Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хоразмда гўшт арзонламоқда. Йўғ-е?! Ҳа-де!

Хоразмда гўшт арзонламоқда. Йўғ-е?! Ҳа-де!

Фото: «Xabar.uz»

Бир кило гўшт Хивада 50 000 сўмдан, Ҳазораспда 45 000 сўмдан, Хонқада 48 000 сўмдан сотилаётган бир пайтда Урганч шаҳрида нарх арзонлашаётгани кузатилмоқда.

Айни кунларда Урганчнинг «Марказий деҳқон бозори» ва бошқа кичик савдо шохобчаларидаги 1 кило мол гўшти 35 000 сўмдан сотилаётир. Ушбу манзара кўпчилик ҳайратига сабаб бўлаётган бўлса, яна бир тоифа одамлар миш-миш билан машғул денг: «Вилоят ҳокими қассобларга гўштнинг нархини 40 000 сўмдан оширмайсан деб қатъий талаб қўйганмиш...»,  «Бош вазир келаётган экан, шунинг учун қассоблар гўшни 2-3 кун арзонроқ сотиб туришаркан...».

Аслида гўшт нархининг пасайишига мутлақо бошқа омил сабаб бўлмоқда.

— Ички бозор эҳтиёжини тўла қондириш мақсадида тадбиркорлар чет элдан гўшт олиб келишни бошлади, — дейди қассоб Азимбой Хўжаев. — Шунинг эвазига Урганчда гўшт нархи 35 000 сўмгача тушиб қолди.

Масъулларнинг изоҳ беришича, куни кеча вилоятдаги марказий бозорларга тадбиркорлар Белорусдан олиб келган 18 тонна гўшт тарқатилган. Ушбу мамлакатдан яна бир гуруҳ тадбиркорлар гўшт олиб келаётгани боис яқин кунларда вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам нархлар пасайиши эҳтимоли юқори.

— Белорусдан келтирилган гўштни олиб, истеъмол қилиб кўрдик, мазаси чакки эмас, — дейди урганчлик II-гуруҳ ногирони К.Аминов. — Эътиборлиси шундаки, бу импорт маҳсулоти ортиқча суяк ва ёғлардан ҳоли, фақат лаҳм гўштдан иборат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг