Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

К.Алламжонов: «Биринчи марта хорижий давлатда Ўзбекистон йили ўтказилади»

К.Алламжонов: «Биринчи марта хорижий давлатда Ўзбекистон йили ўтказилади»

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот котиби Комил Алламжонов.

Фото: Президент Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15 март куни Қозоғистонга амалий ташриф билан боради. Остона шаҳрида Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё мамлакатлари давлат раҳбарларининг илк маслаҳат учрашуви бўлади, деб хабар берди Президентнинг Матбуот котиби Комил Алламжонов.

Шавкат Мирзиёев шундай учрашув ўтказиш таклифини илк бор 2017 йил сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган эди. Бу ташаббус ноябрь ойида Самарқандда ўтган «Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик» мавзусидаги халқаро конференцияда минтақанинг барча давлатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан қўллаб-қувватланган, Қозоғистон томони биринчи учрашувни Остонада ўтказишни таклиф қилганди.

Ташриф доирасида яна бир муҳим тадбир — Қозоғистонда Ўзбекистон йилининг расмий очилиш маросими бўлади. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу маросимда нутқ сўзлайди.

Шу пайтгача чет давлатларда Ўзбекистон кунлари ўтказилган, лекин ҳали Ўзбекистон йили бўлмаган эди, деди К.Алламжонов.

Бугун давлатимиз раҳбари «Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида» қарор чиқарди. Бу икки қардош халқнинг бир-бирига ҳурмат-эътиборининг яна бир ифодаси бўлди.

Маълум қилинишича, ушбу йирик тадбирга тайёргарлик кўриш учун Остонага маданият ва санъат намояндалари, ҳунармандлар, журналистлар ва бошқа соҳа вакилларидан иборат катта делегация етиб борган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг