Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШ суди Трампнинг иммиграция ҳақидаги фармони мусулмонларнинг ҳуқуқларини бузган деб қарор чиқарди

АҚШ суди Трампнинг иммиграция ҳақидаги фармони мусулмонларнинг ҳуқуқларини бузган деб қарор чиқарди

Фото: «Sputnik»

Виржиния штати апелляция суди пайшанба куни АҚШ президенти Доналд Трампнинг сентябр ойида чиқарган иммиграция ҳақидаги фармони мусулмонларга нисбатан камситувчи ва Америка конституциясига зиддир деган қарорга келди. Мазкур фармонга асосан олтита исломий мамлакат фуқароларининг АҚШга кириши вақтинча тақиқланган эди. Бу ҳақда «Reuters»га таяниб ТАСС хабар бермоқда.

«Президент Трамп ва бошқа ижро этувчи ҳокимият органлари расмийларининг баёнотларини ва декларациянинг ўзини (иммиграция ҳақидаги фармон — ТАСС изоҳи) ўрганиб чиққач, биз ушбу декларацияда исломга нисбатан душманлик унсурларига эга деган хулосага келдик ва шунинг учун ушбу декларация конституцияга зиддир», — дейилади судья Рожер Грегорининг қарорида.

Ўтган йил январь ойида ўз вазифасини бажаришга киришганидан сўнг Трамп Эрон, Ироқ, Яман, Ливия, Сурия, Сомали ва Судан фуқаролари Қўшма Штатларга киришини 90 кунга тақиқлаш тўғрисида фармонга имзо чекди. Кейинчалик Ироқ бу рўйхатдан чиқарилди. Бир қанча федерал судлар ушбу фармонни бекор қилишга қарор қилишди. Июнь ойида АҚШ Олий суди унинг амал қилишини қисман тиклади.

Сентябрь ойида Трамп чеклов қўйилувчи мамлакатлар рўйхатига ўзгартиш киритилган янги фармонни имзолади. Ушбу рўйхатга Венесуэла, Шимолий Корея ва Чад қўшилди, лекин Судан чиқарилди. Мазкур ҳужжат кучга киришидан бир кун олдин Ҳавайи штати ҳукумати талаби билан Ҳонолулу федерал суди томонидан тўхтатиб қўйилди.

Ноябрь ойида Сан-Франсискодаги (Калифорния штати) АҚШнинг тўққизинчи округ апелляция суди ушбу фармоннинг қисман кучга киришига рухсат берди. Суд АҚШ ҳукумати агар Америкада оилавий алоқага эга бўлмаса, асосан мусулмон аҳолига эга бўлган олтита мамлакат — Эрон, Яман, Ливия, Сурия, Сомали ва Чад фуқароларининг АҚШга киришини тақиқлаб қўйиши мумкинлиги ҳақида қарор чиқарди. Декабрь ойида Олий суд иммиграция ҳақидаги фармонни қайта тиклади, аммо бу борадаги ишлар ҳали якунланмаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг