Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги йил муборак, азиз замондош!

Янги йил муборак, азиз замондош!

Фото: «Xabar.uz»

Янги йил байрами арафасида инсон умрининг бир санаси сарҳисоб қилинади. Якунига етган йил ватанимиз, соҳамиз ва умуман ҳар биримиз учун шиддатли ўзгаришлар йили бўлганини ҳар биримиз ҳис қилдик. Бир ёшга улғайдик, дунёқарашимиз ва тажрибамиз 2017 йилнинг ютуқ ва камчиликлари билан бойиди. Юртимиз тинчлигида, улкан ислоҳотлар остонасида якунига етган бу йил ҳали тарих фанига киради – Ўзбекистоннинг бурилиш нуқтаси бўлганлиги билан таърифланади.

Она юрт тараққиётига, ҳар бир ватандош Ўзбекистон деган давлатдан ифтихор туйишига эришиш учун улкан режаларни амалга оширишга бел боғлангани ҳаммамизнинг кўз ўнгимизда содир бўлмоқда. Йил давомида бирор кун йўқки, ҳаммани қизиқтирган янгилик эълон қилинмаган бўлса. Бу хабарлар кўламини ёритиш, узлуксиз етказиб беришнинг ўзи катта меҳнат талаб қилди, чунки бугунги муштарий кечагисидан кескин фарқ қилади.

2017 йилнинг 20 декабрида тест режимида ишга туширилган «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали ҳам айнан мана шу қайноқ жараёнга муносиб ҳисса қўшишни мақсад қилган. Фаолиятимизнинг дастлабки ўн бир кунида сиз азизлардан иборат ўн минг нафардан ортиқ доимий ўқувчига эга бўла олганимиздан бениҳоя бахтиёрмиз. Келгусида сизнинг сафингиз юз мингларга, миллионларга етишига ишонамиз, умид қиламиз ва интиламиз.

2018 йилни қарши оларканмиз ҳар бир кунимизга шукроналик ҳиссини туйишимиз керак. Чунки келажак бугундан бошланади. Уни сиз яратасиз, обод қиласиз!

Кириб келган йил якунида барчангизни 2019 йил билан табриклаш насиб қилсин!

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали
ижодий жамоаси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг