Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна металлолом муаммоси: Фарғона туманида ҳар бир ўқитувчи 200 килограмм темир-терсак топширишга мажбурланмоқда

Яна металлолом муаммоси: Фарғона туманида ҳар бир ўқитувчи 200 килограмм темир-терсак топширишга мажбурланмоқда

Ҳар бир килограмм учун минг сўмдан олинар экан. 200 минг сўм дегани бу.

Фото: «Ria.ru»

Таҳририятимизга мурожаат қилган Фарғона вилояти Фарғона туманида яшовчи ўқитувчи ҳозир туман ҳокими ҳар бир ўқитувчига 200 килограммдан металлолом топшириш мажбуриятини юклаганини билдирди. Исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган муаллим билан суҳбатимиз қуйидагича кечди:

— Ўзи маошимиз кўп эмас, яна қўшимча ишларга жалб қилинганимиз қилинган. Айниқса охирги буйруқ жуда оғир бўлаяпти.

— Нега айнан янги буйруқдан оғринаяпсизлар? Бунинг олдингиларидан фарқи нимада?

— Ҳоким тумандаги 62 та мактаб ва иккита лицейнинг ҳар бирига 10 тоннадан металлолом топширишни буюрди. Ҳар бир ўқитувчига бўлинганда 200 килограммдан темир-терсак йиғиш шарт қилиб қўйилди. Бунча металлоломни биз қаердан оламиз?

— Фақат ўқитувчилар йиғиши керакми ёки ўқувчилар ҳам бу жараёнда иштирок этадими? Бу буйруққа бирорта ҳужжат асос қилиб олиндими, яъни бирорта расмий ҳужжат тақдим қилиндими?

— Йўқ, фақат ўқитувчилар топшириши керак экан. Бирорта ҳужжат кўрсатилмади. Ҳоким ХТБ га оғзаки буюряпти, ХТБ мактаб директорига юкламоқда. Металлолом топилмаса, ўрнига пул топшириш ҳам мумкин экан.

— Қанақа қилиб ва қанчадан?

— Ҳар бир килограмм учун минг сўмдан олинар экан. 200 минг сўм дегани бу. Энг бойларимизга ҳам шуниси оғир келаяпти-да. Ўзи маошимизни аранг етказамиз, буниси энди Наврўз байрами арафасида биз учун кутилмаган «совға» бўлди. Энг қизиғи, аввал металлолом  ўрнига пул топширганимизда иккиламчи хомашё ташкилотларига ўтказиларди. Бу сафар ҳокимият кўрсатган бошқа ҳисоб рақамига ўтказишимиз керак экан.

Бу масала юзасидан изоҳ олиш учун Фарғона тумани халқ таълими бўлимига қилган қўнғироқларимиз бесамар кетди, гўшакни ҳеч ким кўтармади. Туман ҳокимлигига қилган қўнғироғимиз қисман самарали бўлди. Ўзини Ҳамидахон Ҳакимова деб таништирган ходимга вазиятни тушунтирганимизда у масала моҳиятини раҳбарларга етказишини билдириб, телефон рақамимизни олиб қолди. Аммо шундан кейин биз билан ҳеч ким боғланмади.

Эслатиб ўтамиз, сайтимизда бу мавзу юзасидан туркум мақолалар эълон қилинган, лекин уларга жавобан бирор марта металлолом йиғилиши расман тасдиқланмаган эди.

«Xabar.uz» ушбу мавзуга яна қайтади.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг