Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёшлар ва хотин-қизларга микрокредитлар таъминотсиз ажратилади

Ёшлар ва хотин-қизларга микрокредитлар таъминотсиз ажратилади

Фото:«Xabar.uz»

«Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 15 ноябрдан ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиблари жорий этилади:

Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи, бироқ ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдори давлат томонидан компенсация қилинади;

- ушбу курсларни муваффақиятли тамомлаб, сертификат олган шахсларга ўз бизнесини ташкил этиш учун микрокредит ажратилади.

«Микрокредитбанк» АТБ томонидан нодавлат таълим ташкилотлари махсус сертификатини олган:

- тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан, ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача микрокредитлар таъминотсиз ажратилади;
- микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги асосида 225 миллион сўмгача микрокредитлар ажратилади.

Бунда микрокредитлар 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилади.

Қарорга кўра, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш орқали тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадларига 100 миллион АҚШ доллари эквивалентида маблағ ажратилади.

- 2022 йил 1 январдан Тадбиркорликка ўқитишнинг ягона тизими ишга туширилади.

- 2021 йил 1 январга қадар «Микрокредитбанк» АТБнинг аҳолини, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича янги бизнес модели ишлаб чиқилади.

- Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги аҳолини тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, хусусан, уларни ўқитиш, микрокредит ажратиш бўйича ишларни мувофиқлаштириш борасида ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг