Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хоразмда 14 кишида коронавирус аниқлангани, аммо бу маълумот ССВ ҳисоботида акс этмаганига изоҳ берилди

Хоразмда 14 кишида коронавирус аниқлангани, аммо бу маълумот ССВ ҳисоботида акс этмаганига изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида 4 июн куни 14 кишида коронавирус инфекцияси аниқлангани, лекин бу маълумот Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳисоботида акс этмаганига оид хабарлар тарқалди. Рўйхатдаги 14 кишига оид маълумотлар батафсил келтирилиши билан бирга маълумот муҳрланган ҳамда масъул шахс томонидан имзоланган. Шу масала бўйича ССВ матбуот котиби қуйидагиларни маълум қилди:

Бир нарсани унутмаслигимиз шарт – бир марта мусбат натижа олингани Covid-19 коронавирус инфекциясига оид якуний хулоса бермайди. Мусбат натижали таҳлиллар СЭОМ вирусология лабораторияларида қайта текширувдан ўтказилади ва фақат шундан кейингина узил-кесил ташхис қўйилади.

Хоразмдаги ҳолатга келсак, бу фақат дастлабки натижалар бўлиб, рўйхатдаги шахсларнинг инфекцияга чалинганини англатмайди. Таҳлиллар албатта қайта текширилиши лозим ва бу ҳолат бўйича расмий маълумот берилади.

Фурсатдан фойдаланиб, тасдиқланмаган ва фуқаролар шахсига оид маълумотларни тарқатиш жиноий жавобгарликка тортилишини эслатиб ўтмоқчиман.

Шунингдек, қайта текширув усули соғайган деб ҳисобланган беморларга нисбатан ҳам қўлланилади. Яъни 14 кунлик тиббий кузатув ва даволаниш якунига кўра илк текширувда вирус аниқланмаган тақдирда ҳам биз яна бир марта таҳлил оламиз ва қайта текширамиз. Шундан кейингина бемор бутунлай соғайгани ҳақида хулоса берамиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу касалликка оид барча маълумотларни кун давомида узлуксиз янгилаб бормоқда ва ҳаммаси шаффоф тарзда эълон қилинмоқда. Фуқароларимиздан фақат расмий маълумотларга таянишларини сўраб қоламиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг