Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Тасанно! «Муаллақ турувчи дарвеш» сирини очдик!

Тасанно! «Муаллақ турувчи дарвеш» сирини очдик!

Изоҳ эгаларининг аксарияти бу аттракцион кўзбўямачилик эканлигини «фахр» билан билдиришган.

Фото: «Ўзбектуризм»

Қатор интернет нашрлари сингари биз ҳам Бухорода йўлга қўйилган янги кўнгилочар дастур ҳақида «Бухорода ҳавода муаллақ турувчи дарвеш пайдо бўлди» сарлавҳали хабар эълон қилгандик. Бу хабар сайтлар ортидан ижтимоий тармоқларда ҳам айлана бошлади ва одатдагидек кўпчилик ўз изоҳларини қолдиришга киришди.

Изоҳ эгаларининг аксарияти бу аттракцион кўзбўямачилик эканлиги, дарвеш аслида ҳассасига суяниб турганлиги, имкон туғилганда шартта фош қилиб ташлаши мумкинликларини билдиришган. Айримлар ҳатто суратларни ҳам қолдиришган, бу аттракцион сирини очувчи видеолавҳаларни ҳам жойлаштирганлар ва ҳатто ўзлари ҳам бу ишни қилишлари мумкинлигини исботлашга уринганлар.

Азиз замондош!

Хоҳлаймизми, йўқми, савол туғилади: сиз шу изоҳларни жиддий ёзаяпсизми?

«Фазовий кемалар коинотни забт этаётганда...» дейилган жумла ишлатилган фильм чиққанига ҳам эллик йил бўлаётган бир пайтда, биз жуда майдалашиб кетмаяпмизми?

Бу беқиёс заковатингиз, ақлингиз билан театрдаги шоҳ аслида шоҳ эмас, оддий актёр эканлигини, мультфильмдаги бўрининг қуёнда ҳеч қандай хусумати йўқлигини, бўлганида аллақачон тутиб еб қўйиши мумкинлигини исботлашингиз ҳам ҳеч гап эмас. Шунингдек кинодаги Жан Клод ван Дамм рингга чиққанда рақибини чиндан тепмаслигини, дарёга оқизилган Тоҳир Хоразм маликаси қўлига тушгунича сандиқнинг ичида аллақачон димиқиб ўлиб қолишини истеҳзо қилиш мумкин, бемалол мумкин, ишонаверинг!

Ватандош! Сал кенгроқ бўлинг. Фикрлаш болаларча эканлиги камлик қилгандек, буни ошкора этишга шошилманг.

Умуман, ҳар қандай янгиликдан, ҳар қандай ғоядан фақат салбий жиҳат излаш, камситишга уриниш кайфиятидан қутулиш лозим. Сиз билимдонларча фикр юритадиган «Facebook» ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг ғояси учун сармоядор излаб неча кишининг эшигини тақиллатган. Севимли «Айфон»ларимиз «ота»си Стив Жобс компаниясини банкротликдан қутқариш учун пулдор одамларга қанча сарғайган.

Агар биз ҳар қандай лойиҳани масхаралаш руҳида кутиб олсак, ўзимизни бу каби ишга киришганлардан ақлли ҳисобласак, ривожланишни ғиппа бўғамиз. Ўз қўлларимиз билан, заҳар тилларимиз билан бўғамиз, тамом! Чунки ўзимиз қилмаймиз, қилганни ҳам камситамиз, қўлимиздан келгани шу-да.

Яна бир савол: кимдир шу аттракционни олиб келиб ишлатиш ғоясини амалга оширди. Сиз уни калака қилишдан ўзга нима қилгансиз бу ҳаётда? Истеҳзолар ортидан эришган ютуқларингиз билан ҳам бир ўртоқлашиб юбормайсизми?

Хорижда «ақлли»ларга бир саволни беришни хуш кўришади, шуни бизга ҳам татбиқ этиш вақти келди шекилли: «Агар сен шунчалар ақлли бўлсанг, айт-чи, нега ҳамон камбағалсан? Нега ўз лойиҳанг устида бош қотирмай, бошқаларни ғийбат қилиб юрибсан?».

Қани, шошилмай бир жавоб бериб кўрайлик-чи!

Изоҳлар 5

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг