Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Фарғонада «Энг маърифатли имом» танлови бўлиб ўтди

Фарғонада «Энг маърифатли имом» танлови бўлиб ўтди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан ҳар йили юртимиздаги барча жоме масжидларнинг имом-хатиблари ўртасида «Йил имоми» танлови ўтказиб келинади. Идоранинг жорий йил 10 сентябрдаги 01А/092-сонли буйруғига асосан «Йил имоми» танлови негизида «Энг маърифатли имом» танловини ўтказиш белгиланди.

Танловни ўтказишдан мақсад бугунги тараққиёт талабларига жавоб берадиган, илмий салоҳияти юқори, касбий маҳорат соҳиби, ташаббускор, илғор фикрли, инновацион ғояларни ўзида жамлаган, замонавий ахборот технологияларидан етарлича фойдалана оладиган, энг муҳими, юртимизда диний соҳада амалга оширилаётган улкан ташаббусларни кенг халқ оммасига етказиш қобилиятига эга имом-хатибларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришдан иборат.

Танловнинг қуйи, яъни туман (шаҳар) босқичлари жорий йилнинг сентябрь ойида республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилди.

Танловнинг Фарғона вилояти босқичи 10 октябрь куни Қувасой шаҳридаги «Ислом» жоме масжидида ўтказилди. Анъанага кўра, танлов Қуръони карим тиловати билан бошланди. Танловнинг Фарғона вилоятида туман ва шаҳарларда биринчи ўринни қўлга киритган 19 нафар имом-хатиб иштирок этди.

Танловнинг биринчи шарти Қуръони Каримдан бир оятни тиловат қилиб, унинг тафсири ва нозил бўлиш сабабларини сўзлаб бериш бўлса, иккинчи шарти билетда кўрсатилган оятни ўқиб, тажвид қоидаларини айтиб бериш; учинчиси, Имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг “Фиқҳул акбар” китобидан бирор матн ўқиб, уни таржима қилиб бериш; тўртинчи шарт эса, билетда кўрсатилган ҳадисни ўқиб, унинг маъносини айтиб бериш; бешинчиси, фиқҳга оид саволга жавоб қайтариш; олтинчиси, “Мухтасарул виқоя” китобининг матнини ўқиб, шарҳлаб беришдан иборат.

Ҳакамлар ҳайъатининг якдил хулосасига кўра, биринчи ўрин Марғилон шаҳридаги «Худоёр ҳожи» жоме масжиди имом ноиби Абдувоҳид Аҳмадалиевга насиб этди.

Иккита иккинчи ўринга эса Фарғона туманидаги «Ҳувайдо» масжиди имом-хатиби Давронбек Усмонов ҳамда Тошлоқ туманидаги «Абу Ҳанифа» жоме масжиди имом ноиби Абдужаббор Мадраҳимовга лойиқ кўрилди.

Иккита учинчи ўринни Данғара туманидаги «Муҳаммад Саид хўжа» жоме масжиди имом-хатиби Шерзод Аҳмедов ва Учкўприк туманидаги «Шоҳ Муқаддам» жоме масжиди имом-хатиби Жалолиддин Маматқулов банд этди.

Шунингдек, танловда «Энг маърифатли имом» танловининг Фарғона вилояти босқичида “Энг тарғиботчи имом”, Энг таъсирли ижодий иш”, “Энг хушовоз муаззин”, “Энг ишбилармон мутавалли”, “Энг миришкор боғбон”, “Энг намунали таҳоратхона”, “Энг замонавий қоровулхона”, “Энг бой кутубхона” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

«Энг маърифатли имом» танловининг Фарғона вилояти босқичида биринчи ўринни қўлга киритган имом танловнинг шу йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган республика босқичида иштирок этади. Танловнинг вилоят босқичлари давом этади.

Толибжон НИЗОМОВ

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг