Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёниб кетган автобус ҳайдовчисининг онаси: «Бутун Ўзбекистон халқидан, ҳалок бўлган йигитларнинг оналаридан кечирим сўрайман»

Ёниб кетган автобус ҳайдовчисининг онаси: «Бутун Ўзбекистон халқидан, ҳалок бўлган йигитларнинг оналаридан кечирим сўрайман»

Хотира Жолболдиева — Мақсад Пернебековнинг онаси

Фото: 31-канал лавҳасидан скриншот

Қозоғистоннинг «31-канал» телеканали мухбари Оқтўба вилояти Ирғиз туманида рўй берган фожиада ёниб кетган автобус ҳайдовчиларидан бири — Мақсад Пернебековнинг яқинларини қидириб топди. Жанубий Қозоғистон вилоятининг Қозиғурт посёлкасида яшовчи оила рўй берган ҳодисадан қаттиқ ҳаяжонда. Улар Мақсаднинг тирик қолганини янгиликлардан билишган. Шу заҳоти унга қўнғироқ қилишган. У боши ва қўли куйганини айтган.

Буни қарангки, ҳайдовчи ҳалокатдан бир неча соат олдин онасига видеохабар жўнатган. Видеода Мақсаднинг қуйидагиларни айтганини кўриш мумкин:

— Қадрдонларим! Мана, Оролдан ўтдик, Ирғизгача 170 километр қолди. Жудаям совуқ, -40, эҳтимол -45 бўлиши ҳам мумкин. Устимда иккита куртка. Йўл музлаган, яхмалак. Мана, соатига 50 км тезликда кетаяпмиз, радиатордаги ҳарорат эса 60 градус.

Яқинларининг айтишича, «Сетра» йўловчи автобусини 4 йилдан бери ҳайдайди. Худди шу автобусда Қозонга бир неча марта борган, йўлни яхши билган. Сешанба куни эрта тонгда Ўзбекистон фуқаролари бўлган 55 нафар йўловчи билан биргаликда Россияга йўл олган.

Йўлда эса, юқорида таъкидланганидек, оиласидагиларга видеохабар юборган. Орадан уч соат ўтгач Ирғиз туманидаги трассада фожиа юз берган. Автобусда чиққан ёнғин оқибатида 52 киши тириклайин ёниб кетди, 5 киши, жумладан, иккала ҳайдовчи омон қолди. Ҳайдовчилар ва омон қолган йўловчиллардан бири Қозоғистон фуқароларидир.

Мақсад Пернебековнинг оиласи
Фото: 31-канал лавҳасидан скриншот

Хотира Жолболдиева, Мақсад Пернебековнинг онаси:

— Мен бутун Ўзбекистон халқидан, айниқса, ҳалок бўлган ўғлонларнинг оналаридан кечирим сўрайман. Уларга ҳозир осон эмас. Аммо менинг боламнинг бу ишда айби йўқ. Кечиринглар бизни!

Қамшат Пернебекова, Мақсад Пернебековнинг опаси:

— Ёнғин чиққан пайтда акам ухлаб ётган, автобусни шериги ҳайдаб кетаётган бўлган. У ҳодиса қандай рўй берганини билмаслигини айтди. Мен: «Мақсад, қолганларни қутқаришнинг иложи бўлмадими? Эшикни очмадингларми? Нима учун?» — деб сўрадим. У: «Опа, мен ҳеч нарсани билмайман, ташқарига чиқишим билан автобус портлади», — деб айтди.

Оиласидагиларнинг айтишича, Мақсад ёлланма ишчи бўлган. Автобус эгаси унга ҳар бир рейс учун 60 минг танга ҳақ тўлаган. Унинг кўп вақти эса йўлда юришдан кўра автобусни таъмирлашга кетган.

Оқнур Масанова, Мақсад Пернебековнинг рафиқаси:

— Эрим автобусни тез-тез таъмирлар эди. Унинг эгаси хўжайинимга ойлик тўларди. У уйимизга келиб, автобусни таъмирлаш ишлари қандай кетаётганидан хабар олиб кетар, техник кўрик, суғурта ҳужжатларини ўзи тайёрларди.

Ойнур Танатова — фожиадан омон қолган 41 яшар Барат Танатовнинг рафиқаси. У хўжайини машина олиш учун Россияга кетганини айтиб берди:

— Кечқурун эримнинг ўзи менга қўнғироқ қилиб, ҳозир гаплашолмаслигини, ҳаммасини кейин сўзлаб беришини айтди. Ҳозир унинг телефони ўчирилган.

Одамлар тириклайин ёниб кетган «Сетра» автобуси икки ярим йилдан буён техник кўрикдан ўтмаган. Унинг эгаси Ордухан Мехтиевда йўловчи ташиш учун лицензия бўлмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг