Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Девони Ҳусайний» – шарқ китобат санъатининг бебаҳо намунаси

«Девони Ҳусайний» – шарқ китобат санъатининг бебаҳо намунаси

Фото: Хуршид Даврон кутубхонаси

2017 йилнинг 28-29 ноябр кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган «Замонлар чорраҳаси: Ўтмишнинг буюк мероси — маърифатли келажак пойдевори» медиа-форуми доирасида халқимизнинг бой маданий мероси дурдоналари саналган, айни пайтда турли хорижий кутубхоналар, илмий муассасаларда сақланаётган бир қатор нодир китобларнинг факсимиле нусхалари Ўзбекистонга келтирилди.

Ўзбек халқи азалдан халқи жаҳон тамаддунида ўзининг муносиб ўрнига эга, буюк алломалари, мутафаккирлари, фозилу шоирлари билан муносиб ҳисса қўшиб келган буюк халқлар сирасига киради. Бугун ҳар биримиз аждодларимиз яратиб қолдирган бебаҳо мерос намуналари билан ҳақли равишда фахрланамиз. Аммо, шу билан биргаликда, бу маънавият дурдоналарини ўқиб-ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш ҳам бугунги авлодлар зиммасидаги муҳим вазифалардандир.

...Тарихда салтанат ва шеъриятни ёнма-ён қўйиб, бир қўлида қилич, бир қўлида қалам тутган ҳукмдорлар кўп ўтган. Хусусан, Темурийлар тарихида табъи назмга эга бўлган тождорлар кўплаб учрайди. Ушбу сулола вакиллари орасидан кўплаб нозиктабъ шоирлар етишиб чиққан. Ҳусайний тахаллуси билан шеърлар битган Хуросон ҳукмдори, Темурийлар сулоласининг вакили Султон Ҳусайн Бойқаро ана шундай подшоҳлар қаторидан ўрин олган.

Аввало унинг таржимаи ҳоли хусусида. Султон Ҳусайн Амир Темурнинг эвараси бўлиб, 1438 йил июл (ҳижрий 842 йил, муҳаррам) ойида Ҳиротнинг шимоли-шарқидаги Давлатхона саройида дунёга келган. Унинг отаси Ғиёсиддин Мансур Бойқаро Мирзонинг учинчи ўғли эди. Бойқаро Мирзонинг отаси эса Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умаршайх (1356-1394), онаси Феруза бегим эса ота томонидан Амир Темурнинг катта қизи Ўги Беги хонимнинг ўғли Султон Ҳусайн Мирзонинг қизи бўлиб, Феруза бегимнинг онаси Қутлуғ Султон бегим эса Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзонинг (1366-1408) қизи эди. Дарҳақиқат, Ҳусайн Бойқаро Заҳириддин Муҳаммад Бобур таърифлаганидек, «каримут-тарафайн», яъни ҳар икки томондан ҳам насаби Амир Темурнинг авлодларидан эди.

1452 йили ёш Ҳусайн Ҳирот ҳукмдори Абулқосим Бобур саройига хизматга киради. Абулқосим Бобур вафотидан сўнг, 1457 йили, Ҳусайн Мирзо саройни тарк этиб, Марв ҳукмдори Санжар Мирзо Марвий саройига хизматга ўтгач, ҳукмдор ўз қизи — 15 ёшли Бека Султонни унга никоҳлаб беради. Бироқ, қайнота билан куёв ўртасига совуқчилик тушиб, саройдан кетишга мажбур бўлади. Шундан сўнг Ҳусайн Мирзо ўн йилдан кўпроқ вақт давомида Хоразм, Хуросон, Астробод, Мозандарон ва Журжон оралиғида саргардонликда умр кечирди. Бу давр мобайнида Темурий шаҳзодаларнинг тожу тахт учун олиб борган ўзаро урушларида Ҳусайн Мирзо ҳам фаол қатнашиб, Ҳирот ҳукмдори Султон Абусаид Мирзо (1424-1469) ҳалокатидан сўнг, 1469 йил 24 март, жума куни Ҳусайн Мирзо тантана билан Ҳиротга кириб келди ва ўша куни Жомеъ масжидида унинг номига хутба ўқилди.

Ҳусайн Бойқаро Темурий ҳукмронлик қилган даврда Хуросон фуқаролари бирмунча осойишта ва фаровон ҳаёт кечиришган. Айниқса, унинг вазири Алишер Навоийнинг саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ, мамлакатда йирик сув иншоотлари, маъмурий ва маданий қурилишлар, мадраса, масжид, карвонсарой, работлар, кўприклар ва шу каби қурилиш ишлари кенг кўламда олиб борилган.

Шу боис Султон Ҳусайн Бойқаронинг ҳукмронлик даврида Ҳирот фан ва маданият марказига айланган эди. Бу даврда илму фаннинг барча жабҳаларида қалам тебратган билимдон олимлар, сўз усталари, адиблар, шоирлар, мусиқашунослар, ҳунарманд наққошлар ва мусаввирлар Ҳиротнинг довруғини жаҳонга машҳур қилганлар.

Султон Ҳусайн Бойқаро Хуросон музофотида, айниқса, Ҳиротда диний ва маданий-маиший биноларни кўплаб қурдирди. Бу қурилишларнинг асосий мутасаддиси сифатида Алишер Навоийни кўрсатиш жоиздир. Шунингдек, шаҳаншоҳнинг яқин кишилари ҳамда бек ва амирлари ўз номларини абадийлаштириш мақсадида масжид, мадраса, работ, кўприк, ҳаммом ва шунга ўхшаш қурилишлар билан шаҳар кўркига кўрк қўшишган. Чунончи, Султон Ҳусайн Бойқаро Гозургоҳ яқинида ўз номига Мадраса, Ҳирот ташқарисида «Боғи байт ул-имон» ва «Боғи Ҳамса оро» боғларини барпо этган. Султон Бадиуззамон Мирзо номи билан аталувчи «Мадрасайи Бадиъа» ҳам Султон Ҳусайн Бойқаро даврининг улкан обидаларидан биридир. Шунингдек, Алишер Навоий ҳам ўз ҳисобидан бир неча маданий-маиший бинолар, чунончи «Сафоия» номли ҳаммом ва «Шифоия» номли касалхона қурдирган.

Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, Хуросонда қирққа яқин йирик иншоотлар Султон Ҳусайн Бойқаро даврида вужудга келган ва Ҳиротга теварак-атрофдан олимлар, шоирлар, адиблар, рассомлар, хаттотлар, мусиқачилар ва бошқа ҳар хил ҳунар аҳли кириб кела бошлаган. Жумладан, ўша даврда табиб Ҳусайн Жарроҳ ичакни кесиб даволашда чумолидан фойдаланиш усулини ихтиро қилган. Устод Саййид Аҳмад Ғижжакий, Устод Шодқули Ғижжакий, Устод Қулмуҳаммад Удий, Устод Ҳусайн Удий, Устод Шайх Ноийлар Хуросонда ном чиқарган етук мусиқашунос алломалардан бўлишган. Наққошлик ва хаттотлик соҳасида Хожа Мирак наққош, Мавлоно Хожа Муҳаммад наққош ва буюк истеъдод соҳиби Устод Камолиддин Беҳзодлар ўз маҳоратлари билан Хуросон фахри ҳисобланган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳусайн Бойқаро замонидаги олимлар, фозил ва шоирлар ҳақида гапириб, уларнинг саромади Мавлоно Абдураҳмон Жомий, шунингдек, Шайхим Суҳайлий, Ҳусайн Али Туфайлий, Осафий, Биноий, Сайфи Бухорий, Мир Ҳусайн Муаммоий, Мулло Муҳаммад Бадахший, Юсуф Бадиий, Оҳий, Шоҳ Ҳусайн Коший, Ҳилолий Аҳлий, Муҳаммад Солиҳ ва бошқалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтади.

Алишер Навоийнинг таъкидлашича, Ҳусайн Бойқаро эски ўзбек тилининг тақдирига бефарқ бўлмаган, унинг ривожи учун қатор чора-тадбирларни амалга оширган. Ёзма туркий тилни ривожлантириш, шу тилда ижод қилишга доир махсус фармон чиқарган. Бу дадил қадам мамлакатнинг сиёсий, ижтимоий ва маданий ҳаётида катта воқеа бўлгани шубҳасиз.

Ҳусайн Бойқаро форсий ва туркий тилларда ғазал битиш иқтидорига эга бўлса-да, асосан туркийда «Ҳусайний» тахаллуси билан ижод этган.

Султон Ҳусайн Бойқаро Хуросон ҳудудини ички ва ташқи душмандан тозалагач, бир фурсат беғамликка, айшу-ишратга берилади. Ҳукмдорнинг сўнгги йиллари мамлакат ичида вужудга келган исёнларни бостириш билан ўтади. Бу исёнлар ўз ўғиллари тарафидан мулк талашиб кўтарилган низо ва можаролардан иборат эди. Аммо шунга қарамай, у қўлидан келганича мамлакатда адолат ва осойишталикни, илм-маърифат ва маданиятни равнақ топтиришга ҳаракат қилган.

1506 йил баҳорида Султон Ҳусайн Бойқаро, хасталигига қарамай, Хуросон қўшинини йиғиб, Муҳаммад Шайбонийхонга қарши Мовароуннаҳр ҳудудига қараб йўл олади. Шаҳаншоҳ Бобо Илоҳий мавзеига етганда, аҳволи оғирлашиб, қўшинни тўхтатишга қарор қилади. 1506 йил 5 май, душанба куни кечқурун салтанат соҳиби Абулғозий Султон Ҳусайн Мирзо Бойқаро сактайи қалб (апоплексия) касали билан 69 ёшида оламдан ўтади.

Шу ўринда Ҳазрат Навоий ва Ҳусайн Бойқаром муносабатларига ҳам бироз ойдинлик киритиб ўтсак. Маълумки, собиқ тузум пайтида Навоий шахсияти ва ижоди ўша давр мафкураси нуқтаи назаридан ўрганилди ва ўргатилди. Ҳазрат Навоий имкон қадар пролетар шоир сиймосини яратишга уринишлар бўлди. Унинг нашр этилган асарларидаги диний жумлалар, ҳамд ва наътлар чиқариб ташланди. Тасаввуфий мазмунга эга байтларидан атеистик мақсадларда фойдаланилди.

Шу билан бирга «буржуа жамияти», «Ҳукмрон табақа» вакили деб талқин этилган Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоий ўртасида сунъий зиддиятлар «яратилди». Ҳозирги қадар томошабинлар эътиборига ҳавола этиб келинаётган экран ва саҳна асарларида ҳам шоҳ ва шоир ўртасидаги қарама-қаршилик ўта даражада бўрттириб кўрсатилди. Бу зиддиятни кучайтириш мақсадида халқ оғзаки ижодидаги Гули образи жонлантирилиб, ундан икки дўст ўртасида адоват манбаи сифатида фойдаланилди. Айниқса, валиаҳд шаҳзода Муъмин Мирзонинг ўлими сабабли Навоий ва Бойқаро муносабатлари батамом якун топгани акс эттирилди.

Албатта, ўтган асрдаги адабиёт ва санъатимиз дарғалари томонидан яратилган Навоий ҳақидаги нодир асарлар ҳозир ҳам ўз қадр-қиммати, аҳамиятини йўқотмай келаётир. Аммо баъзи замондошларимизда ушбу асарлар орқали тарихий ҳақиқат ҳақида нотўғри тасаввур шаклланиб улгурганидан кўз юмиб бўлмайди.

Саройдаги фитналар, айрим амалдорларнинг, вазирларнинг қутқуси туфайли Ҳусайн Бойқаро ўз дўстини бир муддат саройдан узоқлаштиргани, уни Астрободга ҳоким этиб тайинлагани айни ҳақиқат. Бироқ ташқи таъсирлар, сарой аҳлининг қутқулари икки дўст орасига кучли нифоқ уруғини эка олмаган. Акс ҳолда Алишер Навоий кўплаб асарларида ўз қадрдон дўсти учун алоҳида боблар ажратмаган, унинг инсоний фазилатларини сидқидилдан эътироф этмаган бўларди.

Навоий севгилисининг султон ҳарамига келтирилиши саҳнаси ҳам тарихий ҳақиқатга мутлақо зид. Ҳазрат Навоийнинг шахсий ҳаёти, оила қурмай ўтганини айнан ушбу тўқима ҳодиса билан изоҳлаш ҳам собиқ тузум мафкурасининг талабларига тўла-тўкис мос келарди. Табиатан ўта ҳассос, нозиктаъб, покдомон бўлган Ҳазрат Навоий ўта нозик масаладаги бу бу зиддиятдан кейин ҳам Султон Ҳусайн Бойқаро билан умрбод дўст бўлиб қолмаган бўлардилар.

Шаҳзода Мўъмин Мирзонинг хоинларча ўлдирилиши, бу машъум қатлга Ҳусайн Бойқаронинг мастлик ҳолатида муҳр босиши Темурий сулоласи инқирозини янада тезлаштирганини ҳеч ким инкор этмайди. Бу фожиа ҳазрат Навоийни қаттиқ изтиробга солгани турган гап. Зотан, ёш шаҳзоданинг иқтидори, ақл-идроки буюк шоирни бағоят қувонтирарди.

Аммо, Мўъмин Мирзонинг ўлими шоҳ ва шоирни бир-бирида батамом айиргани ёлғон. Ҳазрат Навоий бу машъум фожиада султоннинг айби йўқлигини яхши тушунарди. Султоннинг энг катта айби кейинги пайтларда маишатбозликка, ичкиликка қаттиқ берилгани эди. Бу масалада Ҳазрат Навоий ўз дўстини тўғри йўлга солишга урингани, имкон даражасида уни турли нуқсонлардан асрашга ҳаракат қилгани сезилади. Чунки, бу каби иллатландан холи бўлган, умрини поклик, тақво ва парҳезкорлик билан кечирган мутафаккир бошқаларни, айниқса, яқинларини ҳам шунга далолат қилиши аниқ эди.

Бироқ, Мўъмин Мирзонинг ўлими қанчалар қайғули бўлмасин, Ҳазрат Навоий бу нохушликни тақдир тақозоси сифатида қабул қилди. Бизга таниш асарларда бўлгани каби ҳазрат бу фожиада султонни айблаб, Унинг пушаймонликда адо бўлаёзган қалбига наштар урмади. Аксинча, бу иш ҳақнинг иродаси эканини айтиб, султонга далда берди.

Навоийнинг «Муншаот» тўпламида ушбу воқеа муносабати билан шаҳзоданинг отаси Султон Бадиъуззамон Мирзога ҳамда бобоси Ҳусайн Бойқарога битган мактублари ҳам ўрин олган. Жумладан шоир султонга битган номасида шундай сўзларни ўқиймиз:

«Жигарсўз ҳодисаким, истимои кўзга мужиби хунборлиқ ва ғамандўз воқиаким, иттилои жонға боиси афгорлиғ эрди — етишти. Кўз ашк тўфонидин баҳор ёмғуридек сели андуҳ оқизиб, жон ғусса фиғонидин найсон булутидек ўкурмак оғоз қилди... Аммо «Кулли нафсун зойиқат ул-мавти» шарбатидин ҳеч мутанаффас маоф ва «кулли ман ал-айҳа фана» хилъатидин ҳеч кимарса халос эрмас. Сабрдин ўзга чора ва таҳаммулдин ўзга тадбир топилмас».

Ҳазрат Навоий қисқача мактубга ушбу рубоийни ҳам илова қиладилар:
Гул борди эса, чаман муаттар бўлсун,
Шамъ ўчти эса, қуёш мунаввар бўлсун,
Шаҳзодаға гар равза муяссар бўлди,
Султонға жаҳон мулки мусаххар бўлсун.

Бундан ташқари Ҳазрат Навоийнинг сўнгги дамлари ҳам айнан Ҳусайн Бойқаронинг ёнида кечгани, ҳатто буюк шоир ўз дўстини олис сафардан қайтаётганида, хаста ҳолига қарамасдан кутиб олишга чиққани, шаҳар ташқарисида уни эҳтиром ила қарши олгани ва шу ерда тақдлир тақозоси билан Ҳақ омонатини топширгани ишончли манбаларда зикр этилади.

Хулосаи калом шуки, Ҳазрат Навоийнинг яқин дўсти, маслакдоши Ҳусайн Бойқарога бўлган ихлос ва эҳтироми то сўнгги дамгача уни тарк этмади. Султоннинг туркий тил ва адабиётга бўлган ҳурмати ва рағбати ҳам Навоийнинг унга нисбатан эҳтиромини янада орттирарди. Шу сабабли шоир «Мажолис-ун-нафоис» тазкирасининг саккизинчи мажлисини айнан Ҳусайн Бойқарога бағишлади.

Муаллиф бу асарда султоннинг шеърий иқтидорига баҳо бераркан, унинг шеърларидан бир қанча намуналар келтириб ўтади. Ҳар бир байтни таҳлил қилиб, ундаги бадиийликни, нафосатни кўрсатади. Мазкур бобда шоир Ҳусайн Бойқарони «Салтанат баҳрининг дурри яктоси ва хилофат сипеҳрининг хуршеди жаҳонороси, саховат ҳавосининг абри гуҳарбори ва шижоат бешасининг ҳузабр шикори, адолат чаманининг сарви сарбаланди ва мурувват маъданининг гавҳари аржуманди, кўшиш размгоҳининг Рустами достони ва бахшиш базмгоҳининг Ҳотами замони, фасоҳат илмининг нукта бирла сеҳрсози ва балоғат жаҳонининг диққат била мўъжиза пардози» сингари тавсифу ташбиҳлар билан ёдга олади. У «Ҳусайний» девонини таҳлил этаркан, алифбо тартибидаги ҳар бир ҳарф билан тугаган байтларга ўз муносабатини билдиради.

Шоир туркийгўй шоирлар девон тартибида четлаб ўтадиган, эски ўзбек тилида кам қўлланадиган «се» ҳарфи билан тугайдиган мисралар ҳам айнан Ҳусайн Бойқарода борлигини фахр билан эътироф этади ва ушбу байтни мисол келтиради:
Ёр кўйидин ўтарда кўргузур бу зор макс,
Сўз деса доғи жавобида қилур бисёр макс,

Ҳусайн Бойқаронинг шеърий иқтидори ўз даврининг кўплаб тарихчи ва шоирларининг эътиборидан четда қолмаган. Ҳатто Мовароуннаҳр ва Хуросондан ташқарида ҳам Ҳусайн Боқаронинг шеърят аҳлига бўлган эътибори шуҳрат қозонган. 16 асрда яшаган Озарбайжон шоири Кишварий Навоий ва Ҳусайн Бойқаро ўртасидаги дўстона муносабатларга ҳавас ва армон билан қарагани яққол сезилади:
Кишварий шеъри Навоий шеъридин эксик эмас,
Бахтина душсайди бир Султон Ҳусайни Бойқаро.

Буюк саркарда ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ўзининг «Бобурнома» асарида султон Ҳусайн Бойқаро ҳақида бир қанча фикрларни билдиради: «Султон Ҳусайн Мирзонинг замони ажаб замоне эди, аҳли фазл ва беназир элдин Хуросон, батахсис Ҳирот шаҳри мамлу эди. Ҳар кишинингким бир ишга машғуллуғи бор эрди, ҳиммати ва ғарази ул эрдиким, ул ишни камолға етгургай».

Шунингдек, «Бобурнома» Ҳазрат Навоийнинг сўнгги дамлари ҳақида ҳам сўз юритиб, юқоридаги фикрларни тасдиқлайди:
«Султон Ҳусайн Мирзо Хайробод черикидин ёнғонда истиқболға келди, мирзо била кўрушуб қўлқунча, бир ҳолати бўлди қўлолмади, кўтариб элтдилар. Табиблар асло ташхис қила олмадилар. Тонгласиға-ўқ тангри раҳматиға борди» .

Айни пайтга қадар Ҳусайн Бойқаро ижодий мероси адабиётшунос олимларнинг ҳам эътиборига тушмай қолмади. Жумладан, муҳтарама устозимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Суйима Ғаниева 1991 йили Ҳусайн Бойқаро ғазалларини тўплаб «Жамолингдин кўзум равшан» деган ном остида нашр этдилар. Мазкур нашр дебочасида ёзилганидек, Ҳусайний шеъриятида дунёвий руҳдаги лирика анъаналарига, Алишер Навоий лирикасига таянгани кўзга ташланади. Айни чоғда, унда ижодкорнинг шоирона шуури, бадиий ўткир нигоҳи рўйирост намоён бўлади.

1995 йили адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Афтондил Эркинов ва тарих фанлари доктори Шодмон Воҳидовлар «Шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаро» китобини чоп этишди. Ундан Ҳусайн Бойқаронинг фалсафий мавзудаги “Рисола”си ҳамда девони ўрин олган. Тадқиқотчилар бу китобга Ҳусайн Бойқаро девонининг 1968 йилда Қобулда Муҳаммад Яъқуб Жузжоний томонидан нашр қилинган нусхасини асос қилиб олишган.

«Девоний Ҳусайний»нинг яни бир нусхаси айни пайтда Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербург шаҳридаги Шарқ қўлёзмалари институтида сақланмоқда. 284-рақам остидаги ушбу қўлёзма настаълиқ хатида, сифатли қоғозда кўчирилган ва шоҳона безаклар берилган. Саҳифаларига олтин зарралари сепилган.

Девонда ўта маҳорат билан билан ишланган тўртта миниатюра, нафис нақшлардан ҳосил қилинган иккита зарварақ, Ҳусайн Бойқаронинг турли даврларда битилган 154 та ғазали (шундан иккита ғазали тўлиқ эмас) ўрин олган.

Ушбу тўплам гарчи «Девони Ҳусайний» деб номланган бўлса-да, у девон талабларига тўла-тўкис жавоб бермайди. Зеро, девон унинг умумий мазмуни, муаллифи, яралиш сабаблари ҳақида қисқача маълумот берувчи дебоча, араб алифбоси асосида тартибга солинган турли жанрга оид шеърий асарлардан иборат бўлиши лозим эди.

Маълумотларга кўра, китоб Ҳусайн Бойқаро ва Алишер Навоийнинг ҳаётлик чоғларида, 1490 йилларда битилган. Айрим ғазаллар тўла ёзилмаганига қараганда, ушбу тўплам тузилган чоғда бу ғазалар ҳали тугалланмаган бўлган. Қолаверса, 1968 йили Қобулда нашр қилинган девондаги элликка яқин ғазал бу тўпламдан ўрин олмаган.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, тўплам ҳали Ҳусайн Бойқаро девон тартиб қилиб улгурмаган бир пайтда, недир муносабат билан шошилинч тарзда тузилган. Ғазаллар матнидаги айрим имловий хатолар, баъзи сўзлар ва байтлар (эҳтимол улар кейинчалик қўшилгандир)нинг тушириб қолдирилгани ҳам шундан далолат беради. Китоб ўз даврининг машҳур котиби, асосан Ҳазрат Навойининг қўлёзмаларини кўриш орқали шуҳрат топган «қиблатул-куттоб» Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилгани тахмин қилинади.

Шу билан бирга мазкур тўпламда айрим ғазалларнинг Қобул нашрида учрамайдиган парчаларини ҳам учратишга муваффақ бўлдик.

Китоб ўзининг шоҳона бадиий безаклари, шакл-шамойили, нақш ва миниатюраларининг бежиримлиги билан шарқ китобат санъатининг бебаҳо дурдонаси бўла олади. Шунингдек, бу китоб Темурий даври маданияти, хусусан, хаттотлик, тасвирий санъат ва ва китобат санъати хусусида муайян тасаввур уйғотади.

Ушбу нодир тўплам тузилган вақтга назар солсак, унга Ҳазрат Навоийнинг ҳам муборак назарлари тушган бўлиши мумкин. Мазкур тўпламдаги айрим ғазаллар айнан ул зотнинг тавсиялари билан таҳрир қилинган, тўлдирилган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Зотан, Ҳусайнийнинг кўплаб ғазалларида Алишар Навоий ижодига ихлос ва унга интилиш яққол сезилиб туради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг