Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адабиёт оламида йилнинг муҳим воқеалари

Адабиёт оламида йилнинг муҳим воқеалари

Фото: «Xabar.uz»

Андижонда Муҳаммад Юсуф ҳайкали очилди

2017 йил сўнгида Андижонда Муҳаммад Юсуф номидаги мактаб ёнида хиёбон ҳамда музей очилди. Хиёбонга шоирнинг бюсти ўрнатилди. Декабр ойининг охирларида ушбу масканнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда шоирнинг оиласи, ёзувчи ва шоирлар иштирок этди.

Исажон Султон халқаро ютуққа эришди

Ноябр ойида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли ёзувчи Исажон Султон Швеция пойтахти Стокголмда бўлиб ўтган «Open Eurasia — 2017» нуфузли халқаро танловининг совринли мукофоти ғолиби бўлди. Адибнинг «Ҳазрати Хизр изидан» номли асари танловнинг «Кичик насрий асар» йўналиши бўйича юқори ўринлардан бирига лойиқ топилди.

Биринчи китоблар тақдимоти

Сентябр ойида Ижод фонди томонидан 21 нафар ёш ижодкорнинг 19 номдаги илк китоблари нашр этилди. Ёзувчилар уюшмасида янги китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Китоблар ўн минг нусхада чоп этилди.

Қарор

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 13 сентябрда «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарорини эълон қилди.

Танловлар

3 май — Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан таъсис этилган «Олтин қалам» XII Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Август ойининг охирида «Энг улуғ, энг азиз» республика кўрик-танлови ғолиблари аниқланди. Тантанали маросимда турли йўналишлар бўйича 25 ғолиб ва совриндорга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Зомин семинари бўлиб ўтди

5—7-июл кунлари Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари бўлиб ўтди. Семинарда мамлакатимизнинг барча вилоятларидан етмишга яқин ёш ижодкорлар иштирок этдилар. Уларнинг ичида адабиётнинг барча жанрлари вакиллари — ёш шоирлар, адиблар, драматурглар, публицистлар, танқидчилар, таржимонлар бор эди.

Ўзбек болалар шоири Турсунбой Адашбоев вафот этди

Май охирида болалар шоири, ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшган ижодкор Турсунбой Адашбоев 78 ёшида вафот этди. Турсунбой Адашбоев ўзбек болалар адабиётини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун 2001 йили «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. У, шунингдек, ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдаги хизматлари учун «Қирғизистонда хизмат кўрсатган маданият арбоби» унвони ва «Манас» ордени билан ҳам мукофотланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг