Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Болалар фақат пул учунгина рамазон айтишмаяптими?!

Болалар фақат пул учунгина рамазон айтишмаяптими?!

Иллюстратив сурат.

Фото: «tv-show-best.ru»

Мулоҳаза

Ҳадемай юртимизга энг гўзал, энг файзли, қалбларни зиёга тўлдиргувчи, мўътабар ойлар султони – рамазон ойи кириб келади. Бу ойда инсонлар ўз нафсига қарши кураш олиб боради, соғлиғини тиклаш билан бирга қалбларини турли ёмонликлардан, иллатлардан тозалайди. Узоқ вақтдан бери бир-бирлари билан кўришишга вақт, имконият топа олмаётганлар ифторликлар баҳонасида дийдорлашади. Пиру бадавлат кексалар ёшларга тарбия бериш борасида ривоятларни, хадисларни янада кўпроқ эсга оладилар.

Рамазон кунларининг энг ширин лаҳзалари оғиз очишга яқин бошланади. Айниқса кўпқаватли уйларда ифторликка турли тансиқ таомларни тайёрлаётган бекаларнинг капгирларни даранг-дурунг қилаётгани қулоққа ёқимли эшитилади. Келинлар, бўй етган қизлар айни оғиз очишга яқин кўчаларни супуриб, сувлар сепиб қўйишади. Одамлар қўлларида тандирдан янги узилган нонларни, нишолдаларни кўтариб ўта бошлашади. Бу манзаралардан одамнинг баҳри дили очилади. Афсуски, рамазон ойида бўлиб ўтадиган бир воқеа кўнгилга андак нохушлик олиб келади...

Рамазоннинг илк кунидан бошлаб ниҳоясига қадар дарвозалар тақиллашдан, эшик қўнғироқлари жиринглашдан тўхтамайди. Кун бўйи рўза оғиз билан ишлаб, уйга толиб келган одамлар қўнғироқнинг жиринглайверишидан, ёш болаларнинг бақир-чақиридан асаблари таранг тортиши табиий. Биринчи келганларга ҳеч бўлмаганда минг сўм, беш юз сўмлик пул улашасиз, иккинчи келганларга ҳам амаллайсиз, кейингиларига нима беришни билмай, эшикни очмасликка қарор қиласиз. Лекин бола барибир болалигига боради-да. То эшикни очмагунингизча қўнғироқни қайта-қайта босаверади.

Оддий ишчи-хизматчи бўлган, фақат маошга яшайдиганлар бор. Уларнинг ҳар битта келган болага пул тарқатишга имкони бўлмайди. Айниқса ойнинг охирига бориб, чўнтак бўм-бўш бўлиб қолганида ўша икки юз сўм пулни ҳам аяб ишлатамиз. Чунки йўлкирага шу арзимаган икки юз сўмлигингиз бўлмай қолса автобусга чиқолмай, яёв кетасиз. Бугунги кунда икки юз сўмлик пул арзанда бўлиб қолганини ҳар куни автобусда ёки метрода ишга қатнайдиганлар жуда яхши билишади. «Ҳар битта келган болага пул улашавермасдан конфет беринг», — дейди қайнонам тинчи бузилаверганидан асабийлашиб.

Болаларга конфет улашаётиб уларнинг чеҳрасига қарайман. Кўзларидаги норозиликни кўриб хафа бўлиб кетаман. Наҳотки болалар пул учун эшикма-эшик юриб рамазон айтишаяпти? Улар бир ой давомида дарс тайёрламай, фойдали иш билан шуғулланмай зинама-зина, эшикма-эшик юриб, оёқлари толиб йиққан пулини нимага сарфлашар экан? Болалар орасида уч-тўрт ёшлиларини кўриб ҳайрон қолмасдан илож йўқ. Бу болаларнинг ота-оналари кечки пайт тўққиз қаватли уйларнинг лифтларида, қоронғи йўлакларда назоратсиз юришига қандай рухсат беришган?

Ўтган йили рамазон ойида бўлиб ўтган бир воқеа ҳамон кўз олдимдан кетмайди. Соат тўққизлардан ошган маҳал эшик қўнғироғи жиринглади. Очсам, остонада олти ёшлардаги қизча, уч ёшлардаги укачасини қўлидан тутиб олганча мунғайиб турибди. Иккиси ҳам юпун кийинган, боланинг бурни оқаяпти, юзи кир.

– Нега укангни қоронғида олиб юрибсан? – сўрадим қизчадан.

Қизча индамай турди-да, рамазон айта бошлади. Яна саволга тутдим:

– Уйларинг қаерда?

– Касалхона орқасида, – деди қизча.

Юрагим увишиб кетди. Касалхона орқаси дегани эски ҳовлилар бўлиб, у ерга серқатнов машина йўлидан ўтилади. Балки бу болаларнинг ота-онаси уларнинг рамазон айтиб юрганидан бехабардир. Нима бўлганда ҳам норасидаларнинг кечки пайт кўчада юришлари тўғрими?

Майли, бир ойлик рамазон ўтади-кетади, остонага умид билан келганларни норози қилиб қайтармай, кўча-кўйда кўриб қолса ота-онасига «мана бу одам бахил экан, рамазон айтгандим, ҳеч нарса бермади» деб ёмонламасин ёки бўлмасам рамазон айтган одамни қуруқ қайтариб урфни бузмайлик деймизу, бироқ ёш болага пул бериб унинг тарбиясига салбий таъсир қилаётганимиз ҳақида ўйлаб кўрмаймиз.

Раъно Маҳмудова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг