Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сунъий тафаккур: қудратли технологиялар ва донишмандлик пойгаси

Сунъий тафаккур: қудратли технологиялар ва донишмандлик пойгаси

Фото: «Wallup.net»

Илм-фаннинг мислсиз тараққиёти олимларни келажагимизга нисбатан ёндашувга янада кўпроқ оптимист бўлишга ундамоқда. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, яқин юз йилда компютерлар одамларга нисбатан ақллироқ бўлади. Бу мавзу фантаст ёзувчиларга ҳам, киноижодкорларга ҳам бегона эмас. Аллақачон экранларимиз юзини кўрган «2001: Фазовий одиссея», «Терминатор», «Темир одам», «Мен, роботман», «Сунъий ақл», «Юлдуз йўли», «Бегона», «Ёвузлик эгаси»... сингари бир-биридан қизиқарли филмларни барчамиз севиб томоша қилганмиз. Ёки ўзимизнинг миллий кино – «Темир хотин»ни эсланг. Улар фантастика, триллер, жангари, драма, мелодрама, саргузашт каби турли жанрларда ишланган, аммо барчасининг воқеалари битта нуқтада кесишади: инсон хаёлоти маҳсули бўлган сунъий ақл (робот) тўлиқ фикрлашни бошлайди, мустақил ҳаракатланади ва алалоқибат – инсониятни йўқ қилишга ёки унга бўйсунишга қарор қилади.

Демак, бугунги мавзуимиз... Йўқ, кино борасида эмас, балки улардаги «қаҳрамонлар» яратилишига асос бўлган инсон ақлий қобилиятининг илм-фандаги инъикоси – сунъий тафаккур хусусидадир.

Тафаккур баҳси

Аввало таъкидлаш жоиз, илм-фан тараққиётининг ҳар қандай ютуғи инсоният мушкулини осон қилишга, унинг муаммоларини қисман бўлса-да ҳал этишга хизмат қилиши керак. Шундай бўляпти ҳам: йиллар давомида фазодан мустақил тарзда турли маълумотларни Ерга жўнатишдан тортиб табиий ва техноген ҳодисалар вақтида инсон кириши имконсиз жойларга ҳам етиб бораётган, жарроҳлар кўзи ва бармоқлари илғамайдиган энг майда тўқималаргача муфассал текшира олаётган айнан шу катта-кичик сунъий онглаштирилган турли роботлар, машиналару ускуналардир. Аввалига хизмат кўрсатиш жойлари, беморлар ва ёлғиз кексаларга кўмак учун ишлаб чиқилган бундай «темир одамлар» йилдан-йилга ҳар томонлама такомиллашиб, фикрлашда инсоният билан баҳслашишга шай турибди, гўё. Яъни, бир даврлар ўзига қанот боғлаб учмоқни орзулаган одамзод авлодлари бугун темирга «жон киритиш» устида бош қотирмоқда.

Тарихга назар

Сунъий тафаккур (сунъий интеллект) соҳасида дастлабки ишлар ўтган асрнинг ўрталарида бошланган. Гарчи муайян ғояларни Ўрта аср математик ва файласуфлари берган бўлса-да, бу йўналишдаги тадқиқотлар ихтирочисига айланиш инглиз математиги ва криптографи Алан Тюринг (1912-1954)га насиб этди. Хусусан, ХХ аср бошларидаёқ шахмат муаммоларини ҳал этиш имкониятига эга механик қурилма тақдим этилган эди. Аммо бу йўналишнинг ҳозиргидек шаклланиши ўтган юз йиллик ўрталарига тўғри келади. Сунъий тафаккур бўйича, аввало, инсон табиати, атроф-оламни англаш йўллари, тафаккур жараёни имконияти ва бошқа соҳалар ҳақидаги тадқиқот ишлари дунё юзини кўрди. Айни шу вақтда илк компютерлар ва алгортмлар пайдо бўлди. Бу билан тадқиқотларнинг янги йўналиши учун пойдевор қўйилан эди.

Алан Тюринг 1950 йили келажак машиналари имкониятлари, шунингдек, уларнинг ақл жиҳатидан инсонни ортда қолдиришга қодирлиги ҳақидаги саволлар ўртага ташланган мақола чоп этади. Айнан шу олим кейинчалик ўзининг номи билан аталган тартибни ишлаб чиқди: Тюринг тести.

Бу олимнинг нашр этилган ишидан сўнг сунъий тафаккур соҳасида янги тадқиқотлар пайдо бўла бошлади. Тюринг фикрича, мулоқот вақтида фикрлашда инсондан фарқ қилмайдиган машинанигина тан олиш керак. Тахминан олим мақоласи чоп этилган бир вақтда «Baby Machine» деб ном олган концепция дунё юзини кўрди. Сунъий тафаккурни ривожлантириш ва машина яратиш учун унга киритилган фикрлаш жараёни дастлаб бола даражасида шакллантирилди, кейинчалик босқичма-босқич такомиллаштирилди.

«Сунъий тафаккур» атамаси эса кейинроқ пайдо бўлди: 1956 йилнинг ёзида АҚШнинг Дартмут университетида сунъий тафаккур масалалари бўйича анжуман бўлиб ўтди. Унда Жон Маккарти (Дартмут университети), Марвин Мински (Гарвард университети), Клод Шеннон (Bell Laboratories), Натаниэл Рочестер (IBM), Герберт Саймон (Карнеги университети, Тренчард Мур (Принстон университети)  сингари ўнлаб олимлар иштирок этди ҳамда мавзу бўйича маъруза қилган америкалик информатик Жон Маккарти (1927–2011) «Artificial Intelligence» («Сунъий тафаккур») атамаси муаллифи сифатида тарихда қолди.

Ушбу учрашувдан сўнг сунъий интеллект имкониятларига эга машиналарни фаол ривожлантириш бошланди. Мазкур соҳада янги технологияларни яратишда ушбу йўналишдаги тадқиқотларни фаол молиялаштирган ҳарбий муассасалар муҳим рол ўйнади. Кейинчалик бу соҳадаги ишлар йирик компанияларни ҳам қизиқтириб қўйди.

Замонавий ҳаёт тадқиқотчилар олдига янада кўп мураккаб вазифаларни қўя бошлади. Шу боис сунъий тафаккур, ўзининг пайдо бўлган даврига нисбатан, мутлақо бошқача шарт-шароитларда ривожлана борди. Глобаллашув жараёнлари, рақамли тармоқдаги ҳуқуқбузарликлар (хакерлар) фаолияти, интернет тараққиёти ва бошқа муаммолар – буларнинг бари олимлар олдига сунъий тафаккур соҳасидаги мураккаб вазифаларни ҳал этиш вазифасини кўндаланг қўйди.

Ушбу соҳада сўнгги йилларда эришилган муваффақиятлар (масалан, автоном техникаларнинг пайдо бўлиши)га қарамай, ҳақиқатда сунъий интеллектни яратишга ишонмайдиган танқидчиларнинг овози ҳамон тингани йўқ – уларнинг фикрича, бу у қадар қобилиятли дастур эмас.

Файласуфлар инсоний интеллект табиати ва унинг мақоми қандай бўлиши ҳақида якдил фикрга келишолганича йўқ. Сунъий тафаккурга бағишланган илмий ишларда сунъий тафаккурни ҳал этиш билан боғлиқ кўплаб ғоялар учрайди. Шунингдек, ушбу масалада қандай машинани ақллироқ санаш мумкин, деган ягона тушунча мавжуд.

Тадқиқот йўналишлари

Бугунги кунда сунъий интеллект технологиялари икки йўналишда ривожланмоқда:

  1. Пастга (семиотик). У нутқ, фикрлаш ва ҳис-туйғу каби юқори даражадаги руҳий жараёнларни билдирувчи янги тизимлар ишланмалари ва билим асосларини тақдим этади.
  2. Юқорига (биологик). Бу ёндашув биологик жараёнлар нуқтаи назаридан ақлли хатти-ҳаракатлар моделларини яратувчи нейрон тармоқлар соҳасида тадқиқотлар ўтказишни кўзда тутади. Бу йўналиш базасини нейрокомпютерлар ташкил қилади.

Тюринг тести

Тюринг тести сунъий интеллект (машиналар)нинг инсон сингари фикрлаш қобилиятини белгилайди. Ушбу ёндашувнинг умумий тушунчаси хатти-ҳаракати оддий вазиятларда инсон фаолиятидан ҳеч қандай фарқ қилмайдиган сунъий онг яратишни ўз ичига олади. Аслида, Тюринг тести машинанинг ақлий қобилияти, агар у билан мулоқот мобайнида ким гапираётганини – механизмми ёки тирик одам, тушуниш имконсиз бўлгандагина муваффақиятли бўлишини таъкидлайди. Яъни, машина ҳис қила олса ва яратиш имкониятига эга бўлсагина ҳақиқий сунъий интеллект бўла олади. Фақат бу ёндашув амалий фойдаланиш таърифига бардош бера олмайди. Масалан, атроф-муҳит (совуқ, иссиқ ва ҳоказо) ўзгаришларига муносабат билдириш қобилиятига эга машиналар аллақачон яратилган. Фақат улар буни одамлар қандай бажара олишини ҳис қилишга қодир эмас.

Сармоявий тараққиёт

«Gartner» компанияси экспертлари тахминича, 2020 йилга бориб, барча ишлаб чиқариладиган дастурий таъминотларда амалда сунъий тафаккур технологиялари қўлланилади. Шунингдек, мутахассислар рақамли соҳада 30 фоизга яқин сармоя айнан сунъий тафаккурга йўналтирилишини тахмин қилишмоқда. Компания таҳлилчилари фикрича, бу йўналиш инсон ва машиналар кооперациялари учун янги имкониятларни очиб беради. Шу боис инсоннинг сунъий тафаккурга интилишини тўхтатиш имконсиз ва келажакда бу жараён янада тезлашади.

«PwC» компанияси 2030 йилга бориб, янги технологияларнинг тезкорлик билан жорий этилиши ҳисобига жаҳон ялпи ички маҳсулоти ҳажми тахминан 14 фоизга ошади, деб ҳисобламоқда. Мазкур ўсишнинг 50 фоизи ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлайди. Кўрсаткичнинг иккинчи ярмини эса маҳсулотларга сунъий тафаккурни жорий этиш ҳисобига қўлга киритилган қўшимча фойда ташкил қилади.

Сунъий тафаккурдан фойдаланишдан дастлаб АҚШ натижага эришади, боиси бу мамлакатда сунъий тафаккур машиналари эксплуатацияси учун энг яхши шароитлар яратилган. Келажакда эса АҚШни маҳсулот ва уни ишлаб чиқаришга шундай технологияларни киритиб, энг юқори даражада фойдага эришган Хитой ортда қолдиради.

«Saleforce» компанияси экспертлари маълум қилишича, сунъий тафаккур кичик бизнес самарадорлигини тахминан 1,1 триллион долларга ошириш имконини беради. Ва бу 2021 йилга бориб содир бўлади.

Шунингдек, янги технологияларни жорий этиш, жараёнларни автоматлаштириш қўшимча 800 минг иш ўрнини яратишга имкон беради (ўз навбатида, экспертлар бу кўрсаткич иш ўринларини қисқартиришини ҳам ва бу жараёнларни автоматлаштириш натижасида содир бўлишини таъкидлашмоқда). Таҳлилчиларнинг прогнозига кўра, компаниялар ўртасидаги сўровномалар натижаларига асосланганда, уларнинг ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштиришга харажатлари 2020 йилда тахминан 46 миллиард долларгача ўсади.

Сунъий онг инсоният учун хатарли...ми?

Инглиз назариётчи-физиги, илм-фан тарғиботчиси Стивен Хокинг фикрича, сунъий тафаккур тараққиёти келажакда инсоният таназзулига сабаб бўлади. Олим сунъий тафаккурнинг бу зайлда жорий этилиши одамлар аҳволини аста-секин ёмонлаштиради, деб ҳисоблайди. Чунки, бундай эволюциявий шароитларда инсон яшаб қолиш учун доимий курашда бўлади ва бу жараён албатта уни ҳалокатга олиб келади.

Бутунжаҳон иқтисодий форуми мутахассислари маълумотига кўра, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш натижасида 2020 йилларга бориб дунёдаги 7 миллионга яқин одам ўз иш жойларидан маҳрум бўлади. Сунъий тафаккурни жорий этиш иқтисодиётда кутилмаган ўзгаришларга салмоқли ҳисса қўшиш билан бирга, маълумотларни қайта ишлашга алоқадор бир қатор мутахассисликларнинг йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлади – сунъий интеллект жисмоний меҳнат талаб қиладиган ва ахборотларни қайта ишловчи, масалан, чакана савдо, меҳмонхона ходими ва шу каби бошқа касбларни эгаллаб олади.

Америка компаниялари мутахассислари жорий юз йиллик ўрталарига бориб, дунё бўйича иш ўринлари сони қарийб 50 фоизга қисқаришига ишонишади. Одамлар ўрнини анолог операцияларни бажара олиш имконига ёки жуда юқори самарадорликка эга машиналар эгаллайди. Ҳатто экспертлар ушбу тахмин белгиланган муддатдан анча олдин бошланишини ҳам истисно этишмаяпти.

Роботлар ҳам солиқ тўласин

Бошқа таҳлилчилар роботларга мурожаат қилишнинг зарарли томонлари ҳақида бонг уришмоқда. Масалан, «McKinsey» экспертлари роботлар одамлардан фарқли ўлароқ солиқ тўламасликларига эътибор қаратишган. Уларнинг фикрича, бюджетга солиқлар тушиши ҳажми сезиларли камайиши оқибатида давлатлар инфратузилмани аввалгидек қўллаб-қувватлай олмайди. Шу боис «Microsoft» асосчиси Билл Гейтс роботлаштириш техникаларига янги солиқ киритиш таклифини илгари сурган.

Билл Гейтс сунъий интеллект технологиялари ривожи инсониятни ташвишга солиши керак, деб ҳисоблайди. «Мен супер-тафаккур тараққиёти истиқболидан хавотирланаётганлар билан биргаман, – дейди Билл Гейтс. – Даставвал машиналар биз учун ишларнинг катта қисмини бажаришади, аммо улар ҳали супер-тафаккурга эга эмас. Агар уларни тўғри бошқара олсак, албатта бу яхши. Бироқ, бир неча ўн йиллардан сўнг сунъий тафаккур етарли даражада ривожланади ва бу хавотирланишга сабаб бўла олади. Негадир айрим олимлар ушбу муаммога етарлича эътибор қаратишмаяпти».

Ўз навбатида, «Tesla» компанияси асосчиси Элон Маск 2015 йили Массачусетс технологиялар институтида бўлиб ўтган анжуманда сунъий тафаккурни «асосий экзистенциал (ҳаётий) таҳдид» деб атаган эди. Аммо, сунъий тафаккур тараққиётини «дўстона» қўллаб-қувватлашга миллионлаб доллар сармоя таклиф қилган ҳам айнан у. Масалан, ушбу анжумандан сал олдинроқ миллиардер сунъий тафаккур хавфсизлиги бўйича «Future of Life Institute» тадқиқотларига 7 миллион сарфлаган. 2014 йили эса бу мақсадлар учун 10 млн. доллар йўналтирган ва «ақлли» компютер тизимлари назорати бўйича 300дан ортиқ (уларнинг қирққа яқинини шахсан ўзи энг истиқболли ғоялар деб ҳисоблайди) тадқиқот лойиҳаларига эга бўлишга ҳам улгурган.

Шунга қарамай миллиардер сунъий интеллектнинг тез суръатларда ривожланиши бўйича ўз хавотирларини ҳеч қачон яширмайди. Интервюларидан бирида у бу технология «ядро қуролидан ҳам хавфлироқ бўлиши мумкин, одамлар эса бугун сунъий онгнинг ривожланиш салоҳиятини етарлича баҳолашмаяпти», дея очиқ айтган эди. Хўш, нега унда ушбу соҳани молиялаштиряпти? Бу саволга Элон Маск шундай изоҳ беради: «Бу истиқболли лойиҳаларга сармоя эмас ва мен бундан фойда олишни кўзлаганим йўқ. Мен шунчаки сунъий тафаккур тараққиёти билан боғлиқ вазиятларни назорат қилишни хоҳлайман холос. Агарда назорат механизми етарлича кучли бўлмаса, «Терминатор» филми сценарийси яқин келажакда реал воқеликка айланиши мумкин».

Хуллас, хавотирлар қанчалик ўринли ва бу қачон юз беради — буниси қоронғу. Фақат, Элон Маскнинг сунъий тафаккур ишлаб чиқувчиларга жараён устидан назоратни сақлаш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб йўллаган мактубида келтирилганидек, компютерларнинг мақсади бизнинг хоҳиш-истакларимизга мос келиши учун барча имкониятларни ишга солмоғимиз зарур. Бир сўз билан айтганда, келажагимиз – ўсиб бораётган қудратли технологиялар ва донишмандлик ўртасидаги пойгада қайси жиҳат ғолиб бўлишига боғлиқ.

Усмонжон Йўлдошев, «Xabar» мухбири

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг