Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Йонас Аструп: «ХМТ Ўзбекистонда кузатилган сўнгги ўзгаришлардан жуда ҳам мамнун»

Йонас Аструп: «ХМТ Ўзбекистонда кузатилган сўнгги ўзгаришлардан жуда ҳам мамнун»

Йонас Аструп — Халқаро меҳнат ташкилотининг «Учинчи томон мониторинги» лойиҳаси бош техник маслаҳатчиси.

Фото: «Twitter» / Халқаро пресс клуб

Шу кунларда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг «Учинчи томон мониторинги» лойиҳаси доирасида таълим ва соғлиқни сақлаш ҳодимлари учун семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Ушбу лойиҳа ХМТ, Жаҳон банки, Европа иттифоқи, АҚШ ҳамда Швецария тарафидан молиялаштирилган бўлиб, у 2015 йилдан буён Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, Савдо-саноат палатаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда амалга ошириб келинади.

Абдулла Авлоний номидаги халқ таълими раҳбар-ходимлари малакасини ошириш марказий институтида бўлиб ўтган бугунги тренингни лойиҳа бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп ҳамда лойиҳа мутахассиси Оксана Липкану очиб берар экан, тренинг қатнашчилари бўлган республикамизнинг барча вилоятларидан тўпланган мактаб директорлари билан яқиндан мулоқот қилишди. 

Фото: «Xabar.uz»

Таълим соҳаси вакилларидан охирги кунларда кузатилган ўзгаришлар борасидаги фикрларини сўрар экан, Йонас Аструп «Президент Шавкат Мирзиёевнинг мажбурий меҳнатга бўлган муносабати сиз учун аниқми? Ҳокимлар сизни мажбурий меҳнатга жалб этишмоқчи бўлса, нима деб жавоб берасиз?» деган саволларни ўртага ташлади. Ушбу саволларга барча: «Ҳа, бизга Президентимизнинг муносабати аниқ ва тушунарли ва бундан буён ҳокимларнинг ҳар қандай талабини ёзма равишда бўлишини талаб қилиб оламиз» дея бир овоздан жавоб беришди.

Семинар-тренингда иштирокчилардан бири жаноб Аструпга қуйидаги савол билан мурожаат қилди: «Пахта териш тизими бошқа давлатларда қандай йўлга қўйилганлиги борасидаги тажриба ва билимингиз билан бўлишсангиз?» Хорижлик мутахассис бу саволга атрофлича жавоб берди:

«Айтиб ўтишим жоизки, пахта терими билан боғлиқ меҳнат масалалари фақатгина Ўзбекистон учун тегишли эмас. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, Америка Қўшма Штатларига Африкадан олиб келинган инсонларнинг учдан икки қисми айнан пахта териш плантаcияларида қул сифатида ишлатилган. Ҳозирда ҳам Уганда каби давлатларда бу муаммо мавжуд бўлиб, улар Ўзбекистондан ўрганиш учун мамлакатингиздаги ўзгаришларни кузатишмоқда.

«Бундан буён маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳар қандай талабини ёзма равишда бўлишини талаб қилиб оламиз» – дейишди семинар-тренингда қатнашаётган мактаб директорлари.
Фото: «Xabar.uz»

Бу жараёнлардан муваффаққиятли ўтган давлатлар, албатта, механизациялаштиришни йўлга қўйишди. Лекин бунинг учун ҳам вақт керак. Масалан, Греция бу йўлни 16 йилда босиб ўтди. Туркия, АҚШ каби мамлакатлардаги ислоҳотлар учун ҳам тахминан шунча вақт кетган. Механизациялаштириш учун пахта экиш усуллари, одамларнинг муносабатлари ўзгариши лозим.

Шунингдек, меҳнат бозорига ҳар йили кириб келадиган ярим миллионга яқин ёшларни ишга бўлган талабини ҳисобга олган ҳолда ва бунга ҳамоҳанг равишда пахтани қўлда териш имкониятини қолдириш ҳам табиий ҳол. Бу албатта талаб ва таклиф ҳамда ишчиларга зарур меҳнат шароитларини яратиб бериш асосида амалга оширилиши лозим ва бундай амалиёт қўшни Қозоғистонда мавжудлигини кўпчилигимиз биламиз.»

SWOT таҳлили. «Педагогларнинг заифликларини изҳор қилиш учун капалак тимсолини танладик, зеро у энг кучсиз жонзотлар қаторида» – дейди тренинг қатнашчиси.
Фото: «Xabar.uz»

«Биз ўз ҳуқуқларимиз қатори мажбуриятларимизни ҳам билишим лозим.» – дея таъкидлади қатнашчиларнинг бошқа бири.

Фото: «Xabar.uz»

Семинар-тренингнинг асосий қисмини Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ҳодимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси Турикова Лазокат олиб бормоқда ва қатнашувчилар меҳнат муносабатларига доир Ўзбекистон қонунчилигидаги ҳуқуқий меъёрлар ва халқаро меҳнат стандардлари билан интерактив усуллар ёрдамида танишиб, фикр алмашмоқдалар.

Жаҳон банкининг ижтимоий ривожланиш ҳамда таълим бўйича маслаҳатчиси Иноят Садикова эса таълим жараёнида фуқаролар иштироки борасидаги Жаҳон банки тарафидан ишлаб чиқилган маълум механизмлар, жамоатчилик билан самарали мулоқотнинг асосий жиҳатлари, Ўзбекистон учун мос энг яхши халқаро тажрибалар бўйича тавсияларни иштирокчиларга тақдим этмоқда.

Фото: «Xabar.uz»

«Xabar.uz» учун махсус интервью берар экан, лойиҳа бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп қуйидагиларни айтиб ўтди:

«Халқаро меҳнат ташкилоти мамлакатда кузатилган сўнгги ўзгаришлардан жуда ҳам мамнун. Халқ таълими вазири ҳамда соғлиқни сақлаш вазирларининг раҳбар сифатида хатоларини тан олишлари айнан раҳбарлик, лидерлик намунасидир. Бу мардлик ҳамдир. Тизимли муаммоларга тизимли ечимлар зарур ва хатоларини тан олган инсонларни айблаш эмас, олқишлаш лозим.

Ҳозирги жараёнларни қўллаб-қувватлаш учун биз ҳар қандай кўмак кўрсатишга тайёрмиз. Масалан, яқинда ХМТ Италиянинг Турин шаҳрида Ўзбекистон Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ходимлари, ННТ ҳамда мустақил ОАВ вакилларидан ташкил топган бир гуруҳ иштирокчиларга «Одам савдоси ва мажбурий меҳнат ҳолатларини аниқлаш ва суриштириш» мавзусида семинар-тренинг ўтказди.

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов айтиб ўтганидай, эндиликда меҳнатга мажбурлаш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан прокуратура кескин чоралар кўриши белгилаб қўйилар экан, биз бу борада Ўзбекистон прокуратураси ҳодимларига семинар-тренингларни давом эттиришимиз мумкин. Таъкидлаб ўтаман, ушбу жараёнларда Ўзбекистонга ҳар қандай кўмак кўрсатишга тайёрмиз».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг