Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Холис ва ҳаққоний ахборот ноўрин хулосаларга ўрин қолдирмайди

Холис ва ҳаққоний ахборот ноўрин хулосаларга ўрин қолдирмайди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги «Пенсия ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан пенсия ва нафақалар Халқ банки томонидан аҳолига нақд пул кўринишида, ҳар ойнинг 27-санасигача тарқатилиши қатъий белгиланган.

Ўтган даврда ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Халқ банкининг барча ҳудудий ва туман (шаҳар) филиалларида пенсия ва нафақа тўловлари бўлими ташкил этилди. Шунингдек, 2 000 та сайёр касса, 4 000 нафар кассир ва бухгалтер назоратчи штат бирликлари очилиб, ходимлар ишга қабул қилинди.

Пенсионерларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Халқ банки Бошқаруви томонидан сайёр кассаларида 2000 та планшет ускунаси сотиб олиниб, ҳудудларга етказиб берилди. Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида банк томонидан махсус стендлар тайёрланиб, фуқаролар учун қулай жойларга жойлаштирилди. Шу билан бирга ҳар бир банк филиалида ишонч телефонлари ҳам ишлаб турибди.

Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, айрим ноҳолис манбалар томонидан Халқ банкининг жойлардаги аҳолига нафақа ва пенсия тарқатувчи ходимлари фаолиятини нотўғри талқин қилиниш ҳолатлари ҳам учрамоқда.

Мисол учун куни кеча, яъни 2018 йил 23 май куни «Centre1.com» сайтида Сергели туманида истиқомат қилувчи 64 ёшли фуқаро Татьяна Вязьмина пенсиясини вақтида ололмай сарсон бўлаётгани баён қилинди.

Воҳоланки, ушбу ҳолатни ўрганганимизда хабарда кўрсатилган важлар ўз исботини топмади. Яъни Сергели туман ҳокими тасдиқлаган режа-графикка асосан, Т.Вязьмина истиқомат қилувчи «Иттифоқ» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги пенсиянерларга ҳар ойнинг 18-25 санаси оралиғида пенсия ва нафақа қатъий тартиб асосида тарқатиб келинган.

Қонунчиликда ўрнатилган тартибга кўра, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, шунингдек, мустақил ҳаракатланиш ва тегишли тўловларни сайёр кассалардан олиш имкониятига эга бўлмаган шахсларга пул маблағлари бевосита уларнинг яшаш жойига етказиб берилиши белгиланган. Бу борада ҳам Халқ банки ходимлари фуқаро Т.Вязьминанинг соғлигини инобатга олиб, пенсиясини ҳар ойда унинг уйига олиб бориб беришмоқда. Буни унинг ўзи ҳам, тегишли ҳужжатлар ҳам тасдиқлаб турибди.

Айтиб ўтиш лозимки, бу каби аҳолини чалғитувчи, нохолис ахборотлар бошқа сайтларда ҳам учрамоқда. Хусусан, ўтган ойда «Озодлик» радиосининг сайтида «Сиздан телеграм» рукнида «Нафақа пули учун кунлаб навбатда турганларнинг тоби қочди» номли хабар тарқатилди. Унда «Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани Пайшанба ва Мирзо Улуғбек маҳаллаларида яшовчи аҳоли нафақа пулини оламан, дея 2-3 кун навбатда туриб, сарсон бўлмоқда. Кўпчилик (улар орасида ногиронлар ҳам бор) кута-кута қуруқ қўл билан уйига қайтмоқда. Айримларнинг эса навбатда туриб тоби қочмоқда. Оддий халқни қийнаётган муаммо ҳал этилиб, нафақа пулини аҳолига тез ва соз етказишларини сўраймиз" деган маълумот ҳамда фотосурат берилган эди.

Ушбу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ўрганилганда ҳудудда Пайшанба номли маҳалла мавжуд эмаслиги, Мирзо Уруғбек маҳалла фуқаролар йиғини бўйича шикоятли ҳолат йўқлиги маълум бўлди. Аксинча, ҳудуддаги аҳоли пенсияларини ўз вақтида олишаётгани ва банк ходимларидан миннатдор эканликларини баён қилишди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Халқ банки томонидан аҳолига пенсия ва нафақани ўз вақтида, ишончли етказиб бериш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Ушбу тизимнинг шаффоф ишлашини таъминлаш мақсадида Халқ банкида қисқа рақамли «11 06» ва ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ишонч телефонлари жорий қилинган бўлиб, фуқароларимиз ушбу рақамларга иш кунлари ўзларини қизиқтирган ҳар қандай масала бўйича мурожаат қилишлари мумкин.

Биз эса айрим ахборот тарқатувчилардан холис ва ҳаққоний маълумот беришларини сўраб қоламиз.

Банк ахборот хизмати

Реклама ҳуқуқи асосида

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг