Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хўжайли тумани ҳокими: «Муаммоларни телеграмда ҳал қиляпмиз, бошқаларга ҳам буни тавсия қиламан»

Хўжайли тумани ҳокими: «Муаммоларни телеграмда ҳал қиляпмиз, бошқаларга ҳам буни тавсия қиламан»

Фото: «Kruz.uz»

Маълумот алмашиш ва мулоқотлашишда «Telegram» энг қулай воситалардан бирига айланиб қолди. Хўжайли тумани ҳокими Женгис Ермашев «Xabar.uz»га билдиришича, телеграм ёрдамида ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳам осон ва қисқа муддатда ҳал қилиш мумкин. Ҳоким буни ўз тажрибасидан келиб чиқиб айтмоқда.

— Хўжайли тумани бўйича 2018 йил 27 ноябрь ҳолатига йил бошидан жисмоний ва юридик шахслардан жами 3229 та мурожаат келиб тушди: 1075 таси ер, 1042 таси уй-жой, 122 таси моддий ёрдам, 28 таси йўлларни таъмирлаш, 93 таси коммунал хизматлар кўрсатиш, 9 таси корхона раҳбарлари устидан шикоят, қолган 870 таси бошқа ижтимоий масалалар. 

Бу муаммо ва важларни қисқа муддат ичида тезкор ҳал этиш, жойлардаги ҳақиқий вазиятни назорат қилиш ва билиб туриш учун аҳоли билан бевосита онлайн тарзда мулоқот ўрнатишга қарор қилдик. Яъни шундай бўлсинки, одамлар ҳокимга мурожаат этиш учун ҳатто уйларидан ҳам чиқишмасин. Шу мақсадда 2018 йилнинг 27 ноябрида «Telegram» мессенжерида «Хўжайли тумани ҳокимига электрон мурожаат гуруҳи»ни очдик.

Натижаси кутганимиздан ҳам яхши бўлди: тумандаги ўқув ва таълим масканлари, банк, архитектура, тиббиёт бирлашмаси, корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарлари фаолияти яхшироқ кузатиладиган бўлди, гуруҳга келиб тушган мурожаатларни тез ҳал қилиш ҳамда қилинган ишларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашда фотосуратлар ва видео тасвирлар жойлаштириб борилгани учун ҳар бир масалада бевосита ҳоким назорати ўрнатилди.


  • «Хўжайли тумани ҳокимига электрон мурожаат» гуруҳида ҳозир 8 минг нафарга яқин фаол фойдаланувчи бор.
  • Электрон мурожаат гуруҳини ҳокимнинг ўзи кузатиб боради ва мурожаатларнинг ҳал этилиши ва кўриб чиқилишини назорат қилади.
  • Гуруҳга аъзо бўлиш учун мессенжерда «@hokimgamurojaat» сўзини қидириш лозим.

2019 йил 6 февралигача электрон мурожаат гуруҳига жами 1579 та мурожаат келиб тушди. Шундан 657 (41 фоизи)таси қаноатлантирилиб, 800 (50,6 фоизи)тасига тушунтириш берилди. Яна 31 та таклиф ва мулоҳаза юзасидан ва 91 нафар фуқарога шахсан туман ҳокими қабулида бўлиш сўралди.

Телеграм гуруҳи очилмасидан олдинги 50 кун билан кейинги 50 кун солиштирилганида, мурожатлар билан боғлиқ вазият анча ижобий томонга ўзаргани, юқори идораларга мурожаат 219 тага камайгани, Жўқорғи Кенгес, Вазирлар кенгаши ва бошқа органларга мурожаат тўхтагани аниқланди.

«Хўжайли тумани ҳокимига электрон мурожаат гуруҳи»да фуқароларимиз ҳоким ва бошқа раҳбарлар билан бевосита онлайн мулоқот ўрнатиб, муаммо ёки масаласини эркин ёзиши, фотосуратлар ва видеоматериаллар тақдим этишлари мумкин. Эътибор беринг: мурожаат қабул қилинганлиги ҳақидаги жавобни одамлар шу заҳотиёқ олишади. Бундан ташқари, электрон мурожаат гуруҳида мутахассислардан исталган масалада фикр ва йўл-йўриқ сўраб, маслаҳат олиш мумкин.

Биз йўлга қўйган онлайн мулоқот президент ҳамда ҳукумат фармон ва қарорлари, жамиятимизда рўй бераётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда туман аҳамиятига молик воқеалар мазмун-моҳиятини халқимизга етказишимизда қўл келяпти. Таъкидлаш ўринлики, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда ҳам бу жуда қулай восита.

Демоқчиманки, бу амалиётни бошқа жойларда ҳам жорий этиш керак. Шунда халқ билан бевосита алоқа ўрнатиладики, бу ҳар бир туманнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланишида ўз аксини топмай қолмайди. Биз бунга ўз тажрибамиз давомида амин бўлдик.

Женгис Ермашев,
Хўжайли тумани ҳокими

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг