Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Берлиндан Сан-Себастянгача: Европа киноcида 2017 йил якунлари

Берлиндан Сан-Себастянгача: Европа киноcида 2017 йил якунлари

Фото: «Euronews»

2017 йил киносаноат учун улкан ютуқларга бой бўлди. Кўплаб блокбастерлар яратилди, суперқаҳрамонлар кашф қилинди, уларнинг сифат даражаси ошди, мухлислар эътиборини қозонди. Йил давомида бўлиб ўтган кинофестиваллар ҳам, албатта, тилларга тушди. «Euronews» 2017 йил тақдирлаш маросимларидаги энг ёрқин хотираларни ёдга олди.

Европада анъанавий тарзда ўтказиладиган Берлин фестивали феврал ойида бошланди. Бу сафар Голливудда танилган голланд режиссёри ва продюсер Пол Верховен  Берлинале ҳайъат аъзоси этиб тайинланди.

«Олтин айиқ» мукофотида энг яхши филм сифатида венгер режиссёри Илдико Эньедининг «Тан ва қалб ҳақида» номли картинаси топилди. Картина, шунингдек, Европа киноакадемиясининг мукофотини ҳам олди. Охирги марта венгер филми бундан 42 йил аввал мукофотланганди. Севги ҳақидаги бу филм воқеалари Будапештда содир бўлади. Картина Америка киноакадемиясининг 90-тақдирлаш маросимида «Энг яхши хорижий тилдаги филм»  номинацияга қўйилган.

«Оскар» мукофотини топшириш маросимидаги англашмовчилик барчанинг ёдида қолди. «Энг яхши филм»  дея эътироф этилган «Ла-ла Ленд» картинаси ижодкорлари бир оз ноқулай аҳволга тушиб қолишди. Сабаби, бир неча дақиқадан сўнг хато тўғирланиб, ушбу номинацияда «Ой шуъласи» филми ғолиб дея эълон қилинди.

«Ой шуъласи» қоратанли актёрлар иштирокидаги филмга берилган илк «Оскар» бўлди. Картина «Оскар»нинг саккиз номинациясига қўйилди ва учтасида ғолибликка эришди. У майамилик афроамерикаликнинг ҳаёти ҳақида сўзлайди. Жами 30 млн доллар сарфланган бу филм прокатда 65 млн доллар йиғди.

Демьен Шазелнинг романтик мюзикли — «Ла-ла Ленд» бўлса ўзи кутганидек, рекорд ўрнатди. У «Оскар»нинг 14 та номинациясига қўйилди ва улардан олтитасида ғолиб бўлди. Шунингдек, «Олтин глобус» мукофотининг етти номинациясида ғалаба қозонди ҳамда БАФТАнинг 5 та мукофотига сазовор бўлди. Филм учун 30 млн доллар сарфланган бўлса, прокатда нақ 445 млн доллар ишлаб олди.

Бу йил Канн фестивалининг тақдирини испан режиссёри ва продюсери Педро Алмодовар ҳал қилди. «Олтин палма шохи» мукофоти эса «Квадрат» картинасига берилди, уни ёш швед режиссёри Рубен Эстлунд ишлаган. Ушбу филмни «Оскар»нинг «Энг яхши хорижий филм» номинациясига қўйишни ҳам мўлжаллаб туришибди.

Венеция фестивалида мексикалик кинорежиссёр Гилермо дел Торонинг «Сув шакли» фантастик мелодрамаси «Олтин шер» мукофотига лойиқ кўрилди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Филм энг яхши саундтрек бўйича ҳам ғолиб бўлди. У BFCA кинотанқидчилар ассоциациясида ҳам 14 йўналиш бўйича энг юқори баҳони олди. 

Испаниядаги Сан-Себастян фестивалида бу йил «Олтин чиғаноқ» мукофотини режиссёр Жеймс Франконинг «Тоғ бунёдкори» филми қўлга киритди. Келгуси йилда ҳам халқаро киножараённи кузатишда давом этамиз.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг