилган эдик.

— Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 11 августдаги «Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазоларни ижро этиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида жазони ижро этиш муассасалаларида маҳкумларга, улар билан кўриши учун келган яқинларига учрашиш учун зарур шарт-шароит яратишга эътибор қаратилган, — дейди Қ.Бурҳонов.

Маълум бўлишича, ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларида узоқ муддатли учрашувларга хоналар тақдим этганлик учун янги тарифлар Молия ва Ички ишлар вазирликлари томонидан 2017 йил 29 декабрда тасдиқланди. Мазкур қарор 2018 йил 17 январда Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилди.

Ҳамкорликда имзоланган қарор иловасида 2 кишилик хонага суткалик тўлов энг кам иш ҳақининг 5 фоизи, яъни 8612 сўм, 3 кишилик хонага суткалик тўлов энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида, яъни 17 224 сўм, 4 кишилик хонага суткалик тўлов энг кам иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида, яъни 25 836 сўм этиб белгиланди.

— Айрим оммавий ахборот воситаларида мазкур тарифлар оширилган, деб талқин қилинди. Шу боис жазони ижро этиш муассасаларидаги узоқ муддатли учрашувларга хоналар тақдим этилгани учун аввал белгиланган нархларга эътибор қаратилса яхши бўларди. Демак, аввал 2 кишилик хонага суткалик тўлов — 15 895 сўм, 3 кишилик хонага — 30 100 сўм, 4 кишилик хонага — 45 166 сўмни ташкил этган. Рақамларни таққослаш асносида янги тарифлар билан бу борадаги нархлар анча арзонлаштирилганини кўриш мумкин, — дея таъкидлайди ИИВ матбуот котиби.

Шунингдек, тариф асосида тўловлар маҳкумлардан, 16 ёшгача бўлган болалардан (агар болалар катта ёшли кишилар билан келмаган бўлса), 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслардан, кам таъминланган оилалардан бўлган шахслардан (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида) ундирилмайди.

Бу маблағлар хоналарни сақлаш учун сарфланадиган ҳаражатлар, уларни жорий ва капитал таъмирлаш, хўжалик инвентарларини сотиб олиш учун сарфланади.

Айни пайтда маҳкумларга масофали видео-учрашув ташкил этиш имкониятини назарда тутган ҳолда ҳимояланган алоқа канали бўйича видеоконференция тизимини босқичма-босқич жорий этиш юзасидан иш олиб борилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳибсга олинган ва жиноий жавобгарликка тортилган шахсларга нисбатан қийноққа солиш, руҳий ҳамда жисмоний босим ўтказиш, жазони ижро этиш муассасаларида бошқа ғайриинсоний зўравонликка мутлақо йўл қўйилмаслик борасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш бўйича 2018-2022 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

— Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида, жумладан, жазони ижро этиш муассасаларида олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизнинг кечиримлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик тамойилларига асосланган. Мазкур тамойиллар жазони ижро этиш тизимининг муҳим йўналиши бўлиши билан бирга бу жараён замон талабларига мувофиқ такомиллаштириб борилади, — дейди Қ.Бурҳонов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг