Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ўзсаноатқурилишбанк Бошқаруви Раиси банк мижозларига мурожаат қилди

Ўзсаноатқурилишбанк Бошқаруви Раиси банк мижозларига мурожаат қилди

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк Ахборот хизмати

Коронавирус пандемияси бутун дунё халқлари бошига оғир кунларни ёғдирмоқда. Яқин тарихда инсоният бундай инқирозга юз тутмаган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз бошчилигида ўз вақтида муҳим қарорлар қабул қилиниб, тезкор чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Жорий йил 26 март куни давлатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам пандемия оқибатларидан жамиятимизни асраб-аввайлаш мақсадига қаратилган кенг кўламли вазифалар ишлаб чиқилди.

Юртимиз ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини оширишда, Сизлардек ташаббускор мижозларга яқин ҳамкор, ҳаммаслак бўлишда ўз кучини аямаётган Ўзсаноатқурилишбанк жамоаси мазкур мураккаб вазиятда ҳам ишончингизни сақлаб қолиш йўлида бор имкониятларини сафарбар этмоқда.

Аввало, ҳукуматимиз томонидан ишлаб чиқилган карантин қоидаларига қатъий амал қилиш мақсадида банк Бош офисида махсус штаб ташкил қилинди. Бу борада филиалларда амалга оширилаётан ишлар қатъий назоратга олинди.

Хизмат кўрсатувчи офислар доимий дезинфекция қилинмоқда, ходимлар ҳимоя воситалари билан таъминланмоқда, банкка ташриф буюраётган мижозларга ҳам тиббиёт ниқоблари тарқатилиб, антисептик воситалар билан дезинфекция қилинмоқда.

Коронавирус инфекцияси тарқалиши сабабли фаолиятини вақтинча тўхтатган, молиявий қийинчиликларга учраётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда жисмоний шахсларга Банкимиздан олинган кредитларини сўндириш муддатлари узайтирилмоқда.

Шунингдек, бугунги эпидемиологик вазият туфайли Банк томонидан масофавий хизматлар ва маҳсулотлар оммабоплигини ошириш бўйича ишлар янада кучайтирилди. Аксарият мижозлар учун «Банк-мижоз», «Мобил банк» хизматларидан фойдаланишда имтиёзлар тақдим этилди. Амалдаги интерактив хизмат ва маҳсулотлар аҳамияти хусусида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тарғибот ишлари фаоллаштирилди.

Уйда қолаётган аҳолимизнинг пулга эҳтиёжини қондириш мақсадида онлайн микроқарз бериш жорий қилинди. Бугунги кунда бундай кредитлар банкимиз томонидан муомалага чиқарилган «Иш ҳақи» лойиҳаси асосидаги пластик карта эгаларига «UzPSB Mobile» мобил иловаси орқали гаровсиз, кафилликсиз, саноқли дақиқаларда тақдим этилмоқда.

Маълумки, коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича ҳукумат комиссияси топшириқларига биноан ташкилот раҳбарларининг аҳолини бевосита қабул қилиш ишлари вақтинча тўхтатилди.

Шунга кўра, Ўзсаноатқурилишбанк томонидан юридик ва жисмоний шахслар мурожаатлари тизими масофадан йўлга қўйилди. Ҳозирда мурожаатлар интерактив шаклда Банк электрон почтаси (info@uzpsb.uz), телеграм-бот манзили (@sqb_uz_bot), «Ишонч телефони» (+998-78-120-45-01) ҳамда «Call-марказ»и (+998-71-200-43-43) орқали қабул қилинмоқда.

Қайд этиш лозимки, ушбу «вирусли уруш»га қарши курашиш борасидаги ягона тизим фақатгина давлат ёки муайян ташкилотнинг зиммасидаги вазифагина эмас, балки ҳар биримизнинг ўз-ўзимизни асарашимиз зарурлигига қаратилган ижтимоий даъватдир.

Шундай экан, касалликни тезроқ бартараф этиш йўлида барчамиз ҳукуматимиз атрофида жипслашиб, белгиланган қоидаларга амал қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Бу билан ушбу синовли кунларни тезда ортда қолдириб, янги ёруғ кунлар, янги марраларни қарши олишга имкон яратамиз.

Сўзим сўнгида бизга ишонч билдирган мижозларимизга миннатдорлик билдираман! Бу бутун Ўзсаноатқурилишбанк жамоаси учун ўта муҳим ва юқори баҳо бўлиб, бизни янгиликлар яратиш йўлида илҳомлантиради, куч-ғайрат бағишлайди.

Саломатлик доимо ҳамроҳингиз бўлсин!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг