Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Toshkent city», «Абу Сахий» ва «Мегапланет»да коронавирус аниқланди

«Toshkent city», «Абу Сахий» ва «Мегапланет»да коронавирус аниқланди

Тошкент шаҳрида аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолатлари ҳамон қайд этилиб, бошқа ҳудудларга қараганда юқори бўлиб турибди. Бу эса карантин чекловларини яна-да кучайтиришни талаб этмоқда. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.

Аввал хабар қилинганидек, 28 июнь санасида юртимизда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 266 нафар бемордан 16 нафари аҳоли орасида аниқланган бўлса, 29 июнь куни эса 274 нафар бемордан 30 нафари аҳоли орасида тасдиқланиб, шундан 20 нафари Тошкент шаҳрида аниқланди.

Икки кунлик маълумотга кўра, ҳам умумий касалланиш кўрсаткичи, ҳам аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати ошганини кўриш мумкин.

Жумладан, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги яшовчи Ш.Ғ.да, Шайхонтоҳур, Миробод, Юнусобод, Сергели ва Учтепа туманларида яшовчи 8 нафар фуқарода (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган), Миробод туманидаги хусусий оёқ кийим таъмирлаш устахонаси эгаси У.У.да, «Мегапланет» савдо мажмуасидаги «София» ширинлик дўкони ишчиси Д.Т.да, Сергели туманидаги «ENTER Engineering» компанияси ҳисобчиси Н.М.да (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган), Республика ўсмирлар ва чақирилувчи ёшларга тиббий ёрдам ташкил этиш маркази муқобил тиббий комиссияси ҳамшираси Ш.Ш.да (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган) касаллик аниқланган.

Шунигдек, Тошкент шаҳридаги «Кристал» савдо маркази кийим-кечак дўкони сотувчиси У.Р.да (Қозоғистонга кетаётганлиги учун намуна топширган), Юнусобод туманида яшовчи У.Б.да (Юнусобод деҳқон бозорига боргандан кейин тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган), «Абу Сахий» савдо маркази ходими С.Қ.да (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли мурожаат қилган), «Toshkent city» қурилиш объекти ошпази М.М.да (тана ҳарорати кўтарилганлиги сабабли намуна топширган) ҳам коронавирус қайд этилган.

Вазият тобора жиддийлашаётганини ҳисобга олиб, Республика махсус комиссиясининг қарори билан жорий йил 1 июлдан бошлаб, қатор карантин чекловлари жорий этилмоқда. Жумладан, жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланиш, тунда эса кўчаларда, кўп қаватли уйлар ва ҳовлилар олдида бўлиш тақиқланмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, яна бир бор, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш хавфи юқорилиги боис пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларидан карантин қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраб қолади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг