Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Яхши журналист кимга керак?

Яхши журналист кимга керак?

Четдан қараганда барчаси рисоладагидек. Ижтимоий тармоқ дейсизми, ОАВ дейсизми журналистлар ўз сўзларини айтаяпти ёки айтмоқчи. Уларнинг саъй-ҳаракати билан кўпгина муаммолар ўз ечимини топмоқда. Аммо журналист вақти келса ўз муаммоларига кучи етмайди. Ички муаммолари борки: айтсам тилим, айтмасам дилим.

Ҳар бир таҳририятда узоғи билан 3-4 нафар, бўлмаса бор-йўғи икки нафаргина яхши, иқтидорли журналист бўлади. Бир кинода айтганидек ғишт теришга «мен», кўмир заводга «мен». Қолганлар берилган топшириқни қолипга чиройли жойлаб, ахборотини ёзиб юраверади.   

Кучли, салоҳиятли журналистнинг негадир қадри бўлмайди. Сабаби яхши, иқтидорли журналистнинг ўзига яраша характери, талаби, бироз инжиқлиги бўлади. Унинг инжиқлиги эса ҳаммага бирдай ёқмайди. Айниқса, раҳбарга. Яхши журналист қаламига ишонади. Адолатсизликка чидолмаган қалби исёнкор журналистгина отилиб чиқади, ҳар қаерда ҳам ўз сўзини қалами билан айта олади. Ўлиб-тирилиб яхши мақола ёзиш учун изланади, ўрганади. Аммо жойидан қимирламай юмалоқ-ёстиқ мақола ёзган ёки интернетдан кўчириб мақола тайёрлаган, ахборот билан саҳифасини тўлдирган ҳамкасби билан ўша журналист ҳам қалам ҳақини ҳам маошни ҳам бир хил олади. Мана шу ерда у ҳақиқат изламоқчи бўлади. Аммо унга бўлаётган ноҳақликни ким бартараф этади. Ҳеч ким. Камига унинг қалам ҳақига масъул котиб, дизайнер шерик бўлади. Мақола ёзгич журналист, қалам ҳақининг каттасини олгич масъул котиб, дизайнер, ҳатто ҳисобчи. Яна ҳақиқат топталади. Буни мен жуда кўп таҳририятларда кузатганман. Албатта, бу ноҳақликка яхши журналист ўз исёнини билдиради. Унинг исёни, унинг талаби  ўзи билан қолиб кетади. Жиииим юраверсаку олам гулистон. Аммо у жим юролмайди, шунинг учун ҳам қалами ўткир журналистда. Бу яна ҳеч кимга ёқмайди. Кетмоқчими, марҳамат. Аммо масъул котиб, дизайнер, ҳисобчи кетаман, деб қўрқитса раҳбар дарров шароит қилиб беради, ёки ойлигига фоиз, қалам ҳақи қўшади. Нимагадир бизнинг журналистикамизда журналистдан ҳам кўра техник ходимларнинг қадри баланд. Уларнинг хатоларидан ҳам кўз юмилади. Мажлисларда ҳам гап эшитгич яхши журналист, осонгина ҳайдалгич яхши журналист. Чунки техник ходим таҳририятда битта, журналист эса кўп.  Раҳбар «сен бўлмасанг бошқаси», дейди. Техник ходимларнинг олдида қадри бир пул бўлган ҳақиқат жарчиси вақти келса ҳарф терувчига мўлтиллабгина мақоласини ёздиради. (Худога шукр эндиликда компютерда кўпчилик ишлашни билади.) Иш излаб юрган ким кўп — журналист кўп. Қолаверса, таҳририятга яхши журналист эмас, ўртамиёна журналист ҳам бўлаверади, сабаби газета чиқиб турибди. Яхши журналистнинг дарди, унинг дарди ортидаги халқ дарди баъзи муҳаррирларга қизиқмас.   Яхши мақола чиқадими, йўқми кун ўтиб турибди. Бу газетанинг, журналнинг бировга фойдаси тегаяптими, йўқми буям ҳеч кимга қизиқ эмас. Тўғри орамизда малакали, салоҳиятли журналистни қадрлайдиган таҳририятлар ҳам бор. Аммо улар саноқлигина.

Хориж журналистлари ҳақида жуда кўп киноларни кўрганман. Нимагадир уларда малакали журналист қадрланади. У бошлиқнинг столига муштлаб урадими, қалам ҳаққини кўнглига сиққанича айтадими, мақоласи учун талашиб-тортишадими — унинг барча эркалигини муҳаррир кўтаради, кўзига балодай кўринмайди. Чунки унга яхши журналист керак. Ўша журналист бошқа газета-журналга кетиб қолмаслиги учун унга барча шароитни яратиб беради, талабини бажаради.

Ўзимизда кўп гувоҳи бўлганим қалами ўткир, ўз сўзини қўрқмай айта оладиган журналистлар ишсиз ёки энг кам маошга ишлайди. Чунки улар ҳамма жойга ҳам сиғиб кетавермайди. Қаламига ишонгани, ўзига ишонгани учун иккиюзламачилик, хушомадгўйлик, мунофиқлик  қилмайди. Ўз ҳаққини талаб қилади, қадрига етмаса осонгина ишдан бўшаб қўя қолади. Бечоранинг бошқа иложи ҳам йўқда. Хуллас, яхши журналист дардисар, ғирт бошоғриқ. Хўш, энди айтингчи, яхши, йўғе ёмон журналист кимга керак?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг