Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Америка фонди Ўзбекистон билан ҳамкорликда ислом ва унинг тарихига оид фильм суратга олади

Америка фонди Ўзбекистон билан ҳамкорликда ислом ва унинг тарихига оид фильм суратга олади

Фото:Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти матбуот хизмати

Американинг машҳур «Unity Productions Foundation» нодавлат фонди мамлакатимиздаги ижтимоий-маданий муассасалар билан ҳамкорликда ислом дини ва унинг тарихига оид қисқа метражли фильм суратга олиш ниятида.

Режиссёр ва моҳир продюсер, «UPF» ташкилотининг дастурлар бўйича директори Даниел Тутт мамлакатимиздаги сафари давомида кеча Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ҳам келди. Бу ҳақда институт матбуот хизмати хабар берди. 

Учрашувда институтнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Давлат Муллажонов, Овоз режиссёрлиги ва операторлик маҳорати кафедраси мудири Иқбол Мелиқўзиев, Ўзбеккино миллий агентлиги вакили, режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов, профессор-ўқитувчилар ҳамда иқтидорли талабалар иштирок этишди.

– Ўзбекистонга келишимдан асосий мақсад, мен фаолият юритаётган «Unity Productions Foundation» нодавлат фонди томонидан тасвирга олиниши режалаштирилаётган ислом дини ва цивилизацияси тўғрисида қисқа метражли фильмга турли материаллар топишдир, – деди Даниел Тутт. – Бугун Ўзбекистоннинг санъат ва маданият институтига қилган саёҳатим давомида шунга амин бўлдимки, менимча, келажакда бизнинг Ўзбекистондаги фаолиятимизда керак бўладиган кўплаб фикр ва ғоялар, амалий ишлар бу ерда етарлича. Масалан, институтдаги баъзи ёшларнинг аниматция ва операторликдаги маҳорати менга манзур бўлди. Улар билан албатта келажакда бирга ишлаймиз деган умиддаман.

Айтиб ўтиш лозимки, «Unity Productions Foundation» нодавлат фонди 1992 йилда ташкил этилган бўлиб, ташкилотнинг асосий мақсади оммавий ахборот воситалари ҳамда турли фильмлар орқали турли динлар тарғиботига қарши курашишдир. Ислом ҳам дин ҳам илм сифатида ривож топган мамлакатимизда ушбу қисқа метражли фильмнинг суратга олинаётганлигининг асосий  сабаби ҳам шундан.

– Сир эмас, бугун Америкада ислом динига нисбатан салбий фикрлайдиган инсонлар етарлича. Бу табиий ҳол, чунки ушбу динга эътиқод қиладиганлар юртимизда атиги бир ёки икки фоизни ташкил этади. Бизнинг мақсадимиз мана шундай қарашларни, барча динлар аслида эзгуликка хизмат қилишини  ўз фильмимиз орқали кўрсатиб беришдир, дейди таниқли режиссёр.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг