Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Барот Исроил: «Тома-тома кўл бўлур, деганлари рост экан...»

Барот Исроил: «Тома-тома кўл бўлур, деганлари рост экан...»

Барот Исроил ўтган асрнинг 60-йилларида адабиёт майдонига кириб келган истеъдодли авлоднинг ёрқин намояндаларидан биридир.

Фото: Нозим Исмоилов.

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Дўрмон» маданият саройида  таниқли шоир, Оҳангарон воҳаси булбули Барот Исроилнинг 80 йиллик юбилейи ўтказилди. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир олиб борган назм ва наво кечасида шоирнинг дўстлари, сафдошлари, мухлислари жамулжам бўлди.

Барот Исроил ўтган асрнинг 60-йилларида адабиёт майдонига кириб келган истеъдодли авлоднинг ёрқин намояндаларидан биридир. Унинг ўнлаб шеърлари халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган ўлмас қўшиқларга айланган. У республика радиокомитетида фаолият кўрсатган йилларидан бошлаб бастакорлар билан фаол ҳамкорлик қилиб келади. Барот Исроил радиокомитет ҳузуридаги бадиий кенгаш аъзоси сифатида кўп йиллар самарали фаолият олиб борган, буюк ҳофизларнинг бебаҳо санъат намуналари олтин фондга ёзиб олинишида муносиб иштирок этган.

Унинг ўнлаб шеърлари халқимиз қалбидан чуқур жой эгаллаган ўлмас қўшиқларга айланган. Фото: Нозим Исмоилов.

Тадбирда сўз олган адабиётшунослар, санъаткорлар устоз ижодкорнинг асарлари ва инсонийлик фазилатлари баёнида самимий фикрлар билдиришди. Хусусан, таниқли адабиётшунос, академик Наим Каримовнинг адабиётимизнинг бугунги зафарли одимлари билан боғлаб айтган мулоҳазалари иштирокчиларда катт атаассурот қолдирди.

«Устоз Ғафур Ғуломнинг 50 йиллигини ўзбек адабиётининг ҳам байрами тарзида нишонлаганмиз. Биласизми нега? Чунки, ундан олдинги шоирлар элликка кирмаган, афсуски, қатағон бўлиб эди. Бугуннинг шоирлари 80 га кирса ҳам, мана, йигитдек бўлиб турибди... Демак, бу – адабиётимизнинг бахти, ёруғ кунлардан дарак».

Наим КАРИМОВ, академик

Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, шоирлар – Абдулла Шер, Ҳайдар Муҳаммад, шунингдек, Ортиқ Отажонов, Тошпўлат Маткаримов, Ойбек Ҳамроқулов, Хайрулла Лутфуллаев каби ижодкорлар ҳам юбиляр шаънига илиқ фикрлар айтдилар. 

Барот Исроил шеърларидан намуналар

Юрт қадри

Дарбадар кезмаса ким юрт қадрин билмас эмиш,

Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас эмиш.

Тома-тома кўл бўлур деганлари рост экан,

То умрбод уқмаса ким ақли ҳам тўлмас эмиш.

 

Ватан тупроғига бош қўймагунча хаста ҳам,

Ҳаётдан умид узмай – жон таслим қилмас эмиш.

Сидқи дил заҳмат бирла бахт томон очмасанг йўл,

Ўзгалар соясинда толейинг кулмас эмиш.

 

Мушкулни четлаб, чўчиб, осонни кўзлама ҳеч,

Эл ишидан қочса ким обрўйи қолмас эмиш.

Манманлар кўкка сапчиб, шунчалик кетар тубан,

То дакки емагунча ўзига келмас эмиш.

Имон-эътиқод ила Ватанингни сев, Барот.

Инсон зар, дунё билан бахтиёр ўлмас эмиш.

 

Настарин

Боғимда настарин бор,

Гуллайди ҳар илк баҳор.

Настарин гули майда,

Бундай гули бордир қайда?

 

Ҳар шохи бир гулдаста,

Атрига дил пайваста.

Жимжимадор гуллари,

Ўйнашар боғ еллари.

 

Настарин гул қўлимда,

Қўлимдамас кўнглимда.

Боғимда настарин бор,

Гуллайди ҳар илк баҳор.

 

Бойчиборим, қайда қолдинг?

Олис йўлим яқин этган,

Ўру қирда бирдек йўртган,

Эсиз кетган, изсиз кетган,

Бойчиборим, қайда қолдинг?

Ғиротим, қайга йўқолдинг?

 

Жайҳуну Сайхунни кечиб,

Қимтиганда қушдек учиб,

Сувлиқ тишлаб, ўйнаб, сапчиб,

Бойчиборим, қайда қолдинг?

Ғиротим, қайга йўқолдинг?

 

Алпомишинг кутар бедор,

Авазхон ҳам яёв, ночор,

Наҳот туёғингда мих бор!

Бойчиборим, қайда қолдинг?

Ғиротим, қайга йўқолдинг?

 

Бирор номард бердими панд,

Ё бегона этдими банд,

Огоҳ айла, кишна баланд,

Бойчиборим, қайда қолдинг?

Ғиротим, қайга йўқолдинг?

 

Уловим йўқ, кўзим йўлда,

Эгар-абзал, юган қўлда,

Барот отсиз, армон дилда,

Бойчиборим, қайда қолдинг?

Ғиротим, қайга йўқолдинг?

Бекзод Қобулов, «Xabar.uz»нинг Тошкент вилояти бўйича мухбири.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг