Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Карантиндан қочган шахс Сурхондарёда қамоққа олинди

Карантиндан қочган шахс Сурхондарёда қамоққа олинди

Иллюстратив фото

Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 16 март куни 14 кунлик карантинга жойлаштирилган фуқаро А.А. 20 март куни соат 22:00 атрофида шифохонадан қочди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро А.А. 16 март куни Москва орқали Жанубий Кореядан Ўзбекистонга қайтиб келган. Шу куннинг ўзида Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонасига 14 кунлик карантинга жойлаштирилган. Аммо карантиннинг бешинчи куни — 20 март соат 22:00 даги йўқлама вақтида у шифохонадан қочиб кетгани маълум бўлган.

У яшаш манзили — Денов туманида ушланган. У ҳозирда гумонланаётган короновирус касаллигига чалинган бўлиши мумкинлиги, карантинга олинган жойдан яна қочиб кетиши ва атрофдагиларни жиддий хавф остида қолдириши мумкинлигини инобатга олиб, унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўлланилган.

Ҳозирда ушбу шахс ўз уйида ушланиб, эҳтиёт чораси сифатида карантинда сақлаш учун изолацияга олинган. Унга нисбатан Жиноят Кодексининг 25, 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Самарқанддаги карантин марказидан қочган 66 ёшли шахс Паркентда ушлангани, шунингдек Қашқадарёдаги карантин марказидан қочишга уринган йигит қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Маълумот учун, карантин қоидаларини бузган шахслар 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг