Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хакерлар Хитой полицияси базасини «бузишди». Уйғурлар ҳақидаги маълумотлар сиздирилди

Хакерлар Хитой полицияси базасини «бузишди». Уйғурлар ҳақидаги маълумотлар сиздирилди

3000 га яқин уйғурлар.

BBC коллажи

Қамоқхоналардаги воқеликлар, махфий ҳужжатлар ва «экстремистик қарашлар» ҳамда «нифоқ чиқариш мақсадидаги провокациялар» учун судланган шахслар ҳақидаги суратлар эълон қилинди.

Хакерлар Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги икки полиция бўлимининг компьютер тизимларидаги файлларни юклаб олиб, уйғурларга нисбатан қўлланилаётган қийноқларни ўрганувчи антрополог Адриан Ценцга топширган. Олим ўзи олган маълумотлар асосида веб-сайт яратди ва уни халқаро медиа консорциумига юборди, деб хабар бермоқда BBC.

Халқаро тадқиқотчи журналистлар консорциумининг 2019 йилги маълумотларига кўра, Шинжондаги лагерларда судсиз ҳибсга олинган миллионга яқин маҳбуслар, асосан уйғурлар сақланади.

Хакер қўлга киритган файллар орасида 2018 йилда полиция бўлимларида олинган беш мингдан ортиқ уйғурларнинг фотосуратлари бор. Ценцнинг хулосасига кўра, хакерлик ҳужуми вақтида суратлари оммага ошкор бўлганларнинг 2884 нафари ҳибсда бўлган, қолганлари эса биометрик маълумотларини олиш учун жалб қилинган. 

BBC бу маълумотлар 2018 йилгача тўпланганини таъкидлайди. Журналистлар буни 2019 йил бошида Хитой расмийлари ҳужжатларни шифрлаш стандартларини кучайтиргани билан изоҳлади. Шу сабабли асосий маълумотларни хакерлар қўлга кирита олишмаган.

Маълумотлар базасида қўллари кишанланган одамлар ортидан таёқ ва милтиқ кўтарган қўриқчиларнинг суратлар ҳам бор. «Бу хавфсизлик машқлари бўлганми ёки йўқми, аниқ эмас», — деб ёзади «USA Today» нашри. Ценцнинг сўзларига кўра, маҳбусларни қўрқитиш учун бундай юришлар ўтказилади ва суратга олинади.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги, Хитойнинг Франция, Буюк Британиядаги элчихоналари ОАВ сўровларига жавоб бермагани айтилади. Хитойнинг АҚШдаги дипломатик миссияси матбуот котиби Лю Пэньюйнинг айтишича, Шинжонда содир бўлаётган воқеалар «инсон ҳуқуқлари ва дин билан эмас, балки терроризм, радикаллашув ҳамда сепаратизмга қарши курашиш билан боғлиқ».

Қайд этилишича, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет 28 майгача Хитойда қолади. У Шинжонга ташриф буюради. Бачелетнинг ташрифи, Хитой расмийларига кўра, «икки томон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини ривожлантиришга кўмаклашиш»га олиб келиши керак. Хитой ташқи ишлар вазири Ван И эса БМТ комиссарининг мамлакатга ташрифи «Хитой ҳақидаги ёлғонларни йўққа чиқаришига» умид билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг