Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АТ «Алоқабанк» «Мовий контейнер» лойиҳасида иштирок этади

АТ «Алоқабанк» «Мовий контейнер» лойиҳасида иштирок этади

Фото: «Xabar.uz»

Банк логотипи туширилган поезд Европа ва Осиёнинг 11та давлати ва 25та шаҳридан ўтади.

АТ «Алоқабанк» билан Санъат ва дизайн соҳасида Германия – Хитой маданий алмашинув бирлашмаси (DCKD) ташкилоти ўртасида ҳамкорлик бўйича меморандум имзоланди. Меморандумни DCKD ташкилоти раҳбари Цзян Го ва АТ «Алоқабанк» бошқаруви раиси ўринбосари Ҳасан Раҳматов имзолашди.

Фото: «Xabar.uz»

DCKD ташкилоти «Янги Ипак йўлида мовий контейнер» лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа Германия, Австрия, Швейцария, Италия, Греция, Туркия, Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой давлатларини қамраб олган. Ташкилот ушбу лойиҳа доирасида турли компания, фирма ва ташкилотларни ўз маданий ва иқтисодий йўналишлардаги салоҳиятини намойиш қилиш, янги инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйишга шароит яратиб беради.

Фото: «Xabar.uz»

– Ўзбекистон жадал ривожланиб бораётган давлат, – деди меморандумни имзолаш маросимида DCKD ташкилоти раҳбари Цзян Гуо. – Бу ривожланишга биз ҳам ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз ва шу сабабли халқаро даражада фаолият кўрсатувчи АТ «Алоқабанк» билан «Янги Ипак йўлида мовий контейнер» лойиҳасида ҳамкорликни бошлаб юбордик. Келгусида Ўзбекистонда 5 гектарлик ҳудудда контейнерлар асосида ўзига хос маданий ва иқтисодий салоҳиятни намойиш қилувчи кўргазма павилонларидан иборат марказни қуриш ниятимиз бор. Унда лойиҳада иштирок этувчи давлатлар ўз кўргазмалари билан қатнашиши режалаштирилган. 2018 йилнинг сентябр ойи охирида Тошкентда АТ «Алоқабанк» ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бизнес-форум, турли тадбирларни ўтказамиз. Шу вақтга келиб Германиядан йўлга чиққан «Мовий контейнер» лойиҳасидаги поезд ҳам Тошкентга етиб келади. Келгуси йилда эса поезд Германияга қараб йўл олади. Ана шу вақтда Самарқандда ҳам лойиҳамиз доирасида қатор йирик тадбирлар ва кўргазмаларни ташкил қиламиз. Албатта, бу тадбирлар орқали Ўзбекистонга йирик инвесторлар эътиборини жалб қилишни мақсад қилганмиз.

– Нима учун «Алоқабанк» ушбу лойиҳада иштирок этмоқчи? – деди банк бошқаруви раиси ўринбосари Насиба Насретдинова. – Аввало бу жудаям катта лойиҳа. Унда Европа ва Осиёнинг 10та давлати қатнашяпти. Бу нафақат банкимиз, балки мамлакатимизнинг маданий, иқтисодий, туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун кенг имконият. Поездга учта контейнер уланган бўлиб, айнан учинчисига банкимиз тасдиқлаган «Алоқабанк» логотипи туширилган. Ушбу поезд Европа ва Осиёнинг 11та давлати ва 25та шаҳридан ўтади. Бу Ўзбекистоннинг дунё бўйлаб туризм, маданий-иқтисодий салоҳиятини тарғиб қилиш учун жуда қулай имконият.

Лойиҳада АТ «Алоқабанк» билан биргаликда «UnionPay International Co.Ltd» компаниясининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ва «UzCard» компанияси ҳам иштирок этмоқда.

– Ваколатхонамиз 2009 йили Тошкентда фаолият бошлаган, – дейди «UnionPay International Co.Ltd» компаниясининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Дилмурод Файзуллаев. – Дунё бўйича «UnionPay»нинг 7 миллиард дона картаси муомалага киритилган. Ушбу карталардан 170та давлатда фойдаланилади. Ҳозирда республикамиздаги олтита банк билан бирга ишлаяпмиз. Энг катта ҳамкоримиз «Алоқабанк» ҳисобланади. «UzСard» ва «Алоқабанк» билан ҳамкорликда кобейдж карталарини ишга туширишни режалаштирганмиз. Албатта, бу лойиҳада иштирок этувчи давлат фуқаролари ва сайёҳлар учун тўлов тизимида қатор қулайлик яратади, ўз навбатида, мамлакатимизга келувчи сайёҳлар учун яхши имконият.

«Янги Ипак йўлида мовий контейнер» лойиҳаси старт олди. Бу ўзаро тажриба алмашиш, маданий ва иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик ўрнатиш йўлида янги қадам бўлади.

Абдуғани Абдураҳмонов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг