Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Ярим тунда кўчада ўтирган қизалоқ: «Мен дадамни соғиндим»

Ярим тунда кўчада ўтирган қизалоқ: «Мен дадамни соғиндим»

Наҳотки ёш оила, жажжи қизалоқнинг кейинги тақдири катталарни қизиқтирмаса?

Фото: «news.vse42.ru»

Бугун Тошкентда оилаларнинг 38 фоизи парокандаликка юз тутган. Бу – ҳар 1000 та оиладан салкам 400 таси ажрашиб кетяпти, дегани. Ташвишли ҳол. Одамлар орасида оқибат йўқолиб бораётгани оилаларга рахна солмоқда. Бундай ҳолга, аслида оддий гап-сўзлар сабаб бўлишини Анвар қори Турсунов мисоллар билан баён қилиб берган эди.

– Куни кеча ярим тунда таровеҳ намозидан қайтаётгандик, – дейди Анвар қори домла. – Бир кўчадан ўтаётиб, таниш уй олдида, бўсағада ғамгин ўтирган жажжи қизалоққа кўзим тушди. Ҳайдовчидан машинани тўхтатишини сўрадим. Бу хонадон эгаларини танийман. Мени ярим тунда тунда қизалоқ нима сабабдан кўчада ўтиргани қизиқтирарди. Машинадан тушиб қизалоққа яқинлашдим. Роса тарбияли-одобли экан.

– Ассалому алайкум, – деб салом берди ўрнидан туриб.

– Ваалайкум ассалом, – дедим мен ва уни саволга тутдим: – Ярим кечаси нима қилиб ўтирибсиз? Нега ичкарига кирмаяпсиз?

– Мен дадамни соғиндим, – жавоб берди қизалоқ оғир хўрсиниб. – Бу бизнинг уйимиз эмас. Бувам билан бувимники. Дадам келиб қолармиканлар, деб кутиб ўтирибман. Жудаям соғиндим...

Қизалоқ шу қадар маҳзун гапирдики, ниҳоятда эзилиб кетдим.

Ичкаридан унинг бувиси чиқди. Уй эшиги очиқ қолганини айтиб, мулзам тортди. Мен эртага келишимни таъкидлаб, йўлимда давом этдим.

Тўрт яшар қизалоқнинг дилгир ҳолати, бийрон гаплари, соғинч тўла нигоҳи кўз олдимдан кетмасди.

Эртаси куни бу уйга қайтиб бордим. Нима юз берганини суриштирдим. Қаранг, ёш оиладаги оддий гап-сўз сабаб бўлиб, ота-онаси қизини эридан ажратиб, ўз уйларига олиб келишибди. Қизи ва куёвининг эртанги куни билан ишлари йўқ. Наҳотки ёш оила, жажжи қизалоқнинг кейинги тақдири катталарни қизиқтирмаса?

Менга таниш бўлганлари боис, уй эгаларига роса гапирдим, уларни койидим. Кейин куёвни топтириб келдик. Ишонсангиз, қизалоқ дадасини шунчалик яхши кўрар эканки, бир зум ҳам унинг қўйнидан тушмади, қучоқлаб олган, қўйиб юбормайди...

Биродарлар, оилаларга дарз кетказмайлик, аксинча уларнинг мустаҳкам бўлишини таъминлайлик. Болаларни ота-оналаридан ажратмайлик. Нури дийдаларимиз бўлмиш фарзандлар етимлик нималигини асло билишмасин. Уларнинг кўзларида ёш кўрмайлик.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг