Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Холасидан қасд олган жиян  жиноий жавобгарликка тортилди

Холасидан қасд олган жиян  жиноий жавобгарликка тортилди

Фото:Хоразм вилояти ИИБ

Севган қизининг уйига совчиликка боришга кўнмаган, тўғрироғи, қизни ўзларига «тенг» билмаган холанинг  гаплари жиянига оғир ботди. Йигитнинг онаси  ҳам синглисининг гапидан чиқмади.

Қисқаси, онаси ва холасини йўлга сола олмаган йигит улардан... қасос олишга қасд қилди. Қандай қилиб?

Хола ҳам ўзлари билан яшаши йигитга қўл келди. У холаси уйда йўқлигидан фойдаланиб, унга тегишли бўлган темир сейфни ярим тунда ҳовлининг орқа томонига олиб ўтади. Шубҳага ўрин қолдирмаслик учун сейфни калит билан эмас, кучли темир ёрдамида очади ва...  50 000 000 сўмлик тилла буюмларни олиб,  кўча бошидаги ахлат уюмлари орасига яшириб қўяди.

Эртасига уйга келган хола  сейф жойида эмаслигидан ташвишга тушиб, дарҳол ИИБга хабар беради.

ИИБ ходимлари ишга киришганидан хавотирга тушган жиян «айбини ювиш»га тушади денг. Яъни, яширган  жойидан тиллаларни олиб, холасининг иккинчи сейфига, ҳеч кимга сездирмай солиб қўяди. Сўнг... ички ишлар бўлимига бориб, айбига иқрор бўлади.

Иш судга ўтгач, жиянга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ўтказган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Холадан қасос олишга ўйламай  қилинган ҳаракатнинг якуни шу бўлди.

Жиян-у холанинг исми-шарифи, манзилини ёзиб ўтирмадик. Бунга ҳожат йўқ. Мақсад - адоват,  аламзадалик кишининг кўзини кўр, ақлини заиф қилиб қўйишини таъкидламоқ, холос.

Майли,  пардани сал кўтарамиз: воқелик Наманганда содир бўлди.

Яна бир гап: турмуш масаласида ёшларнинг кўнглига ҳам қараш керакмикан? Кўнгил иши нозик-да.

Акрамжон Арипов,
Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят    суди бўлими бошлиғи

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг