Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Уйқудаги Осиё гиганти». ФИФА сайтида Ўзбекистон футболига бағишланган мақола эълон қилинди

«Уйқудаги Осиё гиганти». ФИФА сайтида Ўзбекистон футболига бағишланган мақола эълон қилинди

Фото: Fifa.com

ФИФА расмий сайти Ўзбекистоннинг футболда эришаётган ютуқларига бағишланган «Ўзбекистон, Осиё футболининг «уйқудаги гиганти» номли мақола эълон қилди. 

«Ўзбекистон терма жамоасининг ФИФА рейтингида энг паст эгаллаган ўрни — 1996 йилги 119-поғона ҳисобланади. Бугун эса терма жамоа 72-ўринга кўтарилди. Ўзбекистон U-23 терма жамоаcининг қитъа чемпионатидаги ғалабаси эса келажакка катта умид беради. Бош мураббий Равшан Ҳайдаров жамоаси намойиш этган ўйин услуби ва қўлга киритган натижалар бутун Осиёни лол қолдирди.

Мусобақанинг энг яхши футболчиси бўлган Одилбек Ҳамробеков бошчилигидаги футболчилар Япония, Жанубий Корея каби кучли терма жамоалар дарвозасига тўрттадан гол киритишга муваффақ бўлишди. Эндиликда бу футболчилар Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосини ташкил этиши кутилмоқда. U-23нинг ушбу натижаси Марказий Осиё етакчисининг яқин ўнйилликда ниҳоят ўз салоҳиятини тўла намоён этишидан дарак бермоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси ҳақида фактлар

Биринчи халқаро учрашув: 2-2. (Тожикистон термаси билан 1992)
Энг йирик ғалабаси: 15-0 (Монголия термаси устидан (1998)
Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Сервер Жепаров (126 халқаро учрашув)
Энг яхши тўпурар: Максим Шацких (34 гол)

«Оқ бўрилар» жаҳон чемпионати сўнгги саралаш босқичининг доимий иштирокчиси ҳисобланади. Жамоа саралашдаги натижалари орқали навбатдаги Осиё чемпионати йўлланмасига ҳам сазовор бўлган.

Халқаро майдонда ҳам ўзбек футболига нисбатан ҳурмат ошмоқда. Буни Ўзбекистон терма жамоасининг Сенегал, Марокаш, Эрон миллий терма жамоалари каби ЖЧ-2018 иштирокчилари билан ўртоқлик ўйини ўтказиш борасида келишувга эришганидан ҳам билса бўлади. Ўзбекистоннинг турли ёшдаги терма жамоалари ўз вақтида БАА, Мексика, Туркия, Янги Зеландия мамлакатларида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатларида иштирок этган.

Энди Ўзбекистоннинг асосий мақсади — миллий терма жамоанинг Қатар-2022да бўладиган мундиалда иштирок этиш. Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси билан Осиё чемпионлигига эришган бош мураббий Равшан Ҳайдаров Хитойдаги ғалаба ўзбек футболида муваффақиятларнинг бошланиши эканини таъкидлади.

Биз тарих яратдик. Хитойда эришилган ғалаба ўзбек футболи тарихидаги энг ёрқин ғалабалардан бири сифатида эътироф этилади. Бу ғалабада ҳамманинг ҳиссаси бор. Менинг фикримча, Осиё чемпионатидаги муваффақият келгуси ютуқлар учун пойдевор вазифасини бажариб беради. Хитойда чемпионликка эришган бу терма жамоа Ўзбекистоннинг келажагидир.

Равшан Ҳайдаров.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг