Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йилига яна мингдан зиёд мураккаб кардиохирургик амалиётлар ўтказилади (фото)

Йилига яна мингдан зиёд мураккаб кардиохирургик амалиётлар ўтказилади (фото)

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида замонавий андозалар даражасида барпо этилган ва энг сўнгги тиббий технологиялар билан жиҳозланган уч қаватли янги бино фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Ушбу қарор асосида Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг фаолияти тубдан такомиллашмоқда. Айни пайтда марказда 11 махсус кардиологик бўлим фаолият кўрсатмоқда. Ушбу бўлимларда артериал гипертония, ўткир миокард инфаркти, юрак-ишемик касаллиги, юрак аритмиялари, юрак етишмовчилиги каби хасталиклар самарали даволаняпти. Марказда кунига 250 қатновга мўлжалланган замонавий маслаҳат-­ташхис поликлиникаси фаолият юритади. Бу ерда беморларга малакали шифокорлар, олий тоифали кардиологлар тиббий хизмат кўрсатмоқда. Маслаҳат-ташхис поликлиникасида велоэргометрия, ЭКГни сутка давомида ёзиб олиш, ЭХОкардиография, Велоэргометрия каби замонавий текшириш усулларидан ва биохимёвий таҳлиллардан фойдаланилиб, чуқур тиббий текширувлар ўтказилади. Шунингдек, марказда 200 ўринли шифохона фаолият юритяпти.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Замонавий андозалар асосида барпо этилган янги бинонинг фойдаланишга топширилиши кардиология соҳасида кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга замин ҳозирлади. Хусусан, беморларни клиник ва функционал текширувдан ўтказиш учун халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган замонавий тизим яратилди. Эндиликда беморлар битта бинонинг ичида барча текширувлардан ўтиш имконига эга бўлди. Яъни, функционал диагностика бўлимида ЭКГ, ЭХОКГ, ВЭМ, Тредмил тест, ХМЭКГ каби текширувлар, шунингдек, рентген, генетик таҳлил ўтказиш, амбулатор текширувлар хонаси ва маъмурий хоналар ташкил этилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Иккинчи қаватда эса 20 ўринга мўлжалланган интервенцион аритмология бўлими, барча қулайликларга эга замонавий рентген операцион блок ташкил этилган. Учинчи қаватда 20 ўринли интервенцион кардиология ва рентген эндоваскуляр жарроҳлик бўлими жойлашган бўлиб, ушбу операция хоналарида жаҳон тиббиётида қўлланилаётган интервенцион жарроҳлик амалиётларининг барчасини ўтказиш имконияти мавжуд.

Caption

Мазкур янги бино қурилиши учун давлат томонидан 20 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бинога ўрнатилган хориждан келтирилган «CIAT» вентиляция системаси ҳароратни қишин-ёзин бир хилда сақлаш ва доимий тоза ҳаво билан таъминлаш имконини беради.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Германиянинг «KFW» банки томонидан Республика тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш учун ажратилган кредит маблағларидан 3,5 миллион евро ҳисобига Рентген эндоваскуляр жарроҳлик бўлимига Голландиянинг «Philips Allura Xper FD20» фирмасининг замонавий универсал ангиография ускунаси, электрофизиологик текширувлар учун «BARD» системаси, ҳаракатланувчи ангиография ускунаси, радиочастотали генератор ва бошқа юқори технологияли услубларга асосланган замонавий аппаратлар ўрнатилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Бинода, шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг кардиология кафедраси ўқув хоналари, мажлислар зали, кутубхона, кардиология музейи, маърифат ва тарғибот хоналари ҳам ташкил этилди. Бу илм-фан ва тиббиёт ютуқларини такомиллаштириш ва амалиётга татбиқ этишда катта имкониятдир.

Яна бир юқори технологик усул — юракнинг мураккаб аритмияларида қўлланадиган радиочастотали аблация (РЧА) ва юрак блокадаларида электрокардиостимуляция (ЭКС) усуллари ҳам марказда самарали амалга оширилмоқда. Ҳозирда радиочастотали аблация усули – кардиологик беморларни даволашда қўлланадиган халқаро стандартларга мос келувчи юқори технологик усул ҳисобланади. Бунда, кўкрак қафасини очмасдан, яъни «қонсиз» йўл билан – махсус мосламалар ёрдамида юракка етиб бориб, унинг нотекис уриши (аритмия) баъзи турларини радиотўлкинлар воситасида бартараф этилади. Шуни қайд қилиш керакки, бундай операциялар Марказий Осиёда илк бор ушбу марказда ўтказилган ва бугунгача кўплаб беморлар шу усул воситасида дарддан бутунлай халос бўлди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Кардиология соҳасида бу борадаги имкониятларни янада кенгайтиришда халқаро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс. Марказ олимлари бу борада Россия, Жанубий Корея, Швейцария, Польша каби хорижий давлатларнинг нуфузли тиббий-илмий марказлари ва клиникалари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Бундай ҳамкорлик натижасида жаҳон тиббиётининг кўплаб янгиликлари ўзлаштирилмоқда. Беморда бир вақтнинг ўзида аорта коронар шунтлаш (АҚШ) ва юрак клапанларини протезлаш, АҚШ ва бўйин томирлари атеросклерозини бартараф этиш каби операциялар бунга мисолдир.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Тан олиш керакки, бундай мураккаб операциялар дунёнинг саноқли давлатларида амалга оширилади. Ушбу илмий янгиликларни ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари амалиётига ҳам татбиқ этиш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда марказнинг олимлари ва малакали мутахассислари жойларга бориб маҳаллий шифокорлар иштирокида кўргазмали операциялар, маҳорат дарслари ташкил этмоқда. Шунингдек, ихтисослашган тиббий ёрдамга муҳтож беморлар чуқурлаштирилган кўрикдан ўтказилиб, зарур муолажалар амалга ошириляпти.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Янги замонавий бинонинг ишга тушиши билан Марказда олиб борилаётган бундай чора-тадбирлар, диагностика ва даволаш ишларининг сифати ва самарадорлиги янада ошади. Интервенцион кардиология ютуқларидан фойдаланиш янги босқичга кўтарилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг