Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ёш вазир ўринбосарининг зое кетган бир куни. Ишга муносабат ҳалигача эски ҳаммом, эски тослигича қоляптими?

Ёш вазир ўринбосарининг зое кетган бир куни. Ишга муносабат ҳалигача эски ҳаммом, эски тослигича қоляптими?

Фото: Халқаро пресс-клуб

Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида #Бугунги_Кунимдан_Умуман_Қониқмадим ҳештеги остида бир кунлик фаолияти ҳақида пост ёзиб қолдирди.

«Кеча, соат 18:00. Прокуратурадан қўнғироқ қилишди ва бу сафарги чиқишнинг нечоғлик муҳим эканини таъкидлашди. Душанба куни соат 9:30 дан кечикмай Халқаро пресс-клубга келишимни тайинлашди. Хўп. Эрта тонгдан кунимни «режалаштирдим» ўзимча. Роса тайинланган Халқаро пресс-клуб роппа-роса икки-ярим соат (!) кеч бошланди.

Халқаро пресс-клубда эндигина ишга туширилган залга таклиф этишган экан, шу сабабли баъзи бир тўхталишлар бўлиши табиий. Соат 12:00. Куннинг ярми ўтиб бўлди. Энди пресс-клубни якунлаш учун залда ўтиришим кераклигини сўрашди. Соат 16:20 гача пресс-клубда лом-мим демай ўтирдим. Шерзод ака бор кучи билан ҳаракат қилгани аниқ, аммо...

Айтганча, бугун орзиқиб кутилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мукофоти билан тақдирлаш куни эди ва у 16:00 бошланиши керак эди. Кечикиб бўлса-да, келдим. Соат 19:00. Ҳалигача шу ердаман...

Энг қизиғи, Президентимиз «Бугун нима қилдим ва халқим учун нима наф келтирдим деган саволни ҳар куни ўзингга бер», деганини барчамиз биламиз ва эшитганмиз. Хўш? Нима қилдим? Бир неча кун олдин 4 соат тик туриб нималар деган эди-ю, мен нима қиляпман?

Шунақа гаплар, азизлар! Бугунги кундан қониқиш — 0%».

Ушбу постга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов ҳам муносабат билдирди: «Алишернинг фикрини ўқиб: Президентимиз янгича ишлашга даъват этганидан кейин шундай аҳвол бўлиши, албатта, ноўриндир. Ёшларни давлат ишига жалб этамиз деб шунча ҳаракат қилинса-да, уларнинг вақти бундай самарасиз ўтказилишига йўл қўйилиши нотўғри.

Шу фикрни қўрқмай айтганининг ўзи ҳам Президентимизнинг ёш кадрларни қўйиш бўйича қилаётган ҳаракатларининг тўғрилигини кўрсатиб турибди. Аввалгидек фақат «хўп бўлади, хўжайин» дейдиган раҳбарлар билан «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни» ривожлантириб бўлмайди!

Энди энг асосийси, бу фикридан кейин, Алишерни айбдор қилиб, уни эскича қолипга солишга уринувчилардан асраш керак.

Давлат ишига ўзи креатив, юқори малакали кадрларни жалб қилиш жуда қийин, чунки ойлик юқори эмас, режим оғир ва масъулият юқори. Лекин буларга чидаса бўлади, агар келгусида ўз ҳаракати билан жамиятга фойдаси тегишини сезса ва ўз ғояларини ҳаётга жорий қила олишига кўзи етса.

Бунинг акси бўлса ва вақти бекор кетаётганини кўрса, унинг устига ўзи хохламаган ва айниқса, нотўғри деб билган ишларини қилишга турли идоралар орқали мажбур қилишса, юқори малакали давлат хизматчилари синфини шакллантиришимиз жуда қийин бўлади. Бундай давлат хизматчиларисиз эса Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларни сифатли амалга ошириш жуда мушкул бўлади...»

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг