Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Япония агентлиги Ипак йўли маданий меросини муҳофаза қилишга маблағ ажратади

Япония агентлиги Ипак йўли маданий меросини муҳофаза қилишга маблағ ажратади

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) Ўзбекистонда «Ипак йўли маданий меросини рақамли архивлар орқали сақлаш» лойиҳасига 490 минг доллар ажратади. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги директори Шаҳриёр Нуруллоев ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг юртимиздаги ваколатхонаси директори биринчи ўринбосари Йошимаса Такемура учрашувида маълум қилинган.

Қайд этилишича, JICA томонидан 2021 йил июнь ойида Ўзбекистон тарихи давлат ҳамда Термиз археология музейларида ва Термиз шаҳри яқинидаги археологик объектларда ўрганиш ишлари олиб борилган. Тадқиқотлар натижасига кўра 2021 йил 29 октябрида Маданий мерос агентлигида «Ипак йўли маданий меросини рақамли архивлар орқали сақлаш» лойиҳасининг дастлабки муҳокама йиғилиши ўтказилган.

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги Ўзбекистон билан 1993 йилдан буён ҳамкорлик қилиб келади. 1999 йилда мамлакатимизда мазкур ташкилотнинг  ваколатхонаси очилган. Эътиборга молик жиҳати, бу – Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг МДҲдаги илк хорижий ваколатхонасидир.

JICA Ўзбекистонга иқтисодий инфратузилмани такомиллаштириш (хусусан, энергетика ва транспорт соҳаларида), хусусий сектор равнақига кўмаклашиш, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш ҳамда ижтимоий ислоҳотлар каби йўналишларда кўмак кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йилнинг декабрь ойида JICA билан умумий қиймати 3,5 млрд долларга тенг бўлган Ҳамкорлик дастури имзоланган. Ушбу дастур ўрта муддатларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун асос ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг