Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Яна 5 бемор коронавирусдан тузалди. Соғайганлар сони 30 нафарга етди

Яна 5 бемор коронавирусдан тузалди. Соғайганлар сони 30 нафарга етди

Юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролардан яна 5 нафари буткул соғайди. Тузалганлар Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди.

Шундай қилиб, айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган жами 298 нафар бемордан 30 нафари буткул соғайди. Тузалганларнинг кун сайин кўпайиб бораётганида эса, авваламбор, шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларини, шунингдек, юртимизнинг бошқа ҳудудларида коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаётган, шу билан бирга, карантинга олинган 100 мингдан зиёд фуқароларни тиббий кузатувга олган барча-барча тиббиёт ходимларининг улкан ҳиссаси мужассам.

Давлатимиз раҳбари сўнгги кунларда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган қатор видеоселектор йиғилишларида, уч марта халқимизга йўллаган мурожаатларида ҳам шифокорларимиз меҳнатига алоҳида эътибор қаратдилар. Жумладан, ушбу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларга чуқур миннатдорчилик билдирдилар. Бу эътироф тиббиёт ходимларининг кучига куч қўшиши, эпидемия балосини аритишда янада фидойилик билан меҳнат қилишларига туртки бўлиши шубҳасиз.

Эслатиб ўтамиз, давлатимиз томонидан қатъий олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда қўл келмоқда. Сўнгги марта ушбу инфекция тасдиқланганларнинг ҳам барчаси стационар шароитда карантинга олинган фуқаролар орасидан аниқланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг