Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Онлайн дарслар учун тўлов ундириладими?

Онлайн дарслар учун тўлов ундириладими?

АОКА ҳузуридаги штабда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси Феруза Мадраҳимова иштирокида брифинг ўтказилди. Брифинг давомида онлайн дарслар учун тўлов масаласида йўлланган саволга жавоб берилди.

— Хусусий мактаб раҳбариман, карантин даврида барча ўқувчиларга рухсат бердик, лекин онлайн дарслар ташкил этяпмиз. Унга ўқитувчиларимизни жалб қилиб, ойлик тўлаяпмиз. Ота-оналардан тўловнинг 40 фоизини сўраяпмиз, лекин ота-оналар норозилик билдирмокда. Бу бўйича изоҳ берсангиз?

— Нодавлат умумтаълим ташкилотининг намунавий уставига мувофиқ, ўқиш муддати ва шартлари, тўлов миқдори, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда бошқа шартлар таълим олувчиларнинг ота-оналари ёки бошқа қонуний вакиллари билан нодавлат умумтаълим ташкилоти ўртасида тузилган шартномада белгилаб қўйилади.

Карантин муносабати билан нодавлат умумтаълим ташкилоти томонидан онлайн шаклда дарс машғулотлари ташкил этилаётган бўлса, томонлар ўртасида тузилган шартномага қўшимча келишув имзолаш орқали дарсни ташкил этиш шакли ҳамда тўлов миқдорини шунга мутаносиб равишда белгилаш юзасидан томонлар келишиб олишлари мақсадга мувофиқ.

Маълумки, айрим нодавлат умумтаълим ташкилотларида ўқишдан ташқари таълим олувчиларни овқатлантириш ҳам амалга оширилади. Янги тўлов миқдорини белгилашда овқатлантириш ва таълим олувчи билан якка тартибда ишлаш харажатлари чегириб ташланади.

Айрим хусусий таълим муассасалари томонидан ўқувчилар учун ташкил этилаётган масофавий дарслар хусусий мактабнинг ўқитувчилари томонидан ўтилаётгани ва бунинг учун уларга хусусий мактаб раҳбари томонидан ойлик маош тўланаётгани сабабли ота-оналар фарзандининг бадал тўловини тахминан 50 фоизини тўлашлари мақсадга мувофиқ.

Дарсни ташкил этиш шакли ёки тўлов миқдори бўйича келишувга эришилмаган тақдирда томонлар ўртасида тузилган шартнома томонлар розилиги ёки низо бўлганда суд тартибида бекор қилинади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг