Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳаво ифлосланиши оқибатида ҳар йили беш ярим миллион киши вафот этади

Ҳаво ифлосланиши оқибатида ҳар йили беш ярим миллион киши вафот этади

Фото: «Newsline»

Ахборот-коммуникация технологиялари базасидаги электрон ҳукумат, электрон соғлиқни сақлаш, электрон таълим, жамиятни бошқаришда компьютер усулларидан фойдаланиш сингари тизимларга аллақачон ўрганиб қолдик.

Сўнгги йилларда АКТни қўллаш борасида яна бир истиқболли йўналиш — атроф-муҳитни электрон муҳофаза қилишни ишлаб чиқиш бошланди. Бу соҳа ривожланишни эндигина бошлади, аммо АКТ асосида экологик назоратни амалга ошириш давлат бошқарувининг электрон тизими сингари унчалик мураккаб эмас.

Иқлим ўзгаришлари билан тўқнашув

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, атроф-муҳитнинг ифлосланиши оқибатида келиб чиқадиган касалликлар туфайли ҳар йили сайёрамизда камида беш ярим миллион киши вафот этади.

2050 йилда бу рақам 6 миллион кишидан ортиб кетиши айтилмоқда. Шундан тенг ярми Ҳиндистон ва Хитой ҳиссасига тўғри келади. Ифлос ҳаво оқибатида 2013 йилда Хитойда 1 миллион 600 минг, Ҳиндистонда бир ярим миллионга яқин, АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатларида 300 мингга яқин киши вафот этгани айтилади.

ЖССТнинг Онкологик касалликларни ўрганиш халқаро агентлиги (IARC) 2013 йил эълон қилган ҳисоботда эса ҳавонинг ифлосланиши саратон касаллигининг асосий сабабчиси экани таъкидланади.

АКТ кўмагига суянамиз

Демак, бутун дунё иқлим ўзгаришлари оқибатлари билан аллақачон тўқнаш келиб турибди. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатида ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ оғир вазият ҳукм сураётган бир даврда АКТдан фойдаланиш иқлим ўзгаришларига мослашишга ва унинг оқибатларини юмшатишга ёрдам бериши мумкин.

Нисбатан арзон масофавий зондлаштириш технологиялари, сунъий йўлдошлар ва ҳатто мобил телефонлар иссиқхоналар газлари чиқиндиларини камайтириш ва энергия самарадорлигини оширишда экологларга атроф-муҳит ҳолатини мониторинг қилиш ва уларни бошқаришга ёрдам беради. Шу боис атроф-муҳитни электрон муҳофаза қилиш ғояси жуда катта аҳамиятга эгадир.

Халқаро электралоқа иттифоқи бошқаришнинг электрон усуллари, экологик барқарорликни таъминлашда АКТдан фойдаланиш нуқтаи назаридан мамлакатлар тайёрлик даражасини баҳолаш учун турли кўрсаткичларни бирлаштириш масалалари бўйича БМТ томонидан ўтказилган тадқиқотлар натижасида Атроф-муҳитни электрон ҳимоя қилиш учун тайёрлик индекси (EERI)ни ишлаб чиққан.

EERI доирасидаги кўрсаткичлар таркибий индекс сифатида АКТ инфратузилмаси, инсон салоҳияти, дастурий таъминот, табиатни электрон муҳофаза қилиш дастурлари, шунингдек, миллий сиёсат ва ташаббуслар, биохилма-хилликни рағбатлантиришга қаратилган йўналишлар, иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш, жамоатчиликнинг хабардорлик даражасини ошириш ва бу кўрсаткичларнинг узоқ муддатли истиқболлари каби жиҳатларни ҳисобга олиш атроф-муҳитни электрон ҳимоя қилишга тайёр эканлигини кўрсатади.

EERIнинг дастлабки натижалари МДҲ мамлакатлари тайёргарликнинг турли даражаларида эканлигини кўрсатмоқда, лекин кўплаб давлатларда ҳукумат ва аҳолининг юқори даражада хабардорлиги ҳақидаги маълумотлар бу борадаги муҳим қадамни англатади.  

Атроф-муҳитни электрон муҳофаза қилиш соҳасидаги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш учун энг муҳими етарли инфратузилмага, инсон салоҳияти ва сиёсий муҳит қўллаб-қувватловига эга бўлиш талаб этилади. MДҲ мамлакатларининг кўпчилигида глобал халқаро ҳамкорликда муҳим ҳисобланган экологик режалаштириш фаолияти учун ҳали инсон ва институционал салоҳият кам. Шу боис, масалан, Беларус турли халқаро экологик дастурларда фаол иштирок этяпти. Аммо, атроф-муҳит масалаларини мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги сиёсатининг асосий йўналишларига киритиш муаммоли бўлиб қолаётир. Шунинг учун атроф-муҳитни электрон муҳофаза қилиш ғояларида табиатни ҳимоя қилишда АКТ ёрдам бериши мумкин бўлган соҳалар таҳлили билан бир қаторда энг кенг тарқалган усуллардан фойдаланиш жуда муҳимдир.

Тоза ҳудуд сари

Мамлакатимизда ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларни амалиётда қўллаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал этишда АКТнинг роли, аҳамияти ва истиқболларини баҳолаш, жумладан, замонавий АТ-ечимлар ва геоахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда атроф-муҳит ҳолатининг давлат мониторинги ахборот базасини шакллантириш ва ягона давлат кадастрини юритиш каби масалалар бўйича кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти.

Чунончи, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш жараёнида АКТни ривожлантиришни жадаллаштиришга, шунингдек, улардан самарали ҳамда кенг фойдаланишга доир қатор қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Бу соҳада, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги, «Радиочастота спектри тўғрисида»ги ҳамда бошқа қонунлардан кенг фойдаланиляпти. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрелдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим рол ўйнамоқда.

Фармонга кўра, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунувчи ва ҳисобот берувчи Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига айлантирилди. Унинг зиммасига бир қанча муҳим вазифалар юклатилиб, янги тузилмалари ташкил этилди. Жумладан, қўмита ва жойлардаги бошқармаларнинг марказий аппаратларида чиқиндилар ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат қилиш инспекциялари ҳамда биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш ҳудудий инспекциялари тузилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда вилоятлардаги бошқармалар ҳузурида «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари, туман-шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармаларининг чиқиндиларни олиб кетиш бўйича хизмат кўрсатадиган участкалари негизида уларнинг филиаллари ташкил этилиши белгилаб қўйилди.

Сайёрамиздаги ҳаво барча инсонларга тегишли эканлигини англаб етадиган пайт етиб келди. Биз ҳавонинг тозалиги учун масъулиятни ҳис этишимиз керак.

Дана Лумис, ЖССТ Онкологик касалликларни ўрганиш халқаро агентлиги вакили

Ҳозирги шароитда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича муҳим давлат дастурларини бажариш ва экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, экотизимларнинг экологик барқарорлигини таъминлаш ва қулай яшаш муҳитини шакллантириш учун АКТ соҳасидаги турли техник воситалар ва йўналишлар, жумладан, геоахборот тизимларидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Бундай тизимлардан фойдаланган ҳолда ҳудудни турли зоналарга ажратиш, тупроқ, иқлим, биологик хилма-хиллик, демографик ҳолат ва шу каби бошқа маълумотларни йиғиш ва электрон шаклга ўтказиш табиатни муҳофаза қилиш тадбирларининг самарадорлигини оширади. Бундай тизимларни қўллашнинг яна бир кенг тарқалган соҳаси, бу — атроф-муҳитнинг ҳолатига тегишли асосий кўрсаткичларни ўзида акс эттирувчи хариталарни яратишдан иборат бўлиб, бундай хариталардан флора ва фауна элементлари деградациясининг кўлами ва тезлигини аниқлашда фойдаланиш мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, ўзимиз яшаб турган, фарзандларимиз камол топаётган шу курраи заминни муҳофаза қилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш жараёнларини ривожлантиришнинг истиқболдаги йўналишлари, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллашни тартибга солишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш, шунингдек, соҳани юқори малакали ходимлар ҳамда илғор технологик ускуналар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан биридир.

Озодахон Йўлдошева, ТТЕСИ «Меҳнат муҳофазаси ва экология» кафедраси мудири, доцент

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг