Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мажбурий ижро бюроси директори билан интервью: мансабини суиистеъмол қилган «газчи» ва «светчи»ларга жиноят иши очилган

Мажбурий ижро бюроси директори билан интервью: мансабини суиистеъмол қилган «газчи» ва «светчи»ларга жиноят иши очилган

Фото: «Xabar.uz»

2017 йил Ўзбекистонда туб ўзгаришлар ва янгиланишлар йили бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чунки жорий йилда жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида тарихий аҳамиятга эга бўлган фармон ва қарорлар қабул қилинди. Президент фармони билан 2017—2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тасдиқлангани шулар жумласидандир.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, шунингдек, электр ва газ таъминоти соҳасида бошқарув тизимини, назорат ва ҳисобга олиш механизмларини янада такомиллаштириш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, жавобгарликни кучайтириш, ижро иши юритишнинг самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида Бош прокуратура ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди ва мазкур органга ижро иш юритуви, электр ва газ таъминоти соҳаларида йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал қилиш юзасидан янги вазифалар қўйилди.

Айнан шу соҳада амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Мажбурий ижро бюроси директори Ботир Қудратхўжаевдан интервью олганимиз ҳақида хабар берган эдик. Қуйида ушбу интервьюнинг биринчи қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

— Ҳурматли Ботир Баҳромович, Бюро органларига юклатилган вазифалар хусусида қисқача тушунтириш берсангиз, ўтган даврда истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари учун тўловларни ундиришда қандай натижаларга эришилди?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси органларига қуйидаги вазифалар юклатилган:

— суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлаш, ижро ҳужжатлари ҳамда ундирилган маблағларнинг ҳаққоний ҳисобини юритиш, ижро иши юритишда сансалорлик ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш;

— электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

— энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;

— энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари, шунингдек, муқобил энергия манбаларининг жорий этилиши устидан мониторинг ўтказиш;

— энергия ресурсларини сотиш ва истеъмоли ҳисобини юритишда иштирок этиш;

— энергия ресурслари истеъмолчиларининг масъулияти ва ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўриш;

— комплекс таҳлил ўтказиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш ва мажбурий ижро тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

— қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш, суриштирув ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш.

Айни вақтда Бюро органлари:

— энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини, истеъмолчиларнинг қарздорлиги камайтирилишини таъминлаш;

— энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини, шунингдек, бевосита истеъмолчилар томонидан фойдаланилган энергия ресурслари ҳажми ва тегишли ҳудудлар чегарасидаги тармоқларга етказиб берилган ҳажм ўртасидаги тафовутларни аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олиш;

— аниқланган тафовутларни бартараф қилиш механизми бўйича таклифлар киритиш ҳамда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўришга жавобгар экани белгиланди.

Юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бюро органлари томонидан «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» акционерлик жамиятлари билан ҳамкорликда истеъмолчиларнинг тўлов интизомига риоя этиш борасидаги ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида Бюро органлари томонидан жорий йилнинг июль-декабрь ойларида фойдаланилган энергия ресурслари учун жами 11,1 трлн. сўм, шундан электр энергияси бўйича 6,5 трлн. сўм ҳамда табиий газ бўйича 4,6 трлн. сўм маблағлар ундирилди.

Таҳлилларга кўра, ўтган йилнинг шу даврида энергия ресурслари учун жами 5,8 трлн. сўм, шундан электр энергияси бўйича 4,5 трлн. сўм ҳамда табиий газ бўйича эса 1,3 трлн. сўм маблағлар ундирилган.

Мажбурий ижро бюроси энергия ресурслари учун тўловларнинг тўлиқ ва ўз вақтида ундирилишини таъминлаш соҳасида қандай ишларни амалга оширмоқда? Электр, газ ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ва талон-торож ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича нималар қилиняпти?

— Бюро органлари томонидан энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш мақсадида 2017 йил 31 декабрь ҳолатига 6,96 трлн. сўм миқдордаги қарзни тўлаш юзасидан истеъмолчиларга 8,5 млн.та мажбурий талабномалар юборилди. Шунингдек, 266,6 млрд. сўмлик қарзни иш ҳақидан ушлаб қолиш ҳақида иш берувчиларга 817.688 та талабнома берилди.

Энергия ресурслари истеъмоли бўйича 1 трлн. 961 млрд. сўмлик қарзи бўлган 95.016 та юридик шахснинг банкдаги ҳисоб-рақамига инкассо топшириқномалари қўйилди, судларга 14.768 та даъво аризаси киритилди, 10.361 та мажбурий кўрсатмалар ва жамоат таъсир чораларини кўриш ҳақида 5.161 та тақдимнома киритилди.

Ҳисоб-китобларни ўз вақтида амалга оширмаган ва тармоққа ноқонуний уланган 177.603 нафар истеъмолчи, шу жумладан, 25.525 нафар юридик шахс электр ва газ тармоқларидан узилди.

Электр, газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ва талон-торож ҳолатларини аниқлаш ва уларга қарши курашиш борасида ҳам самарали ишлар ташкил қилинмоқда.

Хусусан, тезкор-суриштирув тадбирлар натижасида 995 млрд. сўмлик фойдаланиш қоидаларини бузиш, истеъмолчиларнинг пул маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа ҳолатлар бўйича 420 та жиноят иши (240,2 млрд. сўм электр, 754,8 млрд. сўм газ), шунингдек, ҳуқуқбузарликка оид 23,7 млрд. сўмлик 20.179 та маъмурий иш қўзғатилди.

Электр ва газ таъминоти корхоналари ходимларининг товламачилик, порахўрлик ва мансабини суиистеъмол қилгани, мавжуд қарздорликни ҳисобдан чиқариб бериш эвазига қонунга хилоф равишда ҳақ олгани ҳолатлари бўйича 152 та жиноят иши қўзғатилди.

Бюро органлари томонидан аҳолининг ҳуқуқий ва тўлов интизомига риоя этиш маданиятини ошириш, истеъмолчилар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 31.235 та тарғибот тадбири ўтказилди, шундан 3.717 таси оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларни ташкил қилади.

Шунингдек, республика ва маҳаллий телеканаллар орқали энергия ресурларидан оқилона фойдаланиш ва бу борадаги қарздорликни камайтиришга қаратилган видеороликлар намойиш қилиб борилмоқда.

— Бюро фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида қандай ишлар олиб борилмоқда? Электр энергияси ва табиий газ учун тўловларни электрон тарзда тўлаш хизмати қачон йўлга қўйилади?

— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш марказини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарорига асосан, Мажбурий ижро бюросининг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил қилинди.

Марказ томонидан Бюронинг автоматлаштирилган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларини яратиш, ривожлантириш ва юритиш бўйича ягона сиёсатни ишлаб чиқиш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида муайян ишлар амалга оширилди.

Хусусан, электр ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналаридаги кўрсаткичларни кўрикдан ўтказиш ва электрон кузатиш имконини берувчи «Инспекторлар фаолиятини назорат ва таҳлил қилиш» дастури ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.

Бюро фаолиятига ушбу тизимнинг жорий этилиши энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш жараёнини соддалаштириб, тезкор таҳлилий маълумотларни реал вақт режимида кам вақт сарфлаб олиш, шунингдек, турар ва нотурар жой фонд объектларининг эгалари, кадастр маълумотлари, энергия ресурслари, ичимлик суви, иссиқ сув ва иситиш тизимлари истеъмоли, коммуникациялар ва иншоотлар ҳақидаги маълумотларни ўзида жамлаган ягона электрон паспортларини шакллантириш, энергия манбалари тушумларини автоматик онлайн равишда йиғиш, фойдаланилган энергия ресурслари ҳажмлари ва тармоқ чегарасига етказиб берилган ҳажмлар ўртасида тафовутларни аниқлаш имкониятини яратди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июлдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида хатланган мол-мулкларни электрон онлайн аукционларда реализация қилиш учун «Электрон онлайн  аукционларни ташкил этиш маркази» тузилди.

Ижро иши юритишни амалга оширишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича аукцион савдоларининг қонунийлиги, шаффофлиги ва холислигини таъминлаш, нарх-наво манипуляцияси ва бошқа суиистеъмолчиликларга йўл қўймаслик ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида 2017 йил 1 сентябрдан аукцион савдолар фақатгина «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукционлар шаклида ўтказилиши белгиланди.

Ўтган даврда ушбу майдончада қиймати 43,2 млрд. сўмлик 561 та мол-мулк сотилди.

Энди фуқаролар ортиқча вақт ва маблағ сарфламасдан республикамизнинг турли нуқталаридан интернет тармоғи орқали аукцион савдоларида иштирок этишлари мумкин.

Бобур Наби суҳбатлашди.

Электр ва газ пломба ва ҳисоблагичларини ўрнатиш тартиблари, истеъмолчиларни тармоқдан узиш, тармоққа ноқонуний уланганлар, МИБ ходимларининг махсус кийими ва ҳужжатлари ҳамда бошқа маълумотлар жой олган суҳбатнинг давомини тез кунда сайтимизда ўқишингиз мумкин.

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг