Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бу ерда ўзингизни аслзода ҳис қиласиз — Тошкентда муҳташам киносарой ишга тушди

Бу ерда ўзингизни аслзода ҳис қиласиз — Тошкентда муҳташам киносарой ишга тушди

Фото: Xabar.uz

Тошкент шаҳрида «Riviera Cinema» киносаройи фойдаланишга топширилди. Бу ерга келган томошабин ҳар томонлама қулайлик ҳис қилиши учун барча нарса муҳайё қилинган. Xabar.uz мухбири ушбу киносаройнинг очилиш маросимида иштирок этди.

Жорий йилнинг 11-16 январ кунлари Ёшлар ижод саройида «Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография» ойлиги доирасида «Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги» ўтказилаётгани хабар қилинган эди. Ҳафталик доирасида янги кинолойиҳалар тақдимоти, ёшлар учун маҳорат дарслари, давра суҳбатлари, кастинг ва конференциялар ҳамда янги филмлар премьералари бўлиб ўтмоқда. Шу ишларнинг узвий давоми — «Riviera cinema»нинг очилиши бўлди.

«Riviera Cinema» киносаройида 7 та зал мавжуд бўлиб, ҳар бири турфа ўлчамга эга. Киносарой раҳбарияти томонидан хабар қилинишича, иншоот қурилиши учун 7 миллиард сўмдан ортиқ сарфланган. Эътиборли томони, бу ерда болалар майдончаси ҳам мавжуд. Яна ҳам эътиборлиси, ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида болаларга қараб турувчи махсус тарбиячилар ҳам бириктирилади. Яъни, сиз ҳам, фарзандингиз ҳам бемалол вақтини чоғ ўтказиши мумкин.

«Riviera Cinema» раҳбари Фаррух Тўлаганов киносарой қурилиши ҳақида шундай деди:

— Мен кино ихлосмандиман. Биласизми, кинозалдан балки кўп фойда олмасман, аммо шу ерда туриб инсон нақадар завқланишини яхши тушунаман. Биз кинозални «Ўзбеккино» билан ҳамкорликда ташкил этдик. Яқин йиллар давомида ҳали бундай лойиҳаларга қўл урилган эмас!

Кинозал раҳбарининг сўзларига қараганда, битта зал махсус инглиз тилидаги филмлар учун ажратилади. «Тошкентда 50 мингга яқин хорижликлар яшайди. Улар ҳам оилавий дам олгиси келади. Ахир кино кўриши учун Америкага бориб келишмайди-ку, тўғрими?! Биз уларга ҳам қулайлик яратишни ўйлаганмиз.

Шунингдек яна хорижий давлат элчилари ва оилалари ҳам бор. Биз ҳаммани киносаройга таклиф этамиз», — дейди Фаррух Тўлаганов.

Очилиш маросимида сўзга чиққан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов ҳам янги кинозалга катта баҳо берди. Маросимдан сўнг «Фариданинг икки минг қўшиғи» филмининг рус тилидаги талқинининг премьераси бўлиб ўтди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг