Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хоразмдаги провокацион митинг: аслида нима бўлганди?

Хоразмдаги провокацион митинг: аслида нима бўлганди?

Бугун ижтимоий тармоқларда ва бир қатор сайтларда ҳам Хоразмда одамларнинг тўпланиб, намойиш ўтказгани, кейин уларнинг автобусга тиқиб олиб кетилгани ҳақида видеолар тарқалиб кетганди.

Турли тахминларга кўра, кимдир бир қатор шахслар орган ходимлари тазйиқига учраган деса, бошқаси булар фақат провокация қилаётганини таъкидлаган. Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси эса бу ҳақда расмий хабар берди.

Фуқаро Маҳмуд Ражабов терговдан қасддан бош тортмоқда ва ўзининг ушбу мақсадини амалга оширишда яқин қариндошларини, ҳатто ёш болаларни ҳам жалб қилмоқда. Бугунги кунда унга нисбатан Хоразм вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси иш юритувидаги Жиноят кодексининг 246-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Хоразм ИИБ хабарига кўра, М.Ражабов терговга бир неча маротаба чақирилишига қарамасдан, терговга келишдан бўйин товлаган. 20 сентябрь куни тергов гуруҳи М.Ражабов билан тергов ўтказиш учун уйига борганда, у ИИБ ходимларининг қонуний талабини бажармасдан, келгусида ҳеч қандай тергов органларига бормаслигини билдирган.

Сўнг атрофига яқин қариндошлари ва оила аъзоларини тўплаб, ички ишлар ходимларининг ўз хизмат вазифаларини бажаришларига тўсқинлик қилган ва бу жараёнларни уяли телефони орқали видеотасвирга олиб, Facebook сайтидаги саҳифасига жойлаштирган.

Шунингдек, М.Ражабов ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали аҳолини давлат органларидан норози бўлишга ундовчи турли вазиятларни ёритиш билан шуғулланувчи Нафосат Оллашкуровани жалб этиб, кенг жамоатчиликнинг эътиборини тортиш, аҳоли ўртасида давлат органларига ишончсизлик уйғотиш орқали ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят ишининг тугатилишига эришиш мақсадида 22 сентябрь куни соат 16 ларда оила аъзолари ва яқин қариндошларини тўплаб (жами 12 шахс), Тошкент шаҳрига бориб, ИИВ раҳбарияти билан учрашишларини айтиб, Гурлан туманидаги уйидан пиёда йўлга чиққанлар.

Улар йўлнинг қатнов қисмида пиёда юриб, транспорт воситаларининг ҳаракатига халақит берган. Шу сабабли салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида, уларнинг ёнига Гурлан тумани ҳокими ва Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи шахсан келиб, улар билан учрашиб, бу хатти-ҳаракатлари қонунга хилоф эканини, уйларига қайтишларини тушунтирган бўлсалар-да, улар ушбу талабларга риоя этмасликларини билдириб, бу жараёнларни ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борган.

Улар билан Урганч шаҳар ҳокими учрашиб, намойишларни ўтказиш учун тегишли тартибда рухсат олиш кераклигини ва бу намойишлар бошқа шахсларнинг кундалик турмуш тарзига салбий таъсир этмаслиги лозимлигини тушунтирган бўлсада, улар давлат органларини обрўсизлантиришга, фуқароларнинг уларга ишончини йўқотишга қасддан ҳаракат қилиб, шовқин-сурон кўтариб, омманинг эътиборини ўзларига қаратишга уриндилар ва бу жараёнларни тўлиғича ижтимоий тармоқларда жонли тарзда ёритиб бордилар.

М.Ражабов ва унга ҳамроҳлик қилган оила аъзолари ҳамда яқин қариндошларининг қонунга хилоф ушбу ҳаракатларига чек қўйиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳудудий ички ишлар бўлимига олиб борилган.

Вилоят ИИБнинг алоҳида таъкидлашича, М.Ражабовнинг бу тахлит норозилигини яқин қариндошлари ва оила аъзоларидан бошқа бирон-бир фуқаро қўллаб-қувватламаган ва унга эргашмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг