Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Анвар Намозов

Дунёда тасодиф йўқ, бу сўзларни ўқиётганингиз ҳам тасодиф эмас!

Юракка ўқ узар бир нокас

Юракка ўқ узар бир нокас

– Кечирасиз, бугун ишдан уйга қайтгач, нималар қиласиз? – деб сўрайман азбаройи қизиққанимдан.

Фото: «iz.ru»

«...Мўминбоев! Шу одамга кўзи тушган заҳоти аллақаерига тиғ тортиб юборилгандек бўлиб, Элчиев бошини эгиб олди. Сўнг, то кетишгунича у томонга қарамасликка тиришди: қараса, кўзининг қири тушса бас – яна тилади ўша тиғ!..»

Бу ўқиганларингиз севимли ёзувчимиз, устоз Эркин Аъзамнинг «Жавоб» қиссасидан парча. Анча йил аввал – ҳали ғўр пайтимда ўқиганимда, вақти келиб мен ҳам Мўминбоевларга ўхшаган одамларга юзма-юз бўлишим мумкинлигини ўйламаган эканман.

Бугун ҳам Мўминбоевлар (фамилия тасодифий, бу бир прототип холос) орамизда. Бундайларнинг, «Жавоб»да ёзилганидек, дўст ёки душманлигини ҳам билолмайсан. Сен кутмаган вақтда – у ўзи хоҳлаган дамда юрагингни нишонга олаверади, ўқ узаверади. Маза-бемаза гаплари билан таъбингни хира қилади. Эҳтимолки, шу билан таскин топса! Шу билан дили яйраса!

Узоқ йиллар мобайнида дийдор кўришмаган курсдош дўстим олис вилоятдан ташриф буюрди. Мени уйдан тополмай, ишхонамга излаб келибди. Роса мириқиб суҳбат қурдик.

Ишда Мўминбоевга ўхшаган бир нусха билан битта хонада ўтирардик. У ҳам шу ерда эди. Бизга, икки дўстга ғайирлик билан қараётганини сездим (феълини билиб олганман). Гап шундаки, бундай тоифанинг на бир ошнаси, на бир йўқлагувчи биродари бўлади! Аммо, гапга чечан эмасми, суҳбатингизга қўшилаверди. Тўғриси, юрагим пўкиллаб турди. Бир гап айтади-ю, дилимни сиёҳ қилади ҳозир, деб ўйладим.

Курсдош дўстим билан фақат телефон орқали хабарлашиб турардик. Ўша куни она юрти Хоразмдан Қашқадарёга иш билан кетаётган экан. Мени бирров кўриб ўтмоқчи бўлибди. Кечқурун уйда ўз қўлим паловхонтўрани дамлаб, меҳмон қилажагимни айтдим.

– Йўқ, кетмасам бўлмайди. – деб кўнмади у. – Балки қайтишда уйингизга кирарман.

Узоқ йиллик ошнангни қўйиб юборгинг келармиди! Қўярда қўймадим. Шунда ҳамхонам – «Мўминбоев» оғзининг таноби қочганича тиржайиб менга сўз қотса бўладими:

– Э, намунча «қўқонча манзират» қиласиз? – деди у менга. – Ахир, ич-ичингизда дўстингизнинг кетишини хоҳлаб турибсиз-ку! Паловхонтўра эмиш тағин!

Миямга қон қуйилгандек бўлди. Дўстим эса бу гапни ҳазилга йўйиб, кулиб юборди.

– Энди, меҳмон, бу ошнангиз мулозаматга уста-да! – давом этди ҳамхонам менга гап бермай. – «Пойтахтга йўқлаб келсанг, эшикни оёғинг билан уриб оч, чунки қўлингда совға-салом бўлади», деган гапни мана шу ошнангиз чиқарган аслида, хо-хо-хо!..

Дўстимнинг олдида мулзам тортдим. Аммо жиғибийроним чиққан бўлса-да, ўзимни «оқлаш» учун нима деяримни билмасдим. «Йўқ, мен ундайлардан эмасман, қўйсангиз-чи», – дейишим керакми? Бу ғирт Мўминбоев-ку! Гапираверади, дейинми?

Хуллас, айбсиз айбор бўлдим!

Нега орамизда шундайлар бор? Нима сабабдан улар «ўлик» гап билан ўзгаларни сийлаб туришлари керак? Феъл-атвори шунчалик расвоми ёки? Пешанасига ёзилганми бошқаларни ранжитиш? Ҳар қандай пасткашлик, қабоҳатга қўл уришдан қайтишмайди. Қизиғи, мудом ўзини ҳақ деб ўйлашади! Ўзига хос фалсафаси ёқмагани учун бўлса керак, гапларидан жаҳлинг чиқади. Аммо, не тонгки, бундай нусхалар билан бир ҳаводан нафас олиш насиб қилган.

Мўминбоев баҳона ҳаёт, жамият, одамларни кузатаман. Яшаяпмиз. Юрибмиз. Гапиряпмиз. Ухлаяпмиз. Аммо нималар ҳақида ўйлаяпмиз? Нега юрибмиз? Нелар ҳақида гапиряпмиз? Мўминбоевлар тоифаси-чи? Мустақил фикрлай олармикан булар? Умуман, мустақил фикрлаш ҳақида бош қотиришармикан ўзи? Эл-юрт равнақи, халқ саодати заррача қизиқтирадими бундайларни?

Назаримда, Мўминбоевларни фақат қорин ташвиши ўйлантирса керак. Аниқроғи, қаердан текин овқат топса-ю, шу ғамдан қутилса! Кимдир қуюқ зиёфат берса-ю, бўккунича еса! Кейин «хо-хо»лаб, хоҳлаган одамининг устидан кулса!

Мўминбоевларни эслаб қолганимнинг яна бир сабаби, бундайларнинг «хислати» хилма-хилдек очилиб кетаверади. Очкўз, таъмагир, боқиманда, вайсақи, ношукр! Ўрни келганида хушомадгўй, вақт-вақти билан эса ҳар қандай каззоб кимсаларга ҳам айланишади. Мунофиқлик қилишдан қайтмайдилар. Қисқаси, сизу бизнинг ҳаётимиз, жамият учун хавфли инсонлар!

– Кечирасиз, бугун ишдан уйга қайтгач, нималар қиласиз? – деб сўрайман азбаройи қизиққанимдан.

– Овқатланаман, – жавоб беради у. – Кейин ёнбошла-а-б телевизор кўраман. Хотин билан бирга сериал кўрганга нима етсин! Дарвоқе, ўзингиз-чи, ўзингиз нима қиласиз? – деб сўрайди дарҳол.

Мен китоб мутолаа қилишим, жуда бўлмаса, газета-журнал ўқишимни айтаман. Агар тўрт-беш саҳифа ўқимасам, эртасига ишларим юришмаслигини уқтираман. Ишхонада тугатмаган юмушларимни уйда якунлаб қўйишимни, ана шунда хотиржам тортишимни айтаман.

– Хотиржам тортармиш! – дейди Мўминбоев бурнини жийириб. – Ўзингизни жонкуяр, куйинчак қилиб кўрсатмоқчисиз-да! Хўш, айтинг, бундан нима фойда?..

Қизиқ-а, ҳеч нимани ўйламасанг, бошқалар хусусида, ўзга ташвишлар ҳақида бош қотирмасдан юрсанг?! Аммо худбин, десанг, тан ҳам олмайди. Биродар, сен ҳам ўйла: ён қўшнинг, эҳтимолки, ёрдамга муҳтождир, чиқиб қара! Қайсидир ҳамкасбинг касал бўлиб ётгандир, ҳолидан хабар ол! Олис қишлоқдаги отанг-онанг ёки яқинларинг йўлингга илҳақдир, жилла қурса, сўраб-суриштир! Шунчалик ҳам беўй бўлиш мумкинми?

Тўғри, инсон ҳамма нарсани юрагига олавермаслиги керак. Шундоқ ҳам дунё ташвишларга лиммо-лим! Аммо бу дегани куйинчак, ғамхўр, меҳрибон бўлма, дегани ҳам эмас! Аксинча, дунё ташвишлари бартараф қилинсагина сенинг ҳам ташвишинг арийди. Энг муҳими, кўнгилнинг тозалиги! Дилинг пок экан, бошқаларга ёрдам берай, оғирини енгил қилай, дейсан. Ўзингни ўйлаб, хотиржам ётиш ўрнига, аксинча, ўзгалар муаммосини ҳал қилганинг учунгина ором топасан. Кўнглинг яйрайди.

Ажабки, Мўминбоевлар бундай эътирофларга заррачаям арзимайди. Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам, деганлари бежиз эмас! Унинг юзидаги сурбетлик ниқобини ечсанг, катафаҳмлик; бу ниқобни ечсанг, лоқайдлик, бепарволик; уни ҳам сидириб ташласанг, масхарабозлик, билимсизлик, омилик ва ҳоказо-ҳоказо ниқоблари пайдо бўлаверади.

Эркин Аъзамнинг «Жавоб» қиссасидаги Элчиев ваннанинг қиррасига қон томирини ишқалаб ўз жонига қасд қилади. У ҳушидан кетганида қон қотиб қолган эди. Тасодифан ўғли кириб, тезда отасини шифохонага етказадилар. «Э-э, сувга тутмабсиз-да, сувга тутиш керак эди!» – дейди Мўминбоев унга («шундай қилсангиз, қон кўпроқ кетиб, ўли-и-и-б қолардингиз»). «Билса ҳазил, билмаса зил!» Ана сизга, Мўминбоев, ана сизга, манфур қиёфа!..

Ушбу мақола муаллифи ўзининг ҳамкасбидан ёзғириб, намунча нолимаса, деб ўйлагандирсиз? Йўқ, нолиш эмас, шунчаки бу ҳақда анчадан бери ёзмоқчи бўлиб юргандим.

Дарвоқе, Мўминбоев мазкур мақолани ўқиб қолса, нима бўлади, деб ўйлашингиз ҳам мумкин. Хавотир олманг, ҳеч нима бўлмайди! Аввало, у бундай мақолани тушунмайди. Мабодо, тушуниб етганида ҳам бу мақола ўзи ҳақида эканлигини асло-асло тан олмайди.

Чунки у – Мўминбоев-да!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг