Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Реставрациями ёки таъмирлаш? Бухородаги Аркнинг қулаб тушган девори эсингиздами? (фото)

Реставрациями ёки таъмирлаш? Бухородаги Аркнинг қулаб тушган девори эсингиздами? (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Бундан бир неча кун аввал (кунлар анча совуқ эди) ишдан уйга қайтар эканман, Эскишаҳардаги Кўкалдош мадрасасининг сўл қаноти ўраб қўйилганига кўзим тушди. Навбатдаги таъмирлаш ишлари бошлаб юборилибди. Ҳа, ҳа, навбатдаги.

Мен тарих факультетини битирганман. Шу сабабли тарихий обидаларга, уларнинг таъмирига имкон қадар эътибор қаратишга уринаман. Менимча, Кўкалдош мадрасасининг сўл қаноти, ҳисоб бўйича бешинчи марта таъмирланаётган бўлса керак. Аммо буни исботлашнинг имкони йўқ.

Аслида тарихий бинолар реставрация қилиниши шарт. Реставрация бир-икки ҳафтада, эмас йиллар давомида олиб борилади. Бизда эса бунинг акси. На мутахассис жалб этилади, на бир режа билан иш кўрилади.

Кўкалдош мадрасасининг сўл қаноти бундан аввал шошмашошарлик билан таъмирланган эди. Ишни ҳақиқий усталар эмас, балки ЖЭК ходимлари олиб борган эди, менимча. Чунки нақшлар бир-бирига асло тўғри келмайди. Ишонмаганлар ҳозир ҳам бориб кўришлари мумкин. Ота-боболаримиз шунақанги санъат асари яратишганки, нақшлар симметрик равишда жойлаштирилган. Аммо таъмирловчилар шошмашошарлик билан ишлаганлари яққол кўриниб турарди.

Шу гапларни ёздиму «кимгадир туҳмат қилмадимми?» деган хаёлга бордим ва интернетга кириб Кўкалдош мадрасаси ҳақида «Tarix.uz» сайтидаги маълумотлар билан танишдим. Таъмирловчиларнинг нияти холис бўлганига ишонч ҳосил қилдим.

Кўкалдош мадрасаси Тошкент шаҳридаги тарихий обидалардан бири саналади. Мадраса аслида 1551—1575-йилларда қурилган. Бунга далил сифатида тарихчилар 1569—1570-йилларда ёзилган вақфномани келтирадилар. Бироқ 1866—1886-йилларда рўй берган зилзила натижасида пештоқининг юқори қисми қулаб тушади ва мадраса вайронага айланади. 1902—1903-йилларда Тошкент шаҳри аҳолисининг хайрия маблағлари ҳисобидан таъмирлаш ишлари олиб борилади. Маблағ етишмаслиги сабабли ишлар тўхтаб қолиб, ёдгорлик ўзининг аввалги ҳолатига қайтарилмади. Кўкалдош мадрасаси ва унинг ёнидаги Хўжа Аҳрор Валий жомеъ масжиди 1865 йилда генерал Черняев бошчилигидаги рус қўшини Тошкентни забт этишида қаттиқ шикастланди.

1886 йили рус муҳандислари томонидан хонақолар ва жомеъ масжид таъмирланиши натижасида ўзининг дастлабки меъморий кўринишини тамоман йўқотди.

Вақт ўтиши билан ўзаро урушлар, кучли зилзилалар, биноларнинг турли мақсадларда ишлатилиши, бир неча бор таъмирланиши ва қайта тикланиши туфайли мадраса ҳақиқий гўзаллигини, муҳташамлигини аста-секин йўқотиб борган.

Айниқса, XVIII асрнинг бошларида мадраса ташландиқ ҳолатга келиб қолган. Шу асрнинг охирида эса карвонсарой сифатида фойдаланилган. Коммунистик мафкуранинг ҳукмронлиги даврида мадраса биноси умуман қаровсиз қолиб кетган: хоналар омборхона, ётоқхона, устахона вазифасини ўтаган.

Табиий емирилиш даражасида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмади. Давлат томонидан олиб борилган таъмирлаш ишларидаги суиистеъмолчилик ва масъулиятсизлик мадрасанинг янада аянчли ҳолатга тушишига олиб келди.

Мадрасани қайта тиклаш тўғрисида 1974 йилда қабул қилинган лойиҳалар лоқайдлик сабабли сурункасига бажарилмай келди.

Мустақиллик даврида мадрасанинг шарқий томонидаги жомеъ масжид ёнидан ўтган сув қувурининг ёрилиши натижасида мадрасани икки марта сув босиб, жанубий қисми захлаб, шўрланиб кетди. Ушбу деворлар остида пойдевор бўлмаганлиги сабабли 2002 йилда қайтадан ғиштлари алмаштирилиб, янги пойдевор қўйилди.

Кўкалдош мадрасаси СССР Министрлар советининг 1990 йил 29 декабрдаги 4372-қарорига асосан 1991 йил 3 июнда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси (ҳозирги Ўзбекистон мусулмонлари идораси) тасарруфига топширилди. Шу вақтдан бошлаб мадрасани буткул таъмирлаш учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

Мустақиллик даврида Эркин Саидаҳмедов илк бор ўз маблағи ҳисобидан кенг кўламли таъмирлаш ишларини бошлаб берди. Сўнгра бу хайрли ишни Наим ота Жўраев давом эттириб, кўзга кўринарли даражага етказди. Наим ота даврида мадрасанинг шимолий ва жанубий пештоқи, ички ва ташқи томонлари дастлабки ҳолатига келтирилди.

Кейинроқ мадрасанинг ғарбий қисмидаги хонақоларнинг барчаси ҳамда шимоли-ғарбидаги таҳоратхона бузилиб, лойиҳада кўрсатилганидек бинонинг биринчи қавати пойдевор асосида қайтадан бунёд этилди. Сўнгра 1954 йилдан бери таъмирланмаган эшик-деразалар таъмирдан чиқарилди. Мадрасанинг шарқий қисмидаги биноларнинг иккинчи қавати тикланиб, усти ёпилди.

1996 йилгача бажарилган тиклаш ва таъмирлаш ишлари асосан халқнинг хайр-эҳсони ҳисобига бажарилган. 1996 йилдан бошлаб таъмирлаш ишлари шаҳар ҳокимининг ёрдами ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва мадрасага тушган хайр-эҳсонлар орқали амалга оширилган.

Мустақиллик давридаги таъмирлаш ишларида бухоролик Аҳрор Асқаров ва Маданият вазирлиги ёдгорликларни сақлаш институти муҳандиси, Кўкалдош мадрасаси қурилиш лойиҳаси муаллифи ва таъмирчи уста Миробид Мирзоаҳмедов каби инсонлар катта хизмат қилдилар.

Реставрация масаласида фикрларимни давом эттирадиган бўлсам, Амир Темур хиёбонидаги юридик университет биноси ҳам шошмашошарлик билан таъмирланганига гувоҳ бўламиз. Тарихий бинога акфа ромларини ўрнатишни асло оқлаб бўлмайди.

Ёки бўлмасам, Вестминстер университети ва бу ўқув даргоҳи қаршисидаги «Соғлом авлод учун» жамғармаси жойлашган тарихий бинолар ҳам кўнгилдагидек таъмирланган деб бўлмайди. Бу бинолар замонавийлаштирилган гўё. Ҳақиқий бино ҳақида тасаввурга эга бўлмоқчи бўлганлар «Соғлом авлод учун» жамғармасининг ортига ўтишлари керак бўлади. Шу ўринда мазкур бинода бир вақтлар Ўзбекистон тарихи музейи жойлашганини эслатиб ўтиш керак.

Тилга олинган бу икки бино қурилишини иккига бўлиш мумкин. Ғиштларига эътибор қаратилса, икки қавати Россия империяси даврида, учинчи қавати эса совет даврида қурилганига гувоҳ бўласиз. Олд томонидан қарасангиз, бу билинмайди. Чунки бинолар ғишт ранги билан бўялган. Гўё шу билан хорижликларни жалб қилмоқчи бўламиз. Аммо чет элликларни алдаб бўлмайди.

Фикримча, тарихий биноларни таъмирлашни «ЖЭК ходимлари»га ишониб бўлмайди. Реставрацияда шошмашошарлик бўлиши керак эмас.

Яна бир гап: негадир бизда Кўкалдош сингари тарихий объектларни ёғингарчилик мавсумидаям таъмирланаверишини ҳеч тушунмайман. Куз, қиш, баҳорда тарихий объектларни таъмирлашга рухсат беришни, юмшоқ қилиб айтганда, аждодларнинг меросига ҳурматсизлик деб биламан.

Бундан бир неча йил аввал расмий матбуотда тарқалган хабар ёдингиздами? Ҳукумат Бухородаги Аркнинг қулаб тушган деворини тиклаш учун маблағ ажратгани ёритилган эди. Лекин ўшанда ҳеч ким ўша қулаб тушган девор бир-икки йил илгари таъмирдан чиқарилганига эътибор қаратмаган эди. Девор шошмашошарлик билан таъмирлангани боис қулаб тушган.

Ўзбек меъморчилигида Самарқанд, Бухоро, Хоразм услуби бор. Самарқанд меъморчилигида бино қурилганидан сўнг нақшлар берилади. Бухорода эса ғиштларнинг ўзидан санъат асари яратилган. Минораи калон, Сомонийлар мақбараси бунга мисол бўла олади. Хивада эса биноларга нақшли плиталар қоплаб чиқилган.

Биз санъат асарларини санъат асари каби таъмирлашни ўрганишимиз керак. Тарихий биноларимиз худди Алишер Навоий театри реставрация қилинганидек таъмирланиши лозим.

Ҳар бир даврда қурилган бинолар ўша даврни эслатиб туриши шарт. Агар «Ўзбекистон» меҳмонхонаси, Ўзбекистон тарихи (аввалги Ленин) музейи, Рассомлар уюшмасининг кўргазмалар зали қора ойналар билан «безатилгани»да борми... кўп нарсани йўқотган бўлардик.

Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Фото: «Xabar.uz»
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг