Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Президент раҳбарларни жиддий огоҳлантирди

Президент раҳбарларни жиддий огоҳлантирди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан «пастга тушиб» мукаммал шуғулланмагани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилинди. Шаҳар ва вилоятнинг барча сектор раҳбарлари жиддий огоҳлантирилди.

Республика махсус комиссиясига бу икки ҳудудда коронавирус тарқалишига қарши кураш ва аҳолини даволаш ишларига алоқадор барча вазирлик ва идоралар, йирик тиббиёт муассасалари раҳбарларидан иборат 24 соат ишлайдиган штаблар ташкил қилиш кўрсатмаси берилди. Ушбу штаблар вазиятни реал вақт режимида назорат қилиб, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш чораларини кўради.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятидаги поликлиникалар ҳузуридаги мобил гуруҳлар сонини уч баробар кўпайтириш вазифаси юклатилди.

Зангиота туманида яқинда иш бошлаган шифохонадаги жой сонини яна 1000 ўринга кўпайтириш топшириғи берилди.

Пойтахтимизда дори-дармон етказилиши ва нархи барқарорлигини таъминлаш, шошилинч тиббий ёрдам хизмати ва колл-центрлар ишини самарали ташкил этиш, COVID-19 билан ишлаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, касаллар учун қўшимча ўринлар ташкил этиш, шунингдек, карантин ҳудудларидаги шахсларни уй карантинига босқичма-босқич ўтказиш масалалари кўриб чиқилди, зарур чоралар белгиланди.

Аҳолидан мурожаатлар сони кескин ортиб бораётганини ҳисобга олиб, колл-центрлар алоқа воситалари ва операторлари сонини камида икки баробарга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига камида 3 ойлик дори-дармон ва ҳимоя воситалари захирасини шакллантириш вазифаси қўйилди.

Ҳозирги синовли вазиятда кундалик эҳтиёж моллари ва зарурий озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли бўлиши, нархлари асоссиз ошиб кетмаслиги жуда муҳим. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга бу масалани қатъий назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Пандемияга қарши курашиш, карантин қоидаларига амал қилиш, ижтимоий масофани сақлашнинг аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу борада қилинаётган кундалик ишларни холис ва тезкор ёритиш муҳимлиги таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Коронавирус касаллигини даволаш билан боғлиқ барча жараёнларга, жумладан, Тошкент шаҳридаги ишларга масъуллар бириктирилди. 

– Яна бир бор таъкидлайман. Айни пайтда бутун дунё, шу жумладан, биз ҳам кўринмас душман билан чин маънода уруш олиб боряпмиз. Бу вируснинг барча хавф ва хатарини тўғри баҳолаб, ҳар томонлама тайёргарлик кўриб курашсак, уни албатта енгамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Улар коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр туришни таъминламагани, бу касаллик билан пастга тушиб мукаммал шуғулланмагани учун огоҳлантирилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг