Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Шерзод Шерматов: «Биз ҳам «сигирсиз сутни» хоҳлаётган бўлиб чиқмайлик!»

Шерзод Шерматов: «Биз ҳам «сигирсиз сутни» хоҳлаётган бўлиб чиқмайлик!»

Фото: «Xabar.uz»

Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов ўзининг «Facebook»даги саҳифасида MIT профессори Лорен Грэхем нега Россияда янгилик яратувчилар кўп бўлгани билан инновацияни жорий қилишдан доимо орқада қолаётганини содда қилиб тушунтириб берганини изоҳлайди.

Айтилишича, Россияда (собиқ СССРда) жуда кўп янгиликлар яратилган. Лекин улардан моддий фойдани айнан ғарб давлатларидаги компаниялар кўрмоқда. Россиялик олимларда лазер соҳасида икки нафар Нобел мукофоти лауреати бор, лекин Россия лазер технологиялари бозорида деярли ҳеч қандай ўринга эга эмас. Электр чироғиниям биринчи бўлиб Россиялик олим ўйлаб топган бўлса-да, у бозорга дастлаб АҚШда жорий этилган. Биринчи радио ва биринчи сунъий йўлдош Россияда (СССРда) яратилган, лекин телекоммуникация бозоридаги Россиянинг ўрни деярли билинмайди. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Нега Россияда янгиликлар яратиш шунчалик яхши ривожланган бўлса-да, уларни амалиётга жорий қилиш бўйича Россия жуда орқада? Бу саволга жавоб қаерда? Профессорнинг фикрича, кўпчилик раҳбарлар ривожланиш учун айнан янги технология керак деб ҳисоблаб келган, лекин ижтимой-иқтисодий муҳитнинг муҳимлигини эсдан чиқаришган.

Бунга профессор бир мисол келтирган, деб ёзади вазир ўринбосари: MIT университети вакиллари Россияга келиб университетлардаги учрашувлар давомида, кўпчиликни қизиқтирган «инновацияларнинг ривожланишига асосий сабаб нимада? Қандай қилиб биз ҳам MIT даражасига чиқишимиз мумкин?» деган саволларига MIT раҳбари «бу айнан университетда, Бостонда ва умуман АҚШда яратилган муҳит, яъни қонун устуворлиги, тадбиркорларнинг эркинлиги, ўз фикрини айта олиши, муаллифлик ҳуқуқларининг ҳимояси, хато қилиб банкрот бўлишдан қўрқмаслик ва ҳоказо» деса, Россия университетлари вакиллари тушунмай, «Қандай аниқ юқори технологиялар ишлатасизлар?», «Қандай қилиб биз ҳам шундай юқори технологияларни қўллай олишимиз мумкин?» ва шу каби саволлар бераверишади. Бу каби саволлардан МIT раҳбари таажжубга тушиб, сизлар «сигирсиз сут»ни сўраяпсизлар деган экан. Яъни, аввало тегишли муҳит – экосистемани яратиш (сигирни парваришлаш), ундан кейин эса инновацияларни ҳаётга жорий этишнинг оммавийлашиши (яъни сигирнинг сут бериши) кузатилишини тушунтиришга ҳаракат қилган.

Профессор Грэхем ўз нутқида: «Ҳали ҳануз Россияда бу масаланинг муҳим эканлигини тушуниб етишмагани кўриниб турибди», – дея таъкидлайди.

«Ушбу постдан мақсад, – дейди Шерзод Шерматов. – Россияда қандай ёмон аҳвол эканлигини кўрсатиш эмас, балки икки давлат орасида тарихий боғлиқлик бўлганига Россиядаги ҳолатни мисол сифатида келтирдим».

«Президентимиз бир неча бор олимлар билан учрашувларда бизда ҳам инновацияларни ҳаётга жорий этишдаги ҳолатнинг ёмонлиги ҳақида таъкидлаб ўтганлар», – давом этади вазир ўринбосари. – «Миллионлаб долларга сўнгги технологияларни олиб келиб қўйилгани билан, улардан фойдаланадиган олимларга эркин фаолият юритишга шароит яратилмаса ва ўз илмий изланишлари натижаларини бемалол эркин рақобат муҳитидаги хусусий сектор орқали ҳаётга жорий этишга имкониятлар берилмас экан, биз ҳам «сигирсиз сутни» хоҳлаётган бўлиб чиқамиз».

Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, Глобал инновацион индексда ҳам биринчи энг катта кўрсаткичлар гуруҳи бу – айнан «Бошқарув институтлари». 2015 йилдаги ҳисоботда Ўзбекистонга тегишли қисмида кўриниб турибдики, бу йўналишда ҳали амалга оширилиши керак бўлган ишлар жуда кўп. Шунинг учун, ишлаб чиқарилаётган Инновацион ривожланиш стратегиясида бу йўналишдаги ўзгаришларга ҳам алоҳида эътибор қаратишга ҳаракат қилмоқдамиз. Кўпчилик ҳалигача Инновация вазирлиги олимлар томонидан яратилган ишланмаларни сотиб бериши (коммерциализация қилиши) керак деган фикрда юришибди. Ваҳоланки, ҳар қандай вазирлик тижорат билан шуғулланмаслиги керак. Давлат органларининг вазифаси айнан хусусий секторга тижоратлаштириш билан шуғулланиши учун шароит яратиб бериши керак, – дея ўз хулосасини билдирган вазир ўринбосари.

Ўз постида видеодаги муҳокаманинг тўлиқ матни ҳаволаси ҳамда видеонинг тўлиқ талқинини ҳам келтириб ўтган:

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг