Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олий таълимда 3 йиллик янги бакалавр тизими, Тошкентда эса янги университет

Олий таълимда 3 йиллик янги бакалавр тизими, Тошкентда эса янги университет

Фото: «President.uz»

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 14 февраль куни мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берган эдик.

Йиғилишда мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг савияси, билими ва кўникмалари масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 фоизи олий маълумотли, 79 фоизи эса ўрта махсус маълумотга эга экани қайд этилди.

— Болалар тарбияси жараёнига ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклигидан онги ва тафаккурини тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш қийин бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.

Бу борадаги ўрганишлар натижасида келгуси 3 йилда мактабгача таълим тизимида 47 минг 300 дан зиёд олий маълумотли педагог кадрлар, жумладан, 28 минг 300 нафар тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлиши аниқланган. Шу боис, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида «Мактабгача таълим» йўналишида кундузги шаклда 3 йиллик бакалаврлар тайёрлаш тизими жорий этилади. Бунда илғор хорижий тажриба, жумладан, Жанубий Кореянинг етакчи университетлари тажрибаси асосида янги ўқув режаси ва дастурлари ишлаб чиқилади.

Шунингдек, янги ўқув йилидан бошлаб, олий таълим муассасаларида сиртқи ва кечки шаклда бакалаврлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Жорий йил март ойидан бошлаб, вилоятлардаги университет ва педагогика институтлари базасида боғчаларнинг педагог ва номутахассис кадрлари учун ярим йиллик ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади.

Бу ҳақда сўз юритар экан, Президент Жанубий Кореянинг Пучон университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида Мактабгача таълим университетини ташкил этиш зарурлигини таъкидлади.

Йиғилишда юқори малакали, олий маълумотли кадрларни рағбатлантириш, мактабгача таълим муассасалари педагог ходимларининг ойлик иш ҳақини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Имконияти чекланган ва жисмоний ривожланишида нуқсони бўлган болаларга мўлжалланган боғчаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларига ҳам эътибор қаратилди.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича мутасадди раҳбар ва ҳокимларнинг ахборотлари тингланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг