Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хоразмда ёшлар газетаси тугатилди

Хоразмда ёшлар газетаси тугатилди

6 сентябрь куни «Хоразм ёшлари» газетаси таҳририяти расман ўз фаолиятини тўхтатди.

«Иқтисодий муаммолар сабаб мунтазам равишда чиқмаётгани учун «Хоразм ёшлари» газетаси таҳририятини давлат рўйхатидан чиқаришингизни сўраймиз», дейилади муҳаррирнинг Президент админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасига берган аризасида.

Мазкур нашр дастлаб 2000 йилда «Улуғбек» жамғармаси муассислигида иқтидорли ёшларни кашф қилиш ва ёшлар оммасини муҳим ахборотлар билан таъминлаш мақсадида чоп қилина бошланган.

2003 йил декабрида қайта рўйхатдан ўтиб, муассислик «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг Урганч Давлат университети бошланғич ташкилотига ўтган. 2012 йилга келиб, ўз саҳифасида пора билан қўлга тушган «Камолот» ЁИҲ Боғот туман кенгаши ходими ҳақида хабар берилгани боис, собиқ «Камолот» ЁИҲ Хоразм вилоят кенгаши мутасаддиси оғзаки кўрсатмасига мувофиқ УрДУ бошланғич ташкилоти газетани ўз муассислигидан чиқарган.

Ана шу даврдан буён газета мустақил равишда фаолият юритиб келаётган эди.

Газета ижодий жамоаси ўтган давр мобайнида кўплаб давлат грантларини олиб, қатор кўрик-танловларда ғолибликни қўлган киритди. Ушбу нашр ўзининг танқидий чиқишлари билан эътиборга тушди. Маҳаллий ҳокимликлар, судлар, прокуратура ва бошқа давлат ва жамоат бирлашмалари томонидан йўл қўйилган камчиликлар қатор мақолаларда очиқ-ошкора таҳлил қилинди.

— Газетанинг иқтисодий муаммоларга учрашининг асосий сабаби ҳам ана шу танқидий мақолаларни кўп чоп қилганлиги бўлса керак, — дейди таҳририят ходими Қ.Отажонов. — Чунки биз кўплаб туман ҳокимларини аёвсиз танқид қилган эдик.

Мустақил чоп қилиниб келинган «Хоразм ёшлари» газетасини О.Оллаберганов, П.Бобожонов ва И. Собиров каби собиқ вилоят ҳокимлари ҳар доим қўллаб-қувватлаган ва ижодий жамоанинг эркин фаолиятига йўл очиб беришган.

— 2018 йил кузига келиб обуна мавсумида таҳририятдан омад юз ўгирди, — дейди собиқ ходима Г.Пириева. — Қаерга, кимга мурожаат қилинмасин, ҳамкорлик қилиш ёки обуна бўлишни исташмади.

2017 йил 30 июнда бўлиб ўтган «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев нутқ сўзлаб, айрим ёшлар нашрларининг кам нусхада чоп этилаётганини танқид қилган эди. Президент жумладан шундай деган эди: «...Ёшларимиз ўзимизнинг газета-журналларимизни ўқимаса, ўз миллий адабиётимиз ва санъатимизни билмаса, улар қандай қилиб ватанпарвар бўлади? Уларнинг онгу тафаккури, дунёқараши нима ҳисобидан шаклланади?

Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, катта-кичик раҳбарларнинг барчаси шу масала бўйича шахсан масъул эканини унутишга ҳеч қандай ҳаққи йўқ».

Ш.Мирзиёевнинг ушбу хитобидан сўнг ҳам Хоразмда аҳвол эски ҳаммом, эски тослигича қолиб кетди.

Таҳририят ижодий жамоаси ўтган йил кузида обуначилар сонини кўпайтириш мақсадида турли хил акция ва лойиҳалар ишлаб чиқди. Шулардан бирида 108 000 сўмлик обуна ҳисобига ёш қаламкашлар асарлари жамоа тўпламида чоп қилиниши таъкидланади. Афсуски, катта бир имконият ҳисобланган ушбу акция Ёшлар Иттифоқининг Хоразм вилоят кенгаши томонидан амалда тарғиб қилинмаган ва қўллаб-қувватланмаган. Ҳар йили ушбу ташкилотга юзлаб ёш қаламкашлар китоб чиқаришда ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Уларга «Хоразм ёшлари» газетаси билан ҳамкорлик қилишни тавсия қилиш вилоят кенгашига жуда оғир келгани кўриниб турибди. Вилоят кенгаши эса 20 йиллик фаолиятга эга газетани сақлаб қолишнинг ҳеч қандай чорасини кўрмаётгани ажабланарли, албатта.

5 сентябр куни газетанинг сўнгги «видо» сони 150 нусхада нашрдан чиқди. Унда таҳририят ўз фаолиятини тўхтатаётгани, даъво ва эътирозлар бир ой муддат ичида қабул қилиниши алоҳида қайд этилади.

Эрпўлат БАХТ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг