Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Воажаб! Китоб ўқимаганга... 55 балл!

Воажаб! Китоб ўқимаганга... 55 балл!

Давлат телевидениесининг «Ёшлар» телеканали орқали «Энг яхши китобхон» танлови бўлиб ўтди. Ғолиблар аниқланди. «Энг яхши китобхон»га томошабинлар кўз олдида турган «Спарк» автомобили калити топширилди.

Ҳаммаси яхши, ҳаммаси аъло! Аниқ билмайман-у, бошқа мамлакатларда бундай танлов ўтказилмаса керак. Бу катта гап, улкан иш!

Бироқ мени танлов иштирокчиларининг уқувсизлиги, билимсизлиги ўйлантириб қўйди. Аксарияти оз, жуда оз ўқийди. Улар фақат «олиб қочади»! Китобни кўп мутолаа қилган инсон дарров сезилади. Ундаги иштиёқ, интилиш яққол намоён бўлади. Ахир ўқиган китоби, қисса ва роман ҳақида 2-3 дақиқа гапириш мумкин эмасми? Буларнинг айримлари эса сўзини апил-тапил тугатяпти. Орқасига ўгирилиб вақт қанча қолганига қараяпти ва яна давом эттиряпти. Баъзилари эса очиқчасига «бўлди, бошқа гапим йўқ» деяпти. Энг чиройли ва нуфузли танлов бу, тўрт мисра шеърни мониторда ўқиб туриб, 2 дақиқа мобайнида бурро-бурро шарҳлаб беролмаса, нега келишган? Очиғини айтганда, ҳатто «олиб қочиш»га ҳам кучлари етмай қолди.

Дарвоқе, «олиб қочиш» хусусида. 20 – 30 ёшлилар орасидаги танловда Жавлон исмли йигит Достоевскийнинг «Жиноят ва жазо» романи ҳақида гапиририб ташлади. Бироқ унинг бу асарни ўқимагани яққол билинди. Қизиқ, қандай қилиб роман ҳақида гапира туриб, қаҳрамонлар, воқеалар, сюжет ва хотимани тилга олмаслик мумкин? Кўзбўямачилик эмасми бу? Нега ёшларимиз алдамчи, киприк қоқмай ёлғон гапиради?

Жавлоннинг «оламшумул» шарҳидан сўнг сўз ҳакамларга берилди. Ҳакамлар ҳайъати раиси Шуҳрат Ризаев балл қўя олмаслигини айтди. «Чунки бу йигит «Жиноят ва жазо»ни ўқимаган», деди. Ризаев айтганидек, ўқимаган китоб ҳақида дангал айтиш керак. Мард бўлиб бу ҳақда тан олиш керак. «Спарк» илинжида ёлғондакам шарҳлаб, булбулдек сайраган билан иш битмайди.

Шуҳрат Ризаевга раҳмат айтайлик. Бироқ бошқа икки ҳакам Жавлонга 50 ва 55 балл қўйиб беришди. Ўқилмаган романни «олиб қочиб» шарҳлаганлик учун!

Назаримда, ҳакамлар иштирокчиларни роса авайлашяпти, аксинча талабчанликни ошириш керак. Мутолаа қилинган китоб ҳақида иштирокчининг ростдан ўқиган-ўқимаганини билиш учун саволлар берилиши жоиз. Масалан: «Романни ўқиган экансиз, асар қандай тугайди?» «Бош қаҳрамонлар кимлар...» «Фалон воқеадан кейин сюжет қай тарзда кечади?» ва ҳоказо... Бундай ёндашув танлов иштирокчиларини асло мулзам қилиш эмас! Ўқиган бўлса, нега мулзам тортсин? Мутолаа қилмаганми, марҳамат, минбарни бўшатсин.

Ёшларимиз ростгўй, очиқ, дангал бўлсин! Мағлубиятни тан олсин. Бояқиш Гулҳида таскин бериш билан овора, мағлубиятга учраган иштирокчи қиз эса «боринг-ей» деб кетиб қолди. Тўрт мисра шеърдаги бўш қолдирилган сўзларни топа олмаган йигитча эса ўз эътирозини билдирди. Нима эмиш, бу шарт танлов нуфузини белгиламасмиш! Кечириб қўясан, ука! Агар кўп шеър ўқиганингда, китоб қўлингдан тушмаганида бундай демасдинг асло!

Танлов жуда яхши, бироқ айрим камчиликларни ҳам тилга олиш керак. Бошловчининг шундоқ орқасидаги (ўнг томондаги) баннерда Ханс Кристиан Андерсон деб ёзиб қўйилибди! Андерсонми ёки Андерсен?

Танлов кўламини ҳам кенгайтириш керак. Ўзбек адабиёти билан бирга жаҳон адабиёти намуналаридан саволларни кўпайтириш зарур. Алхусус, шеърият билан боғлиқ шартларда А.Орипов, У.Азим, М.Юсуф, С.Саййид, И.Мирзо ижоди билан чекланиб қолингандек туюлди. Пушкин, Лермонтов, Ўлжас Сулаймонов қани? Дунё классикасини эътибордан қолдирмаслик жоиз. Токи ёшлар уларнинг китобларини ҳам топиб ўқишсин, дунёқарашини кенгайтирсин, нуқтаи назари биқиқ бўлиб қолмасин.

Яна бир гап: бу танлов фақат «Ёшлар»ники эмас. Таъбир жоиз бўлса, «Маданият ва маърифат»дан ташқари бошқа телеканаллар ёритса ҳам мақсадга мувофиқ бўларди. Тушунамиз, бу танлов Ёшлар Иттифоқи ташкилоти ҳомийлиги ва шафелигида ўтказилмоқда. Унинг нуфузини ошириш керак, демоқчиман. Ахир китоблар, умуман, адабиёт, шоир-ёзувчилар мавзуси нафақат «Маданият ва маърифат», «Ёшлар»нинг, балки барча телеканаллар, оммавий ахборот воситаларининг ташвишига айланмоғи зарур. Токи маънавият, китобхонлик, мутолаа бирламчи омилга айлансин.

Изоҳлар 2

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг