Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Янги йил учун икки кун қолганда бозорлик қилиш қанчалик тўғри?

Янги йил учун икки кун қолганда бозорлик қилиш қанчалик тўғри?

Супермаркетдаги харид жараёни

Фото: «korzinka.uz»

Қишнинг энг севимли байрамларидан бири Янги йил бўлиб, уни айниқса, болажонлар интиқлик билан кутишади. Шу куни барча ғамлар унутилиб, ҳамма ўз оиласи билан байрамни нишонлайди. Янги йил учун маҳсулотлар — ширинликлар, ичимликлар, ўйинчоқлар сотиб олиш ҳам асосий жараёнлардан биридир. Лекин жуда кўпчилик байрамга 1-2 кун қолганда бозорлик қилишга тушишади. Бу қанчалик тўғри?

Эътибор берган бўлсангиз, 30-31 декабр кунлари бозор ва дўконлар расталари одамларга тўлиб кетади. Баъзида оёқ қўйишга жой тополмайсиз. Аммо харидларни 3 ҳафта олдин бошласангиз ҳам ҳеч ким сизни уришмайди. Узоқ муддат сақлашга мўлжалланган маҳсулотларни аввалдан сотиб олсангиз, байрамга яқин ташвишингиз бироз арийди. Хўш, қачон нималар сотиб олиш мақсадга мувофиқ?

Музлатилган маҳсулотлар, ичимликлар ва дудланган колбасани ҳозирданоқ харид қилишга киришиш мумкин. Вакуум ўрамли пишлоқларни ҳам олиб қўйиш зарар қилмайди. Қизил ёки оқ икрани сотиб олиб, музлатгичга жойлаб қўйса бўлади.

Байрамгача икки ҳафта қолганда илдизли ўсимликларни ғамлашга тушинг: пиёз, саримсоқпиёз ва шунга ўхшаш узоқ муддат сақланадиган маҳсулотлар. Шунингдек, етиштирилган пишлоқ ва қайнатилган колбасаларни ҳам сотиб олиш мумкин.

10 кун олдин тухум харид қилса бўлади. Тухум 3 ҳафтагача сақланади, лекин муддати ўтган-ўтмаганини текшириш керак. Бочкадаги сельд балиғини олиб, яхшилаб ўраб, музлатгичга солиб қўйиш мумкин. Бир ҳафта қолганда кўпроқ ҳажмда гўшт олинг, стейкни 4-5 кун қолганда харид қилган маъқул. Шунингдек, нозиктаъб ва тропик меваларга ишқибозлар авокадони ҳам сотиб олиши мумкин, чунки байрамгача бу мева юмшаб, ейишлик бўлиб туради.

Янги йилга беш кун муҳлат бор, сиз эса балиқ учун бозорга (ёки супермаркетга) боришингиз мумкин, лекин дарҳол тузлашни унутманг. Қолаверса, бақлажон, булғор қалампири, қовоқча (кабачки)ва рангли карамни ҳам сотиб олиш мумкин. 3 кун қолганда тансиқ гўшт маҳсулотлари, юмшоқ пишлоқ ҳамда сут маҳсулотлари, олма, мандарин харид қилиш айни муддао.

Байрам куни эса энг янги маҳсулотларни олиш тавсия этилади. Масалан, узум, кўкатлар, янги балиқ ва нон. Шунда энг оғир саналган сўнгги икки кун ҳам сиз учун деярли муаммосиз кечади. Чунки ҳамма нарса сотиб олинган, фақат дастурхон ёзиш қолган, холос.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг